Xiaomi Mi5: ажойиб нархдаги узоқ кутилган флагман

Xiaomi Mi5: ажойиб нархдаги узоқ кутилган флагман

Xiaomi Mi5 флагмани бугунги кун учун идеал қурилма. У топ-хусусиятлар (энг кучли Qualcomm Snapdragon 820 процессор), оптик барқарорлаштирувчи камера, бармоқ изи сканерига эга. Буларнинг барчаси учун 400 доллар тўлаш керак холос. Қуйидаги батафсил таҳлилда эса унга нисбатан билдирилган ижобий ва салбий хулосаларни кўришингиз мумкин.

Дизайндаги кичик оралиқ

Янги смартфон аввалги Mi4 ўтмишдоши билан солиштирилса, дизайн жиҳатдан анча одимлаганини кўриш мумкин. Қурилма ташқи томондан Galaxy S7га жуда ўхшаб кетади. Орқадаги ойнали панелининг қирралари букилган, “Уй” тугмачаси эса механик тарзда ишлаб чиқилган. Бироқ уни босиш бир оз ноқулай экани айтилмоқда: жуда қаттиқ ва тор. Шундай бўлса ҳам, қора, оқ ва олтин рангларда чиқариладиган смартфоннинг кўриниши қимматбаҳо турдошлариникидан қолишмайди.

Кўпчилик Xiaomi фойдаланувчилари смартфонлар корпусининг ғичирлашидан шикоят қилишади. Аммо Mi5да бундай муаммо йўқ: эҳтимол бу металл билан ҳошиялангани ҳисобига бартараф этилгандир. Смартфон тезкор қувватлаш тизими билан таъминланган бўлиб, батареяси 80 дақиқада тўлади.

Бармоқ изи сканери ҳам ёмон таассурот уйғотмайди: бармоқларни аниқ танийди, ишлашида ҳам тўхталишлар кузатилмайди.

2016 йил флагманлари каби (Samsung Galaxy S7, LG G5), Mi5 ҳам Qualcomm Snapdragon 820 топ-процессори ва модификациясига қараб 3 ёки 4 Гб тезкор хотирага эга бўлди. Унда график тасвирлари энг мураккаб бўлган ўйинларни ҳам (масалан, Dead Trigger 2, Asphalt 8) ҳеч қандай қийинчиликларсиз ўйнаш мумкин. Бундай ўйинлар билан машғул бўлганда смартфоннинг қизимаслиги эътиборлидир.

Флагман ички хотираси 32/64/128 Гб бўлган талқинларда савдога чиқарилади. Энг қиммат саналган 128 Гб талқинида тезкор хотира 4 Гб, шунингдек, орқа панели ойна эмас, балки керамика (сопол)дан тайёрланган. Смартфоннинг доимий хотирасини кенгайтириш имконсиз, аммо унга иккита сим карта жойлаштириш мумкин.

Синовлар вақтида смартфон интернетда ҳеч қандай муаммоларсиз ишлаган, суҳбатдошнинг овози ҳам тиниқ эшитилган.

Экран

5,15 дюймли IPS-экранда ранглар хилма-хиллиги, кенг кўриш бурчаги ва ёруғликнинг катта диапазони яхши таассурот қолдиради. Тўлиқ қоронғулик вақтида энг кам ёруғлик даражаси кўзларни ортиқча қийнамайди, тўлиқ ёритилган экран эса айни ёз вақтида қуёш нурлари остида ҳам экрандаги тасвирларни намоён этиб туради. Samsung ва LG билан солиштирганда, Xiaomi рақамлар ортидан қувмасликни маъқул кўргани кўзга ташланади, шунинг учун экран сиғими одатий — Full-HD. Мазкур форматни QHD`дан деярли фарқлаш имконсиз бўлгани учун ҳам Хитой ишлаб чиқарувчисига таҳсин айтиш мумкин. Чунки экран сиғими қанчалик катта бўлса, процессор ресурслари унга шунчалик кўп сарфланади ва натижада смартфон самарадорлиги бир оз пасаяди.

Дастурий қоплама (интерфейс)

Дастурий қоплама, компаниянинг шахсий ички интерфейси Xiaomi смартфонларининг энг оғриқли нуқтаси ҳисобланади. Смартфонга янги Android 6.0 операцион системаси ўрнатилганига қарамасдан, Xiaomi дастурий қопламаси – MIUI бир қатор камчиликлардан ҳоли эмас. Аввало ютуқлари тўғрисида тўхталиб ўтсак: анимациялар ажойиб, интерфейс ҳам ўзига хос. Созламаларнинг қулай ва хилма-хил экани ҳам айни муддао.

