Xiaomi Qin 2 – атиги 73 долларлик, энг ностандарт смартфон намойиш қилинди!

  •   DiMaX
  •  3764
  •  20.07.2019 10:07

Xiaomi Qin 2 – атиги 73 долларлик, энг ностандарт смартфон намойиш қилинди!

«Хитойча Apple» ўтган йилнинг ёзида ўзининг илк тугмачали телефони – Xiaomi Qin 1 ҳамда унинг нисбатан илғор варианти – Qin 1s моделларини тақдим этганди. Булар – замонавий USB Type-C порти билан жиҳозланган, яна «сунъий онг» жорий этилган илк тугмачали телефонлардир.

ЎҚИНГ: Xiaomi илк тугмачали телефонини тақдим этди: унинг Wi-Fi, USB-C ва ҳатто «сунъий онг»и ҳам бор! (+видеолар)

Xiaomi энди Youpin краудфандинг майдончасида унинг иккинчи авлоди – Qin 2 моделини тақдим этди. Ўз «аждод»идан фарқли равишда, у тугмачали телефон эмас, балки Android Go 9.0 тизимли смартфондир.

Шуниси ҳам борки, Xiaomi Qin 2 бизнинг смартфон ҳақидаги одатий тасаввурларимизга бироз тўғри келмайди. Унинг диагоналига 5,05 дюймлик экрани ностандарт – 1440х576 пикселлик тасвир аниқлигига эга. Яъни, қурилманинг ўзи узунчоқ шаклда бўлиб, экраннинг томонлари ўзаро 22,5:9 нисбатда. Умуман, корпуснинг ўлчамлари ҳам антиқа: 132,6х55,4х8,6 миллиметрлик; вазни эса 105 грамм. Шу тариқа, Qin 2 – бозордаги энг чўзинчоқ смартфон бўлиб, iPhone SE моделидан ҳам энсиз, аммо бўйи ундан баланд.

Компания янги смартфонининг процессори ва тезкор хотираси ҳақида маълумот бермаган. Бироқ айрим манбаларнинг ёзишича, унга Spreadtrum SC9832E чипсети ва атиги бир гигабайтлик тезкор хотира ўрнатилган. Xiaomi унинг фақат доимий хотирасини кўрсатган – 32 гигабайтлик.

ЎҚИНГ: Xiaomi энг кучли процессорга эга смартфони тақдимот санасини маълум қилди!

Qin 2 моделида олд камера ҳам, дактилоскопик сканер ҳам йўқ. Корпусининг орқа панелида 5 мегапикселлик якка модулли камера ва ёруғлик-диодли фоточақноқ кўзга ташланади.

Антиқа смартфоннинг 2100 мА/соатлик аккумулятори замонавий USB Type-C порти орқали қувват олади. Qin 2 тўртинчи авлод – LTE уяли алоқа тармоқларини қўллаб-қувватлайди. Унинг корпусида стандарт қулоқчин тирқиши, шунингдек, маиший техника жиҳозларини бошқарув пульти сифатида қўллаш учун инфрақизил порт ҳам мавжуд.

ЎҚИНГ: Учта моделдаги Xiaomi смартфонларига зўр функция қўшиляпти!

Янги смартфонда Xiao AI овозли ёрдамчисини чақириш учун алоҳида тугмача ажратилган, у яна Xiaomi’нинг айрим иловалари билан ҳам бойитилган, лекин буларнинг барчаси Хитойдаги фойдаланувчилар учунгина муҳим.

Xiaomi Qin 2 харидорларга тўрт хил – қора, пушти, кўк ва қизил ранглардаги корпусларда таклиф этилади. Youpin майдончасида ҳозир уни тахминан 73 АҚШ долларига тенг нархда буюртма қилиш мумкин. Бевосита бозорга қанақа нархда чиқиши эса ҳозирча номаълум. Унинг илк «аждод»и – Xiaomi Qin 1s телефонини эса Terashop.uz интернет-дўконимиздан атиги 590 000 сўм эвазига ҳозироқ харид қилиш имкони бор.

ЎҚИНГ: Етти минг долларга Redmi K20 Pro бор, оласизми?

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.