Xiaomi қуввати 30 кунга етувчи, ҳимояланган смарт-соат тақдим этди

  •   DiMaX
  •  3259
  •  06.04.2020 21:00

Xiaomi қуввати 30 кунга етувчи, ҳимояланган смарт-соат тақдим этди

«Хитойча Apple» ўз экотизимига кирувчи Haylou бренди остида навбатдаги тақилувчи девайсини намойиш қилди. Haylou Solar LS05 (ёки Haylou Solar Smart Watch) русумли ушбу «ақлли» соат классик дизайндаги доирасимон циферблатга эга.

ЎҚИНГ: Рангдор экранли, тағин арзон Redmi Band чиқди: бу сизга Mi Band эмас!

Haylou Solar LS05 корпуси металлдан ишланган бўлиб, IP68 стандартига кўра чанг ва сувдан ҳимояланган. Уни таққан ҳолда нафақат душда ювинавериш, балки ҳатто сув остига ҳам шўнғиш мумкин!

Соатнинг экрани ўлчами 1,28 дюймлик, LCD-дисплей тасвир аниқлиги 240х240 пикселни ташкил этади. Ишлаб чиқарувчининг таъкидлашича, соат экранининг ёрқинлиги ҳаттоки тўғридан-тўғри қуёш нурлари тушиб турган шароитда ҳам контентни кўришга етарли.

Янги гаджетнинг муҳим хусусиятларидан бири унинг юқори даражада автономлигидир. Ток сиғими 340 мА/соатлик аккумуляторнинг тўла қуввати тежамкор режимда нақ бир ойга етади! Юрак қисқаришларини туну кун мониторинг қилиб бориш функцияси ёқиқ бўлганида эса 14 кунгача сизга розетка керак бўлмайди.

Solar LS05 жисмоний фаолликнинг 12 хил турини кузатиб бориш функциясига эга. Булар қаторида югуриш, юриш, йога, баскетбол ва бошқалар мавжуд. Смартфонга келган билдиришномаларни акс эттиришдан ташқари, қурилмада яна қадам ўлчагич ва калориялар ҳисоблагич функциялари ҳам бор.

Мазкур «ақлли» соат Bluetooth 5.0 протоколи орқали Android (4.4+) ҳамда iOS (8.0+) операцион тизимли смартфонларга боғлана олади. Силикон тасмачали девайснинг вазни 54 граммга тенг.

Xiaomi аллақачон Haylou Solar LS05 смарт-соати учун Youpin краудфандинг платформасида олдиндан буюртма очган. Унинг нархи 21 АҚШ долларига тенг, буюртмачиларга 18 майдан етказиб бера бошлашади.

ЎҚИНГ: «Четроқ тур, Xiaomi!» – Realme яна бир турдаги илк девайсини тақдим этяпти

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!