Xiaomi Mi5: мукаммаллик ва ҳашам касб этган ҳамёнбоп флагман

Xiaomi Mi5: мукаммаллик ва ҳашам касб этган ҳамёнбоп флагман

Намойиш этилган вақти: 2016 йил, февраль

Ишлаб чиқарувчи: Xiaomi компанияси

Xiaomi Mi5 ҳақидаги илк гап-сўзлар 2014 йил якунида қулоққа чалина бошланган эди. Аммо Xiaomi 2015 йилда смартфонлари туркумини янгилаган, навбатдаги планшетини тақдим этган бўлса ҳам, янги флагман тўғрисида жамоатчиликка лом-мим демади. Ниҳоят, компания супер флагманга оид сукутини 2016 йилда ўтган Жаҳон мобиль конгрессида бузди. Xiaomi ўзининг узоқ кутилган Mi5 флагманини эксперт ва инсайдерлар эътиборига ҳавола қилди.

Xiaomi Mi5 ҳақида қисқа тавсиф

Экран: IPS, 5,15″, 1920×1080, 428 ppi, сенсор сиғимли, мультитач технологияси татбиқ этилган.

Процессор: 4 ядроли, 64 битли Qualcomm Snapdragon 820, 1,8 ГГц частота тезлигида.

График-тасвир ёрдамчи процессори: Adreno 530.

Операцион тизим: Android 6.0 Marshmallow’нинг мослаштирилган MIUI 7 талқини.

Оператив хотира: 3/4 ГБ.

Доимий ички хотира: 32/128 ГБ.

Алоқа: GSM: 850/900/1800/1900 МГц || UMTS: 850/900/1900/2000/2100 МГц || LTE: 1, 3, 5, 7, 38, 39, 40, 41.

SIM: 2та Nano-SIM, Dual SIM Dual Standby (DSDS).

Симсиз интерфейс: Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac, Bluetooth 4.1, NFC, ИК-порт.

Навигация: GPS, ГЛОНАСС, Beidou.

Камералар: бош — 16 Мп (суратни оптик барқарорлаштириш тизими, 2 тусли LED-фоточақноқ), олд камера — 4 Мп.

Датчиклар: ёруғлик, масофа-оралиқ, акселерометр, микрогироскоп, компас, Холл датчиги, барометр, бармоқ излари сканери.

Аккумулятор: 3000 мА соат, ажралмас.

Ўлчамлари: 144,55 x 69,2 x 7,25 мм.

Оғирлиги: 129 грамм.

Батафсил тавсиф

Упаковка ва комплектация

Смартфон комплектида гаджет, 2,5 амперли қувватлаш адаптери, USB Type-C кабели, «скрепка» ва ҳужжат-қўлланмалар мавжуд.

Ташқи кўриниш ва дизайн

5.15 дюймли Xiaomi Mi5 бозорга 3 турдаги турли модификацияда чиқарилган: «содда» (3/32 ГБ), стандарт (4/64 ГБ) ва максималь (4/128 ГБ) талқинларда. “Содда” ва стандарт талқинлар қора, оқ ва тилларанг корпусли версияларда ишлаб чиқарилади. Энг юқори талқин эса фақатгина қора ранг корпусда ишлаб чиқарилади. Унинг орқа панели керамикадан тайёрланган. Биз қуйида ҳаммабоп ва оммабоп бўлган “содда” талқиндаги флагманга тавсиф берамиз.

Бир қараганда Mi5 сизга инновацион Galaxy S7 флагманини эслатиб юборса ажаб эмас.

Унинг шиша уйғунлигидаги орқа панели нафис қайрилма ҳошияларга эга. Қурилма ихчам бўлгани бои кафтда мустаҳкам ўрнашади. У ташқи кўринишидан ҳашамдор ва қиммат смартфонларни эслатиб юборади.

Корпуснинг олд панели, экраннинг юқори қисмида мулоқот динамиги, унинг чап томонидан компаниянинг кулранг логотипи, ёруғлик ва оралиқ-масофа датчиги ҳамда ўнг томонидан олд камера жой эгаллаган.

3

Экраннинг қуйи қисмида эса “Бош меню” тугмаси ва “Меню”, «Орқага» сенсор тугмалари мавжуд.

Экраннинг ўнг биқинида қурилмани ёқиш/блокировка қилиш ҳамда овозни бошқариш тугмаси ўрин олган. Экраннинг чап биқинидан эса SIM-карта учун 2 та бўлмача ажратилган.

Корпуснинг том қисмидан 3,5 мм.ли аудио коннектор, смартфонни компьютер ва бошқа қурилмалар билан симсиз улашда хизмат қиладиган инфрақизил порт, микрофон туйнукчаси мавжуд.

Корпуснинг қуйи қисмидан USB Type-C порти, унинг икки ёнидан динамиклар учун жой ажратилган.

