Xiaomi Redmi 5 ҳамёнбоплар орасида "энг яхши таклиф" бўлади

Xiaomi Redmi 5 ҳамёнбоплар орасида

Xiaomi шу кунларда ҳамёнбоп смартфонлар бозорида ўз нуфузини сақлаб қолишга уринмоқда. Арзон гаджетлари билан тезда обрўга эришган бу бренд қимматбаҳо мобил алоқа воситалари ишлаб чиқараётган бўлса ҳам, чўнтакка монанд телефонларни тайёрлашни унутгани йўқ.

Redmi туркуми кўпчиликка таниш -- арзон ва яхши жиҳатлар эга смартфонлар туркуми. Шу кунларда компания брендни янги моделлар -- Xiaomi Redmi Note 5 ва Redmi Note 5A билан бойитиш ҳаракатида.

Инсайдерларнинг маълумотларига таянадиган бўлсак, бу моделлар арзон смартфонлар орасида энг кучли жиҳатларга эга гаджетлар бўлишади.

Redmi 4 "меросхўри" бўлган Xiaomi Redmi 5 девайси 2 талқиндаги аппарат платформада ишлаб чиқарилади: Snapdragon 625 ҳамда 630 процессорларида. Хотира сиғимига кўра, янги модел 5 версияда ишлаб чиқарилади: Snapdragon 625 чипига эга талқин 2 модификацияда, яъни 3 Гб тезкор ва 16 Гб доимий (нархи $126 доллар) ҳамда 3/32 Гб ($153 доллар). Нисбатан кучлироқ бўлган Snapdragon 630 чипидаги талқин эса 3/32 Гб ($162) ва  4/32 Гб ($176), шунингдек  4/64 Гб ($191) хотирали талқинларда ишлаб чиқарилади.

Бундан ташқари, ультра-ҳамёнбоп талқин ҳам бозорга чиқарилади. Унга 3/16 Гб хотира ўрнатилади. Мазкур девайс $117 долларга баҳоланади. Бу махсус талқин бўлиб, Xiaomi'нинг Mijia деб номланган суббренди остида сотувга чиқарилади.

Xiaomi Redmi 5'га хос бошқа жиҳатлар ҳам ёмон эмас: 5 дюймли,  FullHD сиғимли дисплей, 16 мегапикселли бош камера, бармоқ излари сканери ҳамда 3680 мА соат ток сиғимига эга аккумулятор. Бу "қувват тоши" Quick Charge 3.0 технологияси ёрдамида тезкор қувват олади. 

Смартфон дизайни ҳам ёқимли. Айниқса, 7,6 мм.ли тўлиқ металли корпус кўпчилик учун таниш мақбул дизайн. Янги Xiaomi Redmi 5'да илк маротаба Xiaomi'нинг Android 7.1.1 базасида ўзлаштирилган MIUI 9 операцион тизими тақдим қилиниши ҳам кутилмоқда.

Яна бир муҳим маълумот: янги моделнинг 12 ва 13 мегапикселли 2 та сенсордан иборат бош камераси бўлиши ҳам тахмин қилинмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!