Xiaomi'нинг энг арзон смартфони 1 ойда миллион дона сотилди

Xiaomi'нинг энг арзон смартфони 1 ойда миллион дона сотилди

Бир неча кун аввал Xiaomi компаниясининг вице-президенти Ману Кумар Джейн (Manu Kumar Jain) ўзининг Twitter аккаунтида компаниянинг энг арзон модели бўлган Xiaomi Redmi 5A бренднинг энг оммабоп ва харидоргир смартфони бўлиб турганини маълум қилган. Унинг сўзларига кўра, компания бир ойнинг ичида Redmi 5A моделидан миллион дона сотишга муваффақ бўлган.

Айниқса, Redmi 5A Осиёнинг аҳолисининг даромади паст мамлакатларида яхши сотилмоқда. Смартфоннинг халқаро бозордаги нархи $94 доллар.

5 дюймли Xiaomi Redmi 5A аппарат таъминоти учун таниқли ва ишончдан ўтган 4 ядроли, частота тезлиги 1,4 ГГц бўлган Snapdragon 425 танланган. Ҳамёнбоп модел бўлгани боис, Xiaomi Redmi 5A HD дисплей, 2 Гб оператив ва 16 Гб доимий хотира билан таъминланган. microSD ёрдамида хотирани 128 Гб.гача кенгайтириш мумкин.

Xiaomi Redmi 5A камерафон эмас ва унга 13 мегапикселли бош ҳамда 5 мегапикселли олд камера танланган. Бу борада унинг имкониятлари бошланғич даражада.

2 та SIM-картали Смартфон куч-қуввати учун ток сиғими 3000 мА соат бўлган аккумулятор масъул бўлган.

Ўлчамлари: 139 x 70 x8.5 мм., вазни -- 137 грамм.

Шу билан бирга, смартфоннинг яп-янги Android Nougat'нинг ўзлаштирилган MIUI 9 операцион тизимида ишлаши ундаги энг катта янгиликлардан биридир.