Xiaomi Mi5 корпуси олий даражали флагманларга хос услуб ва маҳоратда йиғилган.

02

Корпуснинг қирралари ясси шаклда. Xiaomi фойдаланувчилари одатда корпуснинг ғирч-ғирчидан шикоят қилишар эди. Аммо, металл ҳошиялар эвазига Mi5 гаджети бу муаммодан холи. Гаджетнинг монолит корпуси 1 мм.га бўлса ҳам ўз ўрнидан силжимайди.

Ён ромлар металлдан тайёрланган. Корпуснинг орқа олд томонлари бармоқ ва ёғ доғларига бардошли Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси билан қопланган. Шу сабабли экрандаги бармоқ изларини осонлик билан кетказиш мумкин.

Экран

Xiaomi Mi5 флагмани 5,15 дюймли IPS-матрица фаолият кўрсатувчи, сиғими 1980 х 1080 пиксел (ҳар дюймда 428 та белги)га тенг Full HD намойишли экран билан таъминланган. Экран бир вақтнинг ўзида 10 тагача чертиш таъсирини сеза олади. Экран Gorilla Glass 4 ҳимоя шишаси қопламасига эга.

Смарфон дисплейини айни пайтда смартфон саноатида ишлатиладиган энг яхши дисплейлар сирасига киритиш мумкин. Тўғри, у 4К ёки Quad HD бўлмаслиги мумкин, бироқ 5 дюймли экран учун айни мос сифатларга эга. Экранда тасвирнинг акс этиши энг юқори даражада аниқ ва ёрқин.

Экран ости ёруғлиги учун унга 16 та светодиод ўрнатилган. Экран NTSC ранг гаммасининг 95 фоиз ранг турини фарқлай олади. Натижада турли ранглар мутаносиблиги аниқ-равшан кўринади. Сурат маркази қанчалар тиниқ бўлса, унинг чеккалари ҳам шу сифатда намоён бўлади.

Экранда татбиқ этилган кўзни олувчи шуълаларни пасайтириш функцияси  ва етарли ёруғлик заҳираси туфайли сиз тасвирни экранда эмас, гўё қоғозда акс этган рангли тасвир каби томоша қиласиз.

Дисплейни созлаш дастури рангларни бошқариш, тасвирни янада “илиқ” ёки “совуқ” тусга келтиришга ёрдам беради.

Интерфейс

Смартфон Android 6.0 Marshmallow операцион тизимининг мослаштирилган MIUI 7 интерфейси бошқаурвида фаолият кўрсатади.

MIUI интерфейсининг муҳим афзаллиги шундаки, Xiaomi томонидан прошивканинг янгиланган талқини ҳар ҳафта тақдим этиб борилади. Яъни, қурилма эски қурилмаларини ҳам ташлаб қўймайди. Xiaomi интерфейсига нисбатан фойдаланувчиларда яхши фикр-мулоҳаза шаклланган. У ўзида iOS ва Android тизимининг энг яхши тажрибаларини мужассам қила олган.

MIUI талқини Хитой маҳсулоти бўлгани боис, бизнинг шароитда унинг инглиз тилидаги прошивкасини топиш осонроқ. Интернетда Mi5 учун рус тилидаги барқарор прошивкаларни ҳам топса бўлади.

MIUI интерфейсида иловалар учун алоҳида меню мавжуд эмас. Уларнинг барчаси бош менюдан ўрин олади. Унинг яна бир муҳим жиҳати махсус файллар менежери ва Security иловаларининг мавжудлиги. Security иловаси смартфонни вируслардан ҳимоя қилади. Бу иловалар иловаларнинг қувват ейиш даражасини, иловаларни ўрнатиш, алоқаларни “қора рўйхат”га киритиш, кераксиз файлларни тозалаш каби ишларни амалга оширади.

One-handed режими эса «Бош тугмани» бош бармоқ билан чапга ёки ўнгга ишқалаш орқали экранни ўша томонга янада кичрайтириш имкони туғилади ва қурилмани 1 қўлда бошқариш мумкин бўлади. Экран ўлчами 3,5, 4 ёки 4,5 дюймгача кичраяди.

“Мутолаа” режими эса экрандаги кўзга зарар бўлган кўк ранг даражасини пасайтириб, китоб ўқиш учун қулай шароит яратади.

LED-индикатордан хат, қўнғироқ, ижтимоий тармоқлар ва бошқа огоҳлантиришлар учун созлаш мумкин.  Экрандаги виртуал Android-тугмачаси орқали овозни ҳам бошқариш мумкин.

Платформа

Xiaomi Mi5 смартфони мобиль технологияларнинг ишлаш самарадорлигини синовдан ўтказувчи AnTuTu бенчмаркида расман 1-ўринда турибди. У синовда 136875 балл тўплаган. Унинг “содда” талқини эса 109897 балл олган.

