Xiaomi Mi5S: номдор смартфонларни уялтирган “хитойлик”

Xiaomi Mi5S: номдор смартфонларни уялтирган “хитойлик”

Нега Xiaomi қисқа вақт ичида бу қадар оммалашди? Бу саволнинг жавоби битта – компания кучли электроника маҳсулотларини ярим баҳосида сотади. 2016 йилда жаҳон миқёсида тан олинган смартфонлардан бири – Mi5S ажойиб дизайни, Qualcomm’нинг бугунда ҳам энг кучли процессорларидан бирига эгалиги, 4 гигабайт оператив хотира, жаҳондаги илк ультра товушли бармоқ излари сканери билан таъминлангани ҳамда бошқа қатор жиҳатлари билан смартфон бозорида тезкор оммалашди. Xiaomi уни 1900 юан, тахминан 2 млн. сўм баҳосида сотувга чиқарган.

 

Дизайн

Xiaomi Mi5S тарғиботига бағишланган илк суратнинг ўзиёқ кўпчиликнинг диққатини тортган эди. Уни барча жаҳондаги илк тугмасиз экранли смартфон бўлишини кутган эди. Жилосиз металл хомашёсидан тайёрланган корпус силлиқ ва унинг экран билан ҳошиялари юпқа ялтироқ қиррага эга.

Xiaomi Mi5S’даги “Home” бош меню тугмаси ўрнини экран қуйисида жойлашган сенсор ботиқ эгаллади. Шиша қопламага эга бу сенсорда бармоқ излари сканери жойлашган. Mi5S жаҳондаги ультра товуш орқали ишлайдиган илк смартфондир. Бу сканер бармоқ нам бўлганда ҳам ишлайверади. Бу ботиққа бармоқ босилганида бармоққа урилган қон босими ёрдамида сенсор бармоқ изларини сканер қилади. Унинг ишлаши барқарор ва бехатолиги билан кўпчиликнинг эътирофига сабаб бўлган.

Кўпчилик харидорлар Mi5S’нинг қора корпусли версиясини маъқул кўришади. Сабаби, қора талқинда экран атрофидаги қора ҳошия у қадар сезилмайди.  Девайс экранида 2,5D эффектига эга букик ҳимоя шишасидан фойдаланилган. Mi5’да ана шу дизайн жиҳати етмаган эди.

Mi 5s’ни қўлга олар экансиз, хитойлик компаниянинг гўёки кореялик рақибининг Samsung Galaxy S7 EDGE смартфонидан илҳом олгандек: корпуснинг орқа томони S7’ники каби қайрилма услубда тайёрланган. EDGE’дан фарқи — шиша эмас, алюминийдан тайёрланган.

Олд панел эса сезилар-сезилмас услубда букик дисплейга эга. Назаримда, бу айни муддао. S7 EDGE фойдаланувчилари экраннинг букиклиги боис уни қўлдан тушириб юборишларидан кўп шикоят қилишади. Mi 5s’да бундай муаммо йўқ.

Смартфон 4 рангдаги талқинда: кумуш, тим қора-кулранг, тилла ранг ва пушти ранг корпусларда ишлаб чиқарилади.

Mi 5s дисплейнинг устки қисмидан олд камера модули, суҳбат динамики ҳамда ёруғлик ва оралиқ-масофа, чироқли  индикаторнинг туйнуклари учун жой ажратилган.

Экран қуйисида 3 та сенсор тугма мавжуд: «сўнгги иловалар», «Home» ботиқ тугмаси ва «Орқага».

Mi 5s смартфони корпусининг том қисмида минижек — аудио қулоқчинлар учун анъанавий коннектор, қуйи қисмида эса аудио карнай, бош микрофон ва Type C туридаги универсал порт мавжуд.

Бу порт орқали смартфонни қувватлаш ва бошқа қурилмаларга улаш мумкин. Динамиклар стерео эмас, дизайн учун 2 томонга ҳам шундай туйнуклар ўрнатилган. Чап томондагисига микрофон бекитилган.

Mi 5s корпусининг ўнг томонида овозни созлаш учун узун тугма ва унинг қаторида ёқиш тугмаси мавжуд.

Корпуснинг чап томонида эса 2 та SIM-карта учун бўлмача мавжуд. Смартфонда қўшимча хотира картаси учун бўлмача мавжуд эмас.

Орқа панелнинг юқори чап қисмида бош камера ҳамда икки тусли нур берувчи LED фоточақноғи бор. Панелнинг юқори қисмида антенна учун пластик улоқни кўриш мумкин.

Аппаратнинг йиғилиш сифати юқори, бир неча ойдан бери фойдаланилган бўлса ҳам, ҳали пишиқ ва бўшашмаган.