Аммо Xiaomi смартфонлари Ўзбекистонда расман сотилмаслигини ҳисобга олсак, асосан буюртма асосида келтирилган қурилмани келганиданоқ қайта дастурлаш (прошивка қилиш)га тўғри келади. Чунки унга кўпчилик биладиган рус тили ҳам ўрнатилмаган. Қайта дастурлаш мобайнида айрим иловалар, бизнинг шароитда фойдаланиш имконсиз бўлгани боис (Хитой стандартлари назарда тутилмоқда), ўчирилиши мақсадга мувофиқ.

Батарея

Аккумуляторнинг сиғимининг 3000 мАсоат (Xperia X Performance ва LG G5га қараганда бирмунча яхши) экани 5,1 дюйм экранли смартфонлар учун яхши кўрсаткич. Бироқ синовлар мобайнида тинимсиз ўйин ўйналганида батарея 4,5 соатга, Full-HD видео томоша қилганда эса 4 соатга етгани аниқланди.

Шунингдек, интернетга тинимсиз уланган ҳолатда аккумуляторни ҳар 6 соатда электр тармоғига улашга тўғри келиши ойдинлашди. Иловаларнинг фон режимида маълумот юклашини чеклаб, электр сарфини тежаган тақдирингизда ҳам смартфон батареяси қувватини узоққа етказиш мушкул. Барчасига оптимизациянинг ёмонлиги сабаб қилиб кўрсатилмоқда.

Камера

Xiaomi Mi5нинг асосий камераси 16 Мп. Сўнгги моделда Xiaomi асосий урғуни оптик барқарорлаштиришга қаратди, шунинг учун ҳам унга бағишланган роликда Xiaomi Mi5 стабилизацияси iPhone 6S ва 6S Plus билан солиштирилган.

Видеодан кўриш мумкинки, Xiaomi Mi5 оптик стабилизацияси iPhone 6S Plus`дан бир бош устун туради. Амалда ҳам смартфон видеога ажойиб тарзда олади, автофокус ҳам чаққонлик билан ишлайди.

Фото сифатида ҳам флагманларга хос, аммо тасвирларда “шовқин”лар учрайди. HDR режимида улар камроқ. Умуман олганда эса барчаси жойида. Ранглар бўёқдор бўлиб, тасвир тафсилотлари (детализацияси) баландроқ.

Макро режими ҳам кўпчиликка маъқул келса керак: объектлар 6 сантиметр масофадан фокусланишни бошлайди. Демак, ёзда кичик капалакларни ҳам яқиндан сифатли суратга олиш мумкин. Камера модулларини эса Sony компанияси етказиб берган. Умид қилиш мумкинки, Xiaomi камералар сифатини тез орада LG G4 ва Samsung Galaxy S7 даражасига чиқара олади.

Селфи иштиёқмандлари ҳам хурсанд бўлишлари мумкин. Олд камера ёрқин ва тиниқ суратга олишга мўлжалланган.

Хулоса

Xiaomi Mi5 — илғор техник хусусиятларга эга истиқболли камера билан таъминланган ажойиб қурилма. У ўзининг дизайни ва мақбул нархи билан фахрлана олади. Qualcomm Snapdragon 820 ўрнатилган флагманнинг 400 доллардан сотилиши, бу — ажойиб! Бироқ қурилманинг энг асосий нуқсони — оптимизацияси яхши бўлмаган дастурий қопламадаги кўп сонли хатоликлар ва батарея.

Xiaomi Mi5нинг энг яқин сафдошлари, бу — Samsung S7 ва LG G5 смартфонлари унга қараганда қарийб икки баробар қиммат туради. Ҳа, S7да сув ва чангдан ҳимоя, ажойиб интерфейс ва кучли камера мавжуд. LG батареяси кичик сиғимли бўлса ҳам узоқроқ ишлайди, дастурий қопламаси ҳам ёмон эмас. Sony Xperia X Performance эса ҳали сотувга чиққанича йўқ.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

olx.uz 2,7 млн. сўм Сотиб олиш
asaxiy.uz 2,794,000 сўм Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги