Xiaomi'нинг "йил тренди"га мос янги смартфонлари ва нархлари маълум бўлди

Xiaomi'нинг

18:9 стандартидаги экранга эга бўлиш — йил тренди бўлди. Аввалига шу йилнинг февралида LG G6, сўнг Samsung Galaxy S8, iPhone 8 ва бошқалар бўйининг энига нисбати худди шундай экранларга эга бўлишди. Бундай экранларда, айниқса экранни 2 га бўлиб, бир вақтда бир нечта иловадан фойдаланиш қўл келади.

Яқинда Хитойда рўйхатга олинган Redmi туркумига мансуб янги ҳамёнбоп смартфонлар ҳам худди шу ўлчамда, яъни тўлиқ экранли бўлади. Унинг 3 талқини бозорга чиқарилади: Redmi 5, Redmi 5 Plus ҳамда Redmi Note 5. Барча гаджетларнинг экран нисбати 18:9 стандартида бўлса ҳам, уларнинг дисплей ўлчами ва техник имкониятлари турлича бўлади. Келинг, қуйида улар билан яқиндан танишамиз.

Экран
Redmi 5 модели 5,5 дюймли ва HD + (1440 x 720) дисплей билан таъминланади. Экран атрофидаги ром ўта юпқа бўлиши ҳамда дисплей 18: 9 нисбатли бўлиши ҳисобга олинса, бу модел "аждодлари"га қараганда. мисол учун, Redmi 4'дан кўра йирик экранли бўлади. Redmi 5 Plus ҳамда Redmi Note 5 эса 5,9 дюймли FullHD + (2160 x 1080) экранларга эга бўлишади.

Хотира
Xiaomi Redmi 5 ҳамда Redmi 5 Plus бир-бирларидан нафақат дисплей ўлчами, балки хотира имкониятлари билан ҳам ажралиб туришади. Мисол учун, тилла ва қора рангли корпусда чиқадиган Rеdmi 5'да 3 гигабайтли тезкор ва 32 ГБ доимий хотира бўлади. «Plus» модели эса 4 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотирага эга бўлади, тилла, қора ҳамда кул рангли корпусда ишлаб чиқарилади. Redmi Note 5 эса 3/4 ГБ тезкор ва 32/64 ГБ доимий хотира билан ишлаб чиқарилади.

Платформа ва самарадорлик
Redmi 5 Plus 8 ядроли Helio P25 процессорида ишлайди. Redmi Note 5 эса 8 ядроли Snapdragon 636 чипи бўлади. Ҳудуддан келиб чиқиб бошқа моделдаги чиплар ҳам ўрнатилиши кутилмоқда.

Шунингдек, Redmi Note 5'да бош камера қўш объективли бўлади. Унинг аккумулятор сиғими 4000 мА соат бўлиши айтилмоқда.

Redmi 5 125 АҚШ доллари, Redmi 5 Plus 1099 юан (165 АҚШ доллари), Redmi Note 5 модели 1599 юан (240 АҚШ доллари)дан сотувга чиқарилади.

Юқоридаги маълумотларнинг барчасига 11 ноябрда бўлиб ўтадиган тақдимот ойдинлик киритади. Унгача эса бизни кузатишда давом этинг.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.