Xiaomi Redmi 5 Plus: 5, "плюси билан"!

Xiaomi Redmi 5 Plus: 5,

"Хитойлик Олма" флагманларнинг оммага хуш келадиган жиҳатларини ўрганиб, бундай хусусиятларни оддий моделларга ҳам жорий қилишга интилмоқда. 

Нарх-навоси барча учун қулай мобил алоқа қурилмалари орасида харидорни ҳайратда қолдирадиган ва пул сарфлашга мажбур қиладиган моделни яратиш -- осон иш эмас. Бироқ, бу ишни ҳадисини олган Xiaomi янги смартфони билан яна бир бор барчани диққатини торта олди.

Xiaomi Redmi 5 Plus стол устида ёки кафтингизда олд панели билан турганида, бир қарашда уни қимматбаҳо смартфон деб ўйлайсиз. У замонавий трендга муносиб девайс.

Унинг "иниси" бўлган Xiaomi Redmi 5 модели ҳақида олдинги тавсифда кўп ва хўп сўзлаган эдик. Бу галги "қаҳрамонимиз"нинг жуссаси уникига қараганда анча салобатли.

Ўқинг: Xiaomi Redmi 5: "Малика"дан "бешни олинг"!

Xiaomi Redmi 5 Plus'нинг техник жиҳатлари:

Корпус материали: металл, шиша;
Операцион тизим: Android Nougat, MIUI 9;
Алоқа тармоқлари: 2 та сим-картали, GSM (1/3/5/8), CDMA (BCO), WCDMA (1/2/5/8), TD-SCDMA (34/39), TDD-LTE (34/38/39/40/41), FDD-LTE (1/3/5/7/8);
Дисплей: IPS 5,99'', сиғими 2160x1080 пиксел (FullHD+), томонлар нисбати 18:9, экран ёруғлиги миқдори 450нит, контраст 1000:1, 84% NTSC;
Процессор: 14 нм, Snapdragon 625, 8 ядроли (Cortex-A53 2,0 ГГц);
График чип: Adreno 506;
Оператив хотира: 3/4 Гб;
Доимий хотира: 32/64 Гб, microSD мавжуд;
Интерфейс: Wi-Fi 802.11 b/g/n 2.4 ГГц, Bluetooth 4.2, microUSB порти, 3.5 мм.ли гарнитур;
Бош камера: 12 Мп (f/2.2), 5 линзали, пиксел ҳажми 1,25 мкм ва PDAF технологияси;
Олд камера: 5 Мп, фоточақноқ;
Навигация: GPS, ГЛОНАСС, BeiDou;
Қўшимча: бармоқ излари сканери;
Батарея: литий-полимер (Li-Pol), ток сиғими 4000 мА соат;
Ўлчамлари: 158,5 мм x 75,45 мм x 8,05 мм;
Вазни: 180 грамм.

Xiaomi Redmi 5 Plus ва Xiaomi Redmi 5

Диққатга сазовор экран

Қаршимизда 5,99 дюймли, яъни йирик экранли ҳамёнбоп смартфон турибди. Дисплей қирралари ясси ва 2,5D шаклидаги безак шишаси билан қоплаб олинган. Дисплей ва шиша оралиғида ҳаво қатлами мавжуд эмас. Ҳамёнбоп смартфон учун экран сифати ниҳоятда қойилмақом: ёрқин, тасвирлар ранг-баранг ҳамда равшан.

Экраннинг пиксел сиғими FullHD+, яъни 2160х1080 белгига тенг. Бу сиғим ҳам жуда кўнгилдагидек. Натижада, унда акс этган тасвирлар аниқ-тиниқ намоён бўлади. Экран атрофидаги ромлар бир оз сезиларли.

Дисплей чўзинчоқ, яъни бугунги тренд тилида айтадиган бўлсак, унинг томонлар нисбати 18:9 стандартида ишланган. Бугун флагман смартфонлар айнан шу ўлчамда ишлаб чиқарилмоқда. Айнан шундай кенг форматли дисплей ҳозир барчанинг қизиқишини уйғотмоқда.

Дизайн ҳамда фойдаланишга қулайлик

Дизайнерларнинг универсал кўринишдаги замонавий аппарат яратишга ҳаракат қилгани кўриниб турибди. Смартфонлар кўринишиданоқ одамни ўзига мафтун қилади.

Xiaomi Redmi 5 Plus орқа томонидан у қадар ҳам жозибадор кўринмаслиги мумкин. Унинг орқа панели бренднинг бошқа ҳамёнбоп гаджетларини эслатиб юборади.

Орқа панелнинг маркази алюминийдан тайёрланган, юқори ва қуйи қисмларига эса пластик улоқлар уланган. Металл ва пластик ўртасидаги рангда фарқ бир оз сезилади. Муҳими, смартфоннинг йиғилиш сифатига гап йўқ.

Смартфон тилла рангдан ташқари, қора, тилла-пушти ҳамда мовий-кўк рангли корпусларда ишлаб чиқарилмоқда.

Смартфон камбар бўлгани боис, кафтга осон жойлашади. Унинг шакли чўзинчоқ бўлгани боис, бу гаджетда ўйинни ҳам маза қилиб ўйнаш ёки унда тасвир томоша қилиш мумкин.

Ўлчамининг қулайлиги боис, Xiaomi Redmi 5 Plus моделини бир кафтда ҳам бошқариш мумкин. Бироқ, менюдан эркин фойдаланиш учун 6 дюймли дисплейга эга девайслар катталик қилади.

Бармоқ изи сканери орқа панелдан ўрин эгаллаган. Хитойнинг аксарият смартфонларида бугун бундай сенсор орқа панелга кўчирилмоқда. 

Xiaomi Redmi 5 Plus (ўнгда) ва 5 дюймли Xiaomi Redmi 4x (чапда)

Камера, овоз ва алоқа имкониятлари

Бошқа ҳамёнбоп смартфон моделлари билан таққослаганда, Xiaomi Redmi 5 Plus моделида ўрнатилган камеранинг ишлаш сифати юқори. У ҳаттоки сурат олишда бир оз қиммат бўлган смартфонлар билан беллаша олади.

Мобил алоқа қурилмасидаги бош камера 12 мегапикселли, олд камера