Xiaomi Pocophone F1 тақдимотидан аввал савдога қўйилди – «жонли» суратлар, тўлиқ хусусиятлари ва нархи билан танишинг!

  •   DiMaX
  •  4973
  •  07.08.2018 13:20

Xiaomi Pocophone F1 тақдимотидан аввал савдога қўйилди – «жонли» суратлар, тўлиқ хусусиятлари ва нархи билан танишинг!

«Хитойча Apple» ўз смартфонлари билан АҚШ ва Европа бозорига киришга жиддий аҳд қилган. Xiaomi’нинг ғарблик истеъмолчиларга мўлжалланган илк телефони – Pocophone F1 русумли флагмани яқин орада тақдим этилади.

ЎҚИНГ: Xiaomi Pocophone F1 – энг кучли процессорга эга энг арзон смартфон!

Гарчи ҳали расман намойиш этилмаган бўлса-да, ушбу смартфон аллақачон Bluetooth, FCC ҳамда EEC сертификациясидан ўтган. Энг қизиғи – бугундан айрим интернет-дўконлар Pocophone F1 учун олдиндан буюртма ола бошлашди!

Шунингдек, қурилманинг техник хусусиятлари ҳақидаги батафсил маълумотлар, унинг «жонли» сурати ва ҳатто нархи ҳам маълум бўлди. Уларга қараганда, Pocophone F1 чиндан ҳам Xiaomi’нинг энг арзон флагмани сифатида майдонга тушади.

Айтиш керакки, Pocophone F1 модели Руминиянинг PC Garage интернет-дўконида сотувга чиқарилди. Харид саҳифасидаги маълумотга қараганда, унинг «кемтик»ли экрани диагоналига 5,99 дюймлик ўлчамда. Дисплейининг тасвир аниқлиги 2246х1080 бирликка, пикселлар зичлиги эса 416 PPI’га тенг.

ЎҚИНГ: Xiaomi янги смартфонларини бошқа бренд остида чиқаради

Аввал ҳам хабар қилинганидек, смартфоннинг «электрон юраги» сифатида Snapdragon 845 чипи танланган. Мазкур процессор максимал 2,7 ГГц такт частотасида ишловчи саккизта Kryo 385 Gold ядросини ўз ичига олади.

Xiaomi ўз суюқликли совитиш тизимига эга бўлган ушбу флагманини 6 ГБ тезкор ва 64 ГБ доимий хотира билан жиҳозлаган. Шунингдек, қўшалоқ SIM-карта уячасидаги бирининг ўрнига 128 ГБгача ҳажмли MicroSD хотира картасини қўйиш ҳам мумкин.

Смартфоннинг орқа панелидан ўрин олган қўшалоқ камераси 12 мегапикселлик асосий ва 5 мегапикселлик қўшимча сенсорларни ўз ичига олади. Селфи ишқибозлари эса унинг 20 мегапикселлик олд камерасидан мамнун бўлишлари аниқ. Гаджетнинг «қувват тоши» – 4000 мА/соатлик аккумулятор бўлиб, унга Quick Charge 3.0 тезкор қувватлаш технологияси ҳам жорий этилган.

ЎҚИНГ: ЭКСКЛЮЗИВ: Xiaomi Pocophone’нинг илк «жонли» видеоси – Face Unlock эвазига бармоқ изи сканеридан воз кечилганми?

Pocophone F1 моделининг хусусиятларида бармоқ изи сканери ҳақида маълумот берилмаган, лекин интернетда тарқалган мана бу «жонли» суратда мазкур датчик камера остидан ўрин олган:

Девайснинг интерфейс портларига келсак, унда замонавий USB Type-C порти ҳам, стандарт 3,5 миллиметрлик қулоқчин тирқиши ҳам мавжуд. Симсиз боғланиш имкониятлари сифатида икки диапазонли Wi-Fi модули ҳамда Bluetooth 5.0 интерфейслари санаб ўтилган. Лекин негадир смартфон хусусиятлари рўйхатида NFC модули кўрсатилмаган.

Pocophone F1 нархи 430 евро эканлиги кўрсатилган – бу маълумот инсайдерлар аввал берган хабарларга мос келади. Унинг ички хотираси 128 гигабайтга тенг модификацияси учун 460 евро миқдорида нарх белгиланиши тахмин қилинмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi "энг арзон кучли флагман"ни тайёрлаётгани тасдиқланди

Руминия онлайн дўконидан ташқари, яна Белоруссиянинг XiStore интернет-дўконида ҳам Pocophone F1 смартфони учун олдиндан буюртма қилиш саҳифаси пайдо бўлган, аммо унда нарх кўрсатилмаган.

Эътиборли томони шундаки, PC Garage интернет-дўкони мазкур смартфонларнинг аллақачон омборга келтирилганлигини, расмий савдо бошланган куниёқ харидорларга етказиб бера бошлашини маълум қилган. Шунга кўра, Pocophone F1 яқин ҳафталар ичида расман сотила бошлайди. Аммо унинг тақдимот санаси ҳақида Xiaomi ҳануз бирор маълумот бермаяпти.

Айтиш керакки, айни кунларда бу корпорациянинг яна битта флагмани ҳам намойиш этилиш арафасида.

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг энг ромсиз смартфони – Mi Mix 3 тақдимот куни фош бўлди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!