Xiaomi MIUI 9'нинг баъзи имкониятларини маълум қилди

Xiaomi MIUI 9'нинг баъзи имкониятларини маълум қилди

Xiaomi фойдаланишга тайёрлаётган MIUI 9 операцион тизимига хос баъзи жиҳатларни маълум қилди. Компания бош директори Лэй Цзюннинг маълум қилишича, бу тизимнинг бош мақсади барқарор ва бир текис ишлайдиган смартфон интерфейсини яратиш, шу билан бирга фойдаланувчига созламаларни тубдан бошқариш имкониятини бериш ва уларни ортиқча оворагарчиликлардан ҳимоя қилиш. 

Жумладан, фойдаланувчи интерфейси тамоман ўзгариб, янгича дизайнда ишлаб чиқилган. Хусусан, экран блокировкасида янгича жиҳатлар жорий қилинган.

Хусусан, 10 июлда Xiaomi компанияси Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида эълон қилган қуйидаги, MIUI 9 прошивкасидан олинган скриншотга кўра, бир қатор иловалар, мисол учун, MiPay -- контактсиз тўлов тизими, Mi Pay Mi Bus -- жамоат транспорти учун йўл ҳақини тезкор тўлаш, Universal Remote Control -- масофали бошқарув пульти, фонарни ишга тушириш каби иловаларнинг ёрлиқлари смартфон блокировка бўлган тақдирда ҳам, экранда қолади. Натижада, фойдаланувчининг зарур маҳалда созламаларга кириб, керакли функцияни қидиришига ҳожат қолмайди, функцияларни тезкор ишга тушириш имкони яратилади.

 

MIUI 9 тизимида Android O операцион тизимида тақдим қилинган "сурат ичида сурат" режимининг татбиқ қилиниши ҳам кутилмоқда. Бу функция бир вақтнинг ўзида экранда тасвир томоша қилиш ва смартфондаги бошқа функциялардан фойдаланишга замин яратади. Мисол учун, филм томоша қилиш мобайнида мессенжерлардан фойдаланиш.

Қолаверса, энди фойдаланувчилар экрандан съёмка қилиш, экранни бир неча қисмга бўлиб,  бир вақтнинг ўзида турли иловалардан фойдаланиш имконига эга бўлишади.

MIUI тизимининг янги авлоди 16 август куни тақдим қилинади. Xiaomi мазкур тақдимот жараёнини қизиқарли ташкил қилиш учун мухлислар ўртасида акция эълон қилган. Унга кўра,  MIUI 9'нинг тақдимот кунини аниқ башорат қилган фойдланувчиларга Redmi Note 4 смартфони совға қилинади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!