Экран сифати

Диагонали 5,15 дюйм бўлган IPS матрицали экраннинг сифати, унда ранг-тасвирнинг акс этиши юқори сифатли. Дисплейнинг пикселлар сиғими 1920 х 1080 белгига тенг, яъни Full HD. Ҳар дюмдаги пикселлар сони 428 тага тенг. Экран ҳимоя шишаси ва бармоқ изларини юқтирмайдиган қопламаларга эга. Экран «мультитач» технологиясига эга ва бир вақтнинг ўзида 10 тагача бармоқ зарбини қўллаб-қувватлайди. Экрандаги ранг-тасвирнинг ёрқинлиги экспертларга ҳам AMOLED-матрицани эслатиб юборган эди.

Ташқари муҳитда тасвирнинг ёруғлиги 60-70%ни ташкил қилади. Шунингдек, қуёшли шароитда ҳам смартфонда матн ўқиш қулай. Экран ўз-ўзининг ёрқинлигини ташқи ёруғлик таъсирига қараб автоматик равишда белгилайди.

Созламаларда алоҳида “мутолаа” режими мавжуд. Унда экрандаги сариқ тус омили ошади. Бу режим кўзни чарчашдан ҳимоя қилади. Экранни ўнгга суриш орқали смартфонни Mi брендидаги бошқа қурилмалар билан боғлаш, чап томонга суриб камерани тезкор ишга тушириш мумкин.

Экрандаги олеофоб қопламасининг сифати кучли флагманлардан қолишмайди. Бармоқ экран юзасидан нафис сирғанади.

Экрандаги максимал ёруғлик даражаси етарли, унинг тунги режими ҳам мавжуд. Бу жиҳати билан Xiaomi Mi5S Самсунг’нинг флагманлари, LG G5, Sony смартфонлари билан беллаша олади. Икки марта кетма-кет бармоқ зарби орқали экранни ёқиш мумкин. Mi5S’нинг 128 ГБ.ли юқори талқинида бармоқ зарбининг даражасига кўра буйруқларни бажариш функциясига эга экран татбиқ этилган. Лекин смартфоннинг бу жиҳатига учиб, ортиқча пул сарфлаш ярамайди.  Бу «Apple’ча маркетинг»ни бир тури.

Операцион тизим қулайликлари

Xiaomi Mi5S Android 6.0’нинг ўзлаштирилган MIUI 8.0 тизимида фаолият кўрсатади. MIUI хитойлик, умуман бугунги андроидларда татбиқ қилинаётган энг қулай тизимлардан бири.

Экрандаги асосий ойнадан барча иловаларнинг овалсимон белгилари ўрин олган. Иловаларни устига 2 марта чертиш орқали ишга тушириш мумкин.  Айниқса, “иловаларни саралаш режими” жуда маъқул. Уни ёқиб, қуйи панелга керакли илова белгиларини саралаб, сўнг асосий экранга жойлаштириш мумкин.

Звонилка. MIUI’нинг қўнғироқлар бўлими кўпчилик фойдаланувчиларнинг эътиборини қозонган. Унда керакли алоқа маълумотини излаш, экранни ўнг-чап томонга суриш орқали ҳаракатни белгилаш, рақамларни “қора рўйхат”га киритиш мумкин.

SMS-хабар. Хат алмашинув иловаси ҳам содда. Аммо, сиз компаниянинг виртуал тизимида Mi-аккаунт очган бўлсангиз, илова сиз автоматик равишда ўша тизимда хатларнинг заҳира намунасини яратади. Яъни, хатлар телефондан ўчиб кетса ҳам, виртуал саҳифангизда сақлаб қолинади.

Браузер. Браузернинг бошланғич саҳифасида энг кўп фойдаланиладиган саҳифаларнинг ёрлиқлари туриши айни муддао. Қўшимча равишда, у ерда ўзингиз маъқул кўрган веб-сайтларни ҳам қўшиб қўйишингиз мумкин.

Хабар-огоҳлантиришлар пардаси. MIUI 8’да бу бўлим иккига бўлинмаган ва бу тўғри қарор. Агар фойдаланувчи бирор огоҳлантиришни ўтказиб юборса, экран юқорисида кичкина шаклдаги ёрлиқлар пайдо бўлиб, бундан огоҳ қилади.

Тизимнинг яна бир афзаллиги — қўшимча бош экран яратиш имконияти. Бу орқали фойдаланувчи битта иловада 2 та профил очиб фойдаланиши мумкин. Мисол учун, бир вақтнинг ўзида 2 та Telegram саҳифасини юритиш мумкин.

Шунингдек, MIUI иловаларни “қулф”лаб қўйиш имконини ҳам беради. Тизимда алоҳида “Бола режими” мавжуд.

