Xiaomi’нинг ўз процессоридаги илк смартфони – Mi5C тавсифи

  •   DiMaX
  •  1870
  •  06.04.2017 12:20

Xiaomi’нинг ўз процессоридаги илк смартфони – Mi5C тавсифи

Тобора кенг эътирофларга сазовор бўлиб келаётган Xiaomi компанияси навбатдаги смартфонига ёт процессор эмас, балки ўз маҳсулоти бўлган чипсет ўрнатди. Хўш, мазкур Mi5C моделининг ишлаши, турли хусусиятлари қанақа? Бугунги тавсифимиз шу ҳақда.

Дизайн: сал-пал «iPhone’роқ»

Mi5C’ни қўлга олганингизда илк сезиладигани – унинг жуда юпқа ва енгиллиги. Корпус қалинлиги етти миллиметр, алюминийдан ишланган. Қурилма вазни 134 грамм келади. Экрани унча катта эмас – диагонали 5,15 дюйм. Лекин унинг атрофида ром деярли йўқ, бу эса ташқи кўринишдаги жозибани оширган. Роми ўта ингичка бўлса-да, ҳеч қанақа едирилиб кетиш ҳолати юзага келмайди.

Смартфон уч хил рангда тақдим этилмоқда: тўқ кул ранг, пушти ва тилларанг. Дизайнидаги қолган жиҳатлар каби, бу томони билан ҳам у iPhone 7’га ўхшаб кетади. Барибир, ташқи кўриниши олдинги моделларига нисбатан қизиқарли эканлигини эътироф этиш керак.

Xiaomi Mi5C корпуси жилосиз алюминийдан ишланган бўлиб, сирпанчиқ эмас – қўлдан тушиб кетишидан чўчимасангиз ҳам бўлади. Ўзига унча-мунча доғ юқтирмайди ҳам.

Камералар: селфига жуда қулай

Ҳа, бу моделнинг 8 мегапикселли олд камераси ҳайратга лойиқ. Тўғри, гап фақат объективнинг ўзида эмас – суратга туширилганидан кейин камеранинг дастурий таъминоти уни зудлик билан қайта ишлаб беради. Аммо биз учун расмнинг ажойиб чиқиши муҳимроқ-ку, тўғрими? Унда терини силлиқлаб юбориш функцияси сукут бўйича фаоллаштирилган бўлса-да, ҳаммасини худди табиийдек чиқаради. Масалан, қуйидаги расмда у қизнинг терисини силлиқлаб кўрсатар экан, пешонасига тушган сочларини ҳам «едириб» юборган, аммо шуни таъкидлаб айтмасак ўзингиз сезишингиз мушкул эди:

Смартфоннинг 12 мегапикселли асосий камераси ҳам етарлича сифатли. Агар Xiaomi’нинг сўнгги флагманлари – Mi5 ва Mi5S билан солиштирсак, суратга олиш бўйича Mi5C улардан асло қолишмайди. Нархи бўйича эса янги модель улардан арзон, демак, агарда сизга айнан камера муҳим бўлса, камераси кучли, аммо ўзи нисбатан арзонроқ Mi5C’ни танлашингиз мумкин.

Бино ичида ва тунда туширилган расмлар жудаям мукаммал эмас, аммо суратга олиш тезлиги бўйича, умуман кадрлар сифати бўйича ўртача нарх сегментидаги смартфонлар орасида уни етакчи дейиш мумкин.

Яна бир жиҳати – HDR режими тезда ишга тушади – кадрни қайта ишлаш жараёни бир сонияга яқин вақт олади, натижа эса яққол сезилади.

Тармоқ: LTE, Wi-Fi ва бошқалар

Mi5C тўртинчи авлод уяли алоқа тармоғи – LTE’да ишлай олади, унга иккита nano-SIM карта қўйиш мумкин.