2016 йилнинг Samsung Galaxy S7, LG G5 флагманлари каби, Mi5 илғор Qualcomm Snapdragon 820 процессор ва талқинидан келиб чиқиб, 3 ёки 4 ГБ оператив хотирада ишлаб чиқарилмоқда. Бу дегани унда Dead Trigger 2, Asphalt 8 каби график-тасвирга бой ўйинларни ҳам бемалол ўйнаш мумкин. Яна бир яхши томони – ўйин ўйнаганда смартфон қизиб кетмайди.

Mi5 мобиль алоқа воситасининг “стандарт” талқинидаги процессор 4 ядроли бўлиб, 2 ядроси 1,8 ГГц, яна 2 ядроси  1.36 ГГц частота тезлигида ишлайди.

Шунингдек, бошқа талқинда 2.15 ГГц частота тезлигигача ишлайдиган 2 ядро,  1.6 ГГц тезлигигача ишлайдиган яна 2 ядрога эга.

Мобиль телефонда Adreno 530 график-тасвир процессори ўрнатилган.

Asphalt 8, Modern Combat 5, Godfire ва WoT Blitz каби график ўйинларни ҳам ўйин приставкаларида ўйнагандек енгил ва узлуксиз ўйнаш мумкин. Умуман олганда, Adreno 530 — ўз ишини қойилмақом қилиб бажаради.

Доимий ички хотира талқинидан келиб чиқиб,  32/64/128 ГБни ташкил этади. 128 ГБ доимий хотира талқини 4 ГБ техкор хотирага эга бўлиб, бу талқин корпусининг орқа панели  шиша ўрнига керамикадан тайёрланган. Тезкор хотира 2 каналли LPDDR4 туридаги, 1296 МГц частота тезлигида ишлайди.

Гарчи, қўшимча хотира бўлмачаси йўқ бўлса ҳам, смартфоннинг 2 та сим картани қўллаб-қувватлаши кўпчилик учун айни муддао.

Mi5’да замонавий UFC 2.0 флеш-хотира модули татбиқ қилинган бўлиб, у анъанавий eMMC 5.0. модулидан 87% тезроқ ишлайди.

Смартфонда 720р ва 1080р сиғимли видеоларни онлайн ва офлайн режимларда бир хил, силлиқ томоша қилиш мумкин. Синов вақтида смартфон 12 ГБ ҳажмда, 1080р сиғимли бўлган MKV-файлни ҳеч бир қийинчиликсиз ўқий олди.

Корпуснинг ост қисмида ўрнатилган динамиклар баланд ва сифатли овоз етказиб беришда маҳоратли. Овозда ҳеч бир ортиқча шовқин сезилмайди.

Смартфоннинг “Бош тугма”га ўрнатилган бармоқ излари сканери ҳам тезкорлик билан ишлайди. Бармоқ изини тушириш учун аввалига унга бармоқни 7 маротаба қўйиш керак бўлади.

Қурилмани блокировкадан чиқариш учун эса “Бош тугма”ни босиш кифоя. Бармоқ тегиши билан сония ўтмасдан тизим ишга тушади.

03

Камера

Xiaomi Mi5 флагмани Sony IXM298’нинг 16 мегапикселли сенсори ўрнатилган. У  оптик прибори  f/2.0 диафрагмали, 6 линзали объективдан иборат. Камерада фазали автофокус, оптик барқарорлаштириш функцияси, 2 тусли светодиод фоточақноқ мавжуд.

Айниқса, камеранинг 4 ўқлик барқарорлаштиргичи намойиш чоғида эътиборни тортди. Мазкур технологияда камера модули 8 йўналишда ҳаракатни барқарорлаштиради. Бу эса камера титрашидан юзага келадиган камчиликни олдини олиб, сифатли сурат олишни таъминлайди. Намойиш чоғида унда олинган суратлар бошқа флагманларда олинган суратлар билан қиёслаб кўрилди.  Барчаси Mi5 фойдасига ҳал бўлди.

Шунингдек, DTI – пикселларни ажратиш технологияси дастури ишлаб чиқилган бўлиб, у пиксель рангининг қоришиб кетишини бартараф қилади.

Олд камера 4 МП сиғимли. Сенсорнинг ёруғлик қамрови кенг бўлгани учун унда пиксель ҳажми 2 микронгача катталашади. Олд камера объективи f/2.0 апертураси ва 80 градусли бурчакка эга.

Камера кундузги шароитда ҳам, тунда ҳам сифатли сурат олади. Автофокус аниқ ва тезкор ишлайди.  Auto HDR режими ёруғлик даражасидан келиб чиқиб, мустақил ёритишни амалга оширади. HDR режимида олинган тунги суратлар гўё кундуз олингандек таассурот қолдиради. Осмонни инобатга олмаса, бошқа объектлар аниқ-тиниқ намоён бўлади.

