Xiaomi раҳбари ҳайратда: 9 яшар бола илк Redmi смартфонини санъат асарига айлантирди!

  •   DiMaX
  •  2040
  •  16.02.2021 10:15

Xiaomi раҳбари ҳайратда: 9 яшар бола илк Redmi смартфонини санъат асарига айлантирди!

«Хитойча Apple» ора-орада ўзининг эски моделлардаги қурилмаларини ҳам эслаб, шу билан компания маҳсулотларининг нуфузини сақлаб туришга одатланган. Масалан, икки йилча аввал, ўшанда ҳали тақдим этилмаган Redmi K20 Pro флагманида компаниянинг илк смартфони – Xiaomi Mi 1 моделини ишлаётган ҳолида суратга олиб кўрсатган эди.

ЎҚИНГ: Смартфонингизга ҳозироқ Android 12 қиёфасини бахш эта оласиз!

Компаниянинг бош директори Лей Цзюнь (Lei Jun) куни кеча Weibo ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ўзини ҳайратга солган қизиқ воқеа ҳақида пост чиқарди. Унинг ёзишича, тўққиз ёшли болакай энг биринчи Redmi смартфонини қисмларга ажратиб, уларни рамкага жойлаган.

«Бу жуда креатив ёндашув. Мен сизга ҳам ўзингиз ишлатаётган мобил телефонни шу каби санъат асарига айлантиришни таклиф этаман. Бу барчага телефоннинг тузилишини янада яхши англашга ёрдам беради», дейди Лей Цзюнь.

ЎҚИНГ: Таниқли «устабузармон» яп-янги Xiaomi Mi 11’ни ёриб кўрди (видео)

Айтиш керакки, санъат асарига айлантирилган ушбу смартфон 2013 йили намойиш этилган. Болакайнинг тасдиқлашича, қисмларга ажратгунича ҳам у иш қобилиятини йўқотмаган, фақат ҳозирги мезонлар бўйича жуда секин ишлаётган экан.

Биринчи авлод Redmi смартфонида 28 нанометрлик техник жараён асосида тайёрланган, тўрт ядроли MediaTek процессори қўлланган эди. Қурилма 1280х720 пикселлик экран, 1/4 гигабайтлик тезкор/ички хотира билан таъминланган ва MIUI 5 график қобиғи остидаги Android 4 операцион тизими бошқаруви остида ишлаган.

Илк Redmi телефони 2050 мА/соатлик аккумулятор, 8 ва 1,3 мегапикселлик асосий ҳамда олд камералар билан жиҳозланган. Xiaomi уни ўша пайтда 125 АҚШ долларига баҳолаган эди.

ЎҚИНГ: 108 МПлик энг арзон камерофон намойиш кунини Redmi расман айтди

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!