Тажрибада бу телефондан модем сифатида фойдаланиб, бир вақтнинг ўзида бир нечта қурилмага Wi-Fi тарқатиб кўришган. Натижалар қувонч билан ҳайратга соларли. Умуман олганда, симсиз алоқа борасида муаммо кўзга ташланмаган, фақат унда NFC йўқ.

Смартфонга Xiaomi’нинг ўзи томонидан олтинчи авлод Android платформаси асосида ишланган MIUI қобиғидаги прошивка ўрнатилган. Xiaomi ишқибозлари яхши билишадики, унинг телефонларидаги асосий муаммо – айнан прошивка; чунки одатда ҳар бир янги прошивка ҳам дастлабки ойларда фақат хитойча ва кўпчилигида инглизча ҳам бўлади. Аммо Mi5С’га келганда, бу борада сизни хушхабар кутмоқда: унга олтинчи Android устига глобал MIUI 8.1 версияси ўрнатилган! Яъники, унда Google Play ҳам кўзда тутилган, яна рус тили ҳам ўзида мавжуд!

Прошивка анчагина ёқимли кўринади – iOS’га ўхшаб кетади: иловалар менюси йўқ, ишлаш тезлиги нисбатан яхши.

Экран: ёрқин, лекин жуда бўёқдор эмас

Mi5C дисплейи диагоналига 5,15 дюймни ташкил этиб, FullHD сифатига, IPS матрицасига эга. Кўриниши жуда тиниқ, ёрқинлиги – аъло даражада, ҳатто бино ичида сал ёрқинлигини камайтириб қўйгингиз келади. Ёрқинликни бошқариш мумкинлиги яхши: қоронғида жуда қўл келувчи энг тўқрангдан то қуёшли кунда асқотувчи максимал ёруғликкача бўлган кенг диапазонда созлаш мумкин. Буни ташқи муҳит ёруғлигига қараб автоматик ўзгаришга созлаб қўйса ҳам бўлади, аммо бунда кутганингиздан сал тўқроқ қилиб кўрсатади.

Гап сенсорнинг сезувчанлик даражасидами ёки клавиатуранинг дастурий ечимидами (балки ҳар иккаласи туфайлидир) – ишқилиб, Mi5С’да ҳарф териш ҳам жуда қулай.

Умуман олганда, смартфонга яхши сенсорга эга ёқимли дисплей ўрнатилган, унинг роми йўқлиги эса янада зўр. Фақат рангларни тўлалигича етказиб беришини аъло даражада, деб бўлмайди – у сал оқишроқ туюлади.

Бармоқ изи сканери: тезкор ва зукко

Сканер бармоқ изини тезда эслаб қолади – кўпи билан ўн беш сонияда. Ишлаши ҳам яхши, бармоқ изидан таниб блокдан чиқариш бир зумда амалга ошади; қиммат бўлмаган смартфондаги бу тезкорлик қувонтирмай қўймайди.

Аммо сал ноқулайлиги бор: сканер шунчаки тегинишдан таъсирланмайди, балки «Уйга» тугмачасини босиш керак бўлади. Тугмача эса бирмунча нозик ва унга кўникиш керак бўлади.

Ишлаш тезлиги: ҳамёнбоп телефон учун чаккимас

Юқорида таъкидлаганимиздек, Mi5С’га Xiaomi’нинг ўзи ишлаб чиқарган Surge S1 процессори ўрнатилган. У тўрт ядроли бўлиб, максимал 2,2 ГГц частотада ишлай олади. Дастурий таъминотда чипсет самарадорлигининг иккита режими кўза тутилган: Balanced ва Performance. AnTuTu бенчмаркида текширилганида, у биринчи режимда 45 минг, иккинчисида эса 55 мингга яқин балл тўплаган.

Девайснинг тезкор хотираси 3 ГБ бўлса, ички хотираси ҳам етарлича катта – 64 ГБ. Агарда Xiaomi’нинг бу маҳсулотини шу нарх сегментидаги бошқа смартфонлар билан таққосласак, Mi5С’нинг устунлигини эътироф этиш ўринли. Ўйинларга келсак, жуда оғирларида сал муаммо бўлиши мумкин.

