Xiaomi’нинг янаги девайси нархда Galaxy S8’ни чангда қолдиради

Xiaomi’нинг янаги девайси нархда Galaxy S8’ни чангда қолдиради

Интернет-ритейлери, яъни онлайн буюртма орқали маҳсулот етказиб берувчилар доим ҳам ҳали тақдим қилинмаган смартфонлар ҳақида маълумот қўявермайдилар. Аммо, таниқли GearBest дўкони ўзининг саҳифасида Xiaomi тайёрлаётган ва ҳали тақдим қилинмаган Mi MIX 2 — жаҳондаги илк ромсиз смартфоннинг 2-авлоди тўғрисидаги маълумотларни эълон қилди.

Етказиб берувчига кўра, Mi MIX 2 гаджети айни пайтдаги флагман процессор — Qualcomm Snapdragon 835’га эга бўлади. Маълумки, ҳозирда бозордаги Samsung Galaxy S8 / S8 Plus, Sony Xperia XZ Premium ҳамда Xiaomi Mi 6 телефонлари ушбу кучли чипга эга. Mi MIX 2 девайси 4, 6 ёки 8 Гбайт тезкор хотира ҳамда 128 ёки 256 Гбайт доимий хотира билан таъминланади. IP68 сертификатига эга бўладиган фаблет корпуси чанг ва сув таъсиридан ҳимояланган бўлади.

Xiaomi Mi MIX 2 учун AMOLED технологиясидаги 2560 × 1440 пикселли, диагонали 6,4 дюйм бўлган дисплей танланиши айтилмоқда. Маълумотларга кўра, олд панелнинг 93 фоиз қисми экрандан иборат бўлади. Шунингдек, смартфонга 19 Мп бош ва 13 Мп олд камера ўрнатилади. Унинг аккумулятор сиғими 4500 мА·соат бўлади. Ўлчамлари: 158 × 81,9 × 7,9 мм., вазни 209 грамм.

Нарх-наво масаласида эса Xiaomi бир оз ошириб юборгандек 🙂 GearBest ресурсига кўра, Mi MIX 2’нинг базавий талқини (4 Гбайт тезкор хотира, 128 Гбайт доимий флеш-хотира) $850, 8 Гбайт «оперативка» ҳамда 256 Гбайт доимий хотирага эга энг қиммат талқини $1100 доллардан сотувга чиқарилади.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда жанубий кореялик IT-гигантнинг Galaxy S8 флагмани 823 доллардан сотилмоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.