Xiaomi'нинг 6 смартфони учун MIUI 9 сўнгги тизим бўлади

Xiaomi'нинг 6 смартфони учун MIUI 9 сўнгги тизим бўлади

Xiaomi компанияси смартфон бозорининг энг меҳнаткаш компанияси бўлиб, бренд нафақат смартфонлари, балки ўзининг ўзлаштирилган шахсий операцион тизими билан ҳам мухлислар диққатидан ўрин олган. Яқинда эълон қилинган илғор MIUI 9 тизими ҳам кўпчиликда катта таассурот қолдирди.

Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Xiaomi ўз флагманларида ҳам, оддий смартфонларида ҳам MIUI 9'ни юклаб олиш имконини яратмоқда.

Шунингдек, MIUI 9 компаниянинг айрим, аввалроқ тақдим қилинган гаджетлари учун сўнгги йирик операцион янгиланиш бўлади ва уларнинг тизими бундан кейин дастурий жиҳатдан қўллаб-қувватланмайди. Бу тўғрида ҳар йили ўтказиладиган MIUI анжумани доирасида 20 октябрда расман маълум қилинди.

MIUI расмий форумида MIUI 9'ни юклаб олиш мумкин бўлган смартфон моделлари рўйхати эълон қилинган.

"MIUI тизими самарали ишлаши учун, биз узоқ муҳокамалардан сўнг, смартфонларнинг ишлаб чиқарилган вақтини, платформа салоҳиятини ва фойдаланувчиларнинг миқдорини ҳисобга олиб, 6 модел учун операцион янгиланишларни бундан кейин тўхтатиб қўйишга қарор қилдик", — дейди MIUI дастурчилари гуруҳи вакили.

Шундай қилиб, Xiaomi Mi 2/2S, Mi Note, Mi 4i, Redmi Note 4G, Redmi 2 ҳамда Redmi 2 Prime учун инновацион MIUI 9 сўнгги дастурий янгиланиш бўлади. Шу билан бирга, улар учун MIUI'нинг бета-талқини ҳам тўхтатилади.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!