Жуда талабчан бўлмаган ёки тажрибасизроқ фойдаланувчи иловаларнинг очилишида ва ишлаётган дастурлар орасида бир-бирига ўтишда салгина танаффусни сезмайди. Сезганда ҳам койиш ўринсиз: бу нархдаги девайс учун шундан ортиғини талаб қилиш ноинсофлик бўларди-да!

Дарвоқе, Mi5C овозлари жуда баланд эмас, сукут бўйича созланган стандарт ҳолатида эса пастроқ ҳам. Стерео товуш йўқ.

Аккумулятор: процессорга мос эмас

Қурилмага 2860 мА/соат сиғимли аккумулятор ўрнатилган ва у USB Type-C порти орқали қувватланади. Умуман олганда, 2860 меъёрдаги стандарт, аммо янги процессор билан у уйғун эмаслиги сезилиб қолган. Масалан, батареянинг тўла қуввати видео кўришда атиги 4 соатга етади, PCMark автономлик тестида эса у тўрт соатга яқин ишлаган (рақобатчиларида бу кўрсаткич бир ярим бараварга кўпроқ). Ўйин режимида эса унинг қуввати янада тезроқ тугаб қолади – 3 соату 10 дақиқа.

Умуман олганда, Mi5C’нинг батареяси кўнгилдагидек эмас. Ўртача фойдаланувчи (интернет, почта, ижтимоий тармоқлар доимий ёқиқ) режимида смартфон тушгача чидаб берган. Xiaomi’нинг олдинги телефони – Mi5S моделида батарея бунисидан салгина катта – 3000 мА/соат, аммо натижалар икки баравар юқори. Афтидан, янги процессорнинг энергия тежамкорлиги устида яна ишлаш керак.

Хулласи калом…

Дастлабки савдода Xiaomi Mi5C моделига 1499 юань нарх белгиланган, бу эса тахминан 217 АҚШ доллари, дегани. Бу каби ўртача нарх сегментидаги смартфонлар ҳам эндиликда юпқа, металл корпусли, яхши дисплейга ва бармоқ изи сканерига эга қилиб чиқарилаётгани яхши. Шулар орасида Xiaomi Mi5C рақобатга бемалол дош бера олади, унинг устунликлари ромсиз экрани ва кучли камераларида яққол акс этади.

Салбий томонларига келсак, батареяси сиғими кичкиналигини таъкидлаш керак. Шу жиҳати билан мазкур қурилма муваффақиятсиз чиққан: ахир, шу нарх устига озгина қўшиб, синалган Snapdragon 821 асосида ишловчи Mi5S флагманини, ёки аккумулятори бўйича рекордсмен – Redmi Note 3 олиш ҳам мумкин-ку!

Бироқ қулайлиги ва ташқи жозибаси билан Mi5C ўз «аждод»идан анча устун барибир. Шунақа смартфонлар бўлади – қўлингизга олиб кўришингиз билан унинг ўзингизники бўлишини хоҳлаб қоласиз. Батареяси камсиғим бўлишига қарамасдан, Xiaomi Mi5C айнан шунақа қурилмалардан биридир.

Ижобий жиҳатлари:

  • Камералари кучли;
  • Сирғалмас ва гард юқтирмас металл корпус;
  • Юпқа ва енгилгина;
  • Экран атрофида ром йўқ.
Салбий жиҳатлари:

  • Батареяси камсиғим
  • Хотира картаси учун жой йўқ
  • Экранда ранглар бўёқдорлиги камроқ.

 

Агар мазкур тавсифдан кейин бу смартфонга меҳрингиз тушиб қолган бўлса, унга AliExpress интернет-дўкони орқали буюртма бериш имкони мавжудлигини эслатиб ўтамиз. Бу борадаги маслаҳатларни эса маслаҳатларни эса Telegram’даги @ghost_stranger профили орқали бизнинг менежеримиздан олишингиз мумкин.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.