Смартфонни бир қўлда ошқариш имконини яратадиган режим ҳам бор. Бунинг учун бармоқни чап томондаги сенсор тугмадан ботиқ шаклдаги бош тугма сари суриш керак. Сўнгра смартфон экрани кичрайиб, бир қўлда фойдаланиш учун қулай бўлади. Бу режимдан чиқиш учун экраннинг қоронғи қисмига чертиш керак. Шунингдек, созламаларда экран диагоналини мустақил танлаш мумкин.

Самарали фаолият ва қувватдорлик

Qualcomm Snapdragon 821, ҳурматли ўқувчилар, — 2016 йилнинг энг кучли процессори. 2017 йилнинг бугунгиа қадар ҳали йилнинг “энг кучли”  835-рақамли «Snapdragon» оммалашмаган бир пайтда, андроидофонлар ичида Xiaomi Mi5S аппарат платформасини “жаҳондаги энг самарадор” дейиш мумкин.  Ундан кучлиси фақат Huawei Kirin 960 бўлиб, Mate 9’да ўрнатилган.

Шундай бўлса ҳам, ўйин ўйнаганда 15 дақиқа ўтиб корпус қизиб кетади. Фойдаланганда бу ҳолат кузатилмайди.

Xiaomi Mi5S’да 4 гигабайтли оператив хотира ўрнатилган. Бу тизимнинг фаолияти учун етарли. Смартфоннинг базавий талқини 32 Гбайт доимий хотирага эга бўлиб, 23 Гбайт хотира майдони фойдаланувчига берилади. Фойдаланувчилар бу етарли эмаслигини ам айтишади. Шунингдек, гаджетнинг 64 ва 128 Гбайт доими хотирага эга версиялари ҳам мавжуд.

Телефондаги аккумулятор сиғими 3200 мА соат. Li-Pol туридаги аккумулятор WoT (“Танклар дунёси”) ўйинини тинмай, юқори ёруғлик билан ўйнаганда 5 соатга туриб беради. Бу қувват смартфонга  YouTube’да FHD сиғимли роликларни 6.5 соат мобайнида кўриш имконини беради.

Экранни энг юқори ёруғликка қўйиб, 3 соат тинмай интернетдан фойдаланиш, ижтимоий тармоқларга кириш, мусиқа ишлаш мумкин.

Mi 5s тўлиқ қуввати кутиш режимида, онда-сонда интернетга кирган тақдирда, 2 кунга ҳам етади. Смартфон Qualcomm QuickCharge 3.0 технологиясини қўллаб-қувватлайди. У 30 минут ичида қувватини 41%га, бир соатда — 83%га, 100 минутда эса тўлиқ қувватлаб олади. Бу борада имкониятлар жуда юқори.

Камера

Xiaomi Mi5S’нинг бош камера модули 12 МП сиғимли. Олд камера модули эса 4 МП. Уларда f/2.0 туридаги ёруғлик ўтказувчи оптик прибордан фойдаланилган. Бош камерада ўрнатилган Sony IMX378 сенсори 2016 йилнинг илғор камера-модуллари сиарсига киради. Унда 4k сиғимли видео ёзиш мумкин. Сурат олишда Mi 5s ҳозирги кўпгина флагман смартфонлар билан беллаша олади. Камерадаги ягона камчилик унда оптик барқарорлаштириш функцияси йўқ. Видео суратга олишда эса электрон барқарорлаштиргич мавжуд.

Яхшиси, бу тўғрида суратларга қараб, ўзингиз хулоса чиқаринг.

Коммуникация

Смартфон Wi-Fi (b/g/n/ac, dual-band), Bluetooth (4.2, A2DP, LE, GPS), USB On-The-Go каби симсиз алоқа тармоқларида ишлайди. Шунингдек, NFC технологияси учун махсус MiFare Classic модули татбиқ этилган. Бу эса пластик карточкасиз, масофадан туриб савдо қилиш учун айни муддао.

Xiaomi Mi5S мобил алоқанинг GSM 900/1800/1900, 3G, LTE тармоқларида ишлайди. Унга 2 та SIM-карта ўрнатиш мумкин.

Хулоса

Xiaomi Mi5S — бу смартфоннинг энг арзони Хитойда 270 АҚШ доллари атрофида сотилмоқда. Ўзбекистонда эса унинг бошланғич баҳоси ўртача 350 АҚШ доллар. Бу нарх эвазига сизга 2016 йилнинг энг илғор процессори билан таъминланган платформа, кучли камера, сифатли экран ва металл дизайн ваъда қилинмоқда. Ўйлаб кўришга арзийди.

Хулоса

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 3,441,000 сўм Сотиб олиш
olx.uz 350 АҚШ доллари Сотиб олиш

 Афзаллиги

 Камчилиги

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!