Xiaomi’нинг 13 апрелдаёқ тақдим этиладиган «Қора акула» смартфонини батафсил томоша қиламиз!

  •   DiMaX
  •  1783
  •  03.04.2018 17:16

Xiaomi’нинг 13 апрелдаёқ тақдим этиладиган «Қора акула» смартфонини батафсил томоша қиламиз!

Кейинги пайтларда айрим смартфонсозлар айнан ўйинлар ўйнашга мослаштирилган қудратли телефон тайёрлашга жиддий киришишган. Буни аслида ўтган йили ўйин қурилмаларини ишлаб чиқарувчи компания бошлаб берган эди.

ЎҚИНГ: Razer Phone: геймерлар смартфонининг барча хусусиятлари тақдимотдан бир кун аввал фош бўлди

Кейин эса унга қарши «Хитойча Apple» майдонга тушди – кодли номи Black Shark (ёки BlackShark) бўлган бақувват смартфон тайёрлашга киришди.

Сўнгроқ бу «жанг»га яна бир хитойлик – ZTE корпорацияси ҳам киришди. У ҳатто ўзининг ўйинбоп смартфони прототипини Mobile World Congress 2018 кўргазмасида кўрсатишга ҳам улгурди. Яқинда эса корпорация раҳбари унинг номи ва айрим жиҳатларини Weibo ижтимоий тармоғидаги ўзининг расмий аккаунти орқали маълум қилди.

ЎҚИНГ: Galaxy S9 ва Razer Phone’ни «ер тишлатувчи» қудратли смартфон эълон қилинди!

Бир неча соат олдин хитойлик манбалар Xiaomi компанияси тайёрлаётган «Қора акула» смартфонининг ҳар томонлама расмларини ҳамда турли жиҳатлари ҳақидаги маълумотларни ошкор этишди.

Weibo тармоғида уларни эълон қилган манбанинг таъкидлашича, мазкур суратлар Xiaomi корпорацияга қарашли Black Shark Technologies компанияси томонидан ҳамкорларга жўнатилган экан. Бундан кўзланган мақсад – шундай ғайриоддий смартфонни ҳали тақдимотидан буруноқ танитиш, бозорга илгари сурилишини таъминлашдир, дейилади хабарларда.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг ҳали тақдим этилмаган геймер-смартфони AnTuTu’да рекорд ўрнатди!

Суратлардан кўриниб туришича, Black Shark қурилмаси смартфон бўлишдан ташқари, Nintendo Switch ёки PS Vita каби ихчам ўйин приставкаси вазифасини ҳам бажаради. Девайсни горизонтал ҳолатда ушлаганда, унинг экрани ён томонларида жойстик, «+» шаклли ва бошқа бир қатор тугмачалар ўрин олган. Шунингдек, Xiaomi бу гаджети корпусининг ён қирраларида қўшимча тугмачалар ҳам жойлаган.

Xiaomi Black Shark қувватлаш ва бошқа қурилмаларга уланиш учун USB Type-C билан таъминланган, қулоқчин учун одатий 3,5 миллиметрлик тирқиш ҳам олиб ташланмаган.

ЎҚИНГ: Xiaomi "байроқдор" ўйин-смартфони ҳақида эълон қилди

Булардан ташқари, расмий манбадан олинган хабарга кўра, ушбу геймерофон тезкор ва доимий хотирасининг ҳажмига кўра уч хил модификацияда – 6/128, 8/128 ҳамда 8/256 гигабайтлик талқинларда тақдим этилади. Уларнинг барчаси энг илғор Qualcomm Snapdragon 845 процессорига таянади. Смартфон самарадорлигини таъминлашда ундаги 2,8 ГГц частотасида ишловчи саккизта ядро, Adreno 630 график тезлатгичи ҳамда X20 LTE модемининг ҳам ҳиссаси катта.

Xiaomi Black Shark моделининг Full HD+ форматли (2160х1080 пикселли) дисплейи ҳам ўзгача – тезкор ўйинларда тасвирларнинг силлиқлигини таъминлаш учун 120 Гц частотада янгиланиш қобилиятига эга. Телефоннинг корпусидаги кўплаб моддий тугмачалар эвазига геймерлар айнан смартфонлар учун ишлаб чиқилган видеоўйинлардан тўлақонли баҳра ола биладилар.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг қудратли Blackshark смартфони Geekbench’да имтиҳон топширди

Ўйинбоп смартфоннинг аккумулятори қанчалик сиғимдор экани ҳозирча маълум қилинмаган. Аммо, Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологияси шарофати билан бу телефон бир ярим соатгача бўлган муддатда тўлиқ қувват олиши айтилган.

Хабарларга ҳамда юқоридаги сўнгги суратда акс эттирилган саналарга кўра, Xiaomi ўзининг Black Shark смартфонини жуда яқин орада, аниқроғи – 13 апрелдаёқ тақдим этмоқчи. Унинг аниқ нархи ва савдога қачон чиқарилиши ҳозирча номаълум, аммо «хитойча Apple»нинг бозорга тақдим этилган кўплаб смартфонлари юртимизда ҳам сотилмоқда.

ЎҚИНГ: Бутун Ўзбекистон бўйича етказиб бериладиган Xiaomi смартфонларининг нархлари (2018 йил 3 апрель)

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.