Камера иловаси интерфейси максималь даражада содда қилиб ишланган. Унда 6 та иконка мавжуд бўлади: суратга олиш, «Галерея»га ўтиш, видеони ёқиш,  HDR (Off, On, Auto) режими, фоточақноқ, олд камерани ёқиш.

Унда 9 та суратга олиш режими мавжуд: панорама, таймер, овозли суратга олиш, “қўлда” режими, авто кадр танлаш, Beauty (юзни янада силлиқ ва равшан кўрсатади), тунги режим, Tilt-Shift ва бошқалар.

Қуйидаги суратларга ўзингиз баҳо беринг.

Камера 4K (частота тезлиги секундига 30 кадр) сиғимли видео, секинлаштирилган HD-сиғимли видео ёзиш имконига эга.

Коммуникация

Xiaomi Mi5 симсиз алоқанинг энг сўнгги технологияларида ишлашга мўлжалланган. Жумладан,  MU-MIMO технологиясида Wi-Fi 802.11 a/b/g/n/ac (2,4 ГГц ва 5 ГГц) модули, Bluetooth’нинг 4.2 талқини ва NFC технологияси. Wi-Fi-модули Wi-Fi Display ва Wi-Fi Direct технологиясидан фойдаланишни ҳам таъминлайди. Яъни маълумотларни дисплей ёрдамида симсиз алмашиш мумкин.

Xiaomi Mi5 қўллаб-қувватлайдиган ҳар иккала Nano SIM-карталари 3G ва 4G алоқа тармоғида бир вақтнинг ўзида ишлаши мумкин.

Шунингдек, инфрақизил портдан ҳам маълумот алмашишда фойдаланиш мумкин. Бунинг учун қурилмада барча қурилмаларда ишлайдиган MI Remote иловаси ўрнатилган.

Девайс 4G LTE-A (юклаб олиш тезлиги 600 Мбит/с), VoLTE технологияси,  Dual Standby режимида 2 та сим картани қўллаб-қувватлайди. Навигацион тизим эса 3 та сунъий йўлдош тизимига улана олади: Американинг GPS, Россиянинг ГЛОНАСС ва Хитойнинг Beidou.

Куч-қувват манбаи

Mi5 флагмани 3000 мА соат қувват сиғимига эга бўлган ажралмас аккумулятор билан таъминланган. QuickCharge 3.0 тезкор қувватлаш функциясига эга бўлса ҳам, 2,5 амперли адаптер ва USB Type-C кабели смартфонни тез қувватлаш бўйича рекорд ўрната олмайди. Аккумуляторни тўла қувватлаш учун  1 соат 50 дақиқа керак бўлади.

Шундай бўлса ҳам, смартфон қувватни сарфлашда тежамкор. AnTuTu  бенчмарки бу борада уни 7407 балл билан баҳолаган. Яъни, аксари флагманлар тўплаган ўртача балл 4500–5000 эканини ҳисобга олсак, бу яхши натижа.

Тўла қувват Mi5’га тўхтовсиз 8 соат мобайнида  интернетда ишлаш, иловалар билан ишлашга етади.

Графикага бой ўйинларни Wi-Fi тармоғини ёқиб, экранни ўртача ёритиб ўйнаганда ҳам 1 соат мобайнида қурилма 22% қувватни ейди. «Парвоз» режимида энг юқори ёруғлик даражасида смартфон 12,5 соат видео ўқий олади.

Шу билан бирга, смартфонда мавжуд бир ққанча илова ҳамда функциялар ёрдамида унинг қувват истеъмолини бошқариш, назорат қилиш мумкин.

Нарх-наво

Xiaomi Mi5 халқаро бозорда 320-545 АҚШ долларидан сотилмоқда. Яъни, рақибларидан анча-мунча арзон нархда. Инсоф доирасида қўйилаётган нарх-наво компанияга даромад ҳам, нуфуз ва фойдаланувчини ишончини олиб келмоқда.

Хулоса

Xiaomi Mi5 — бу жаҳоннинг камида энг яхши смартфонлари бешлигидан ўрин эгаллашга муносиб супер флагмани. Xiaomi компанияси MI5 учун энг ва энг яхши жиҳатларини жам қилган: кучли ва сермаҳсул процессор,  жуда сифатли экран, зўр камера, тезкор қувват оладиган аккумулятор, нафис ва пишиқ корпус, 2 та SIM-карта, бармоқ излари сканери. Муҳими, Xiaomi Mi5 шу имкониятларга эга флагманлардан 2 марта арзон.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

www.asaxiy.uz 2,794,000 сўм (64 Гб) Сотиб олиш
www.olx.uz $300 (32 Гб) Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!