Xiaomi'нинг «iPhone X кушандаси» самарадорликда юқори балл тўплади

Xiaomi'нинг «iPhone X кушандаси» самарадорликда юқори балл тўплади

2017 йилнинг қирол-смартфонларидан бўлган iPhone X дизайнини айни кунда ўнлаб хитойлик ишлаб чиқарувчилар ўзлаштириш ҳаракатидалар. Жумладан, Xiaomi бренди ҳам бу рақиб флагманга «кушанда» тайёрлаш билан банд. Тез орада тақдим этилиши кутилаётган Xiaomi Mi Mix 2S телефони 2017 йилнинг сентябрида бозорга туширилган Mi Mix 2 моделининг такомиллашган талқини бўлади.

Кеча Xiaomi Mi Mix 2S модели смартфонлар самарадорлигини баҳолайдиган AuTuTu бенчмаркидан синовдан ўтиб кўрди ва тезкорлиги, илғор платформаси билан кўпчиликни ҳайратга солди.

Тест натижаларига кўра, ҳозирча ишчи номи "Polaris" бўлган Xiaomi Mi Mix 2S бенчмаркда 270 461 балл тўплаган – бу айни пайтда мобил алоқа бозоридаги энг яхши кўрсаткчилардан бири! Смартфоннинг илк имтиҳондаёқ мазкур натижани қўлга киритиши унинг кучли флагманлардан бири бўлишидан дарак беради. Бу натижа ҳали кўтарилади.

Гап шундаки, унинг самарадорлиги платформасидаги 10 нанометрли Qualcomm Snapdragon 845 процессорига боғлиқ. Бу чипнинг частота тезлиги 2,8 ГГц ва Mi Mix 2 моделига ўрнатилган, "аждоди" ҳисобланмиш Snapdragon 835 чипидан 25% га самарали ишлайди.

Шу билан бирга, бизга маълум бўлишича, янги процессорнинг қувватни тежаш хусусияти ҳам 30% га яхшиланган. Шу боис, Xiaomi Mi Mix 2S тўлиқ қувват билан янада узоғроқ ишлаб, фойдаланувчини хурсанд қилади.

Xiaomi Mi Mix 2S жорий йилда бренд ишлаб чиқарадиган энг қимматбаҳо флагман бўлади. Сабаби унда барча янги технологиялар ҳамда жозибадор дизайн жам қилинади.

Шунингдек, Xiaomi Mi Mix 2S моделининг америкалик iPhone X моделига ҳам жуда ўхшаш бўлиши кутилмоқда. Унинг ҳам олд панелида, экран юқорисида сенсорлар ва суҳбат динамиги учун ажратилган махсус жой бўлади.

Apple флагмани «кушандаси» тўплашга эришган натижаларга кўра, 2018 йилда хитойлик "инсофли" ишлаб чиқарувчи энг кучли флагманларидан бири билан кўпчиликни ҳайрат солади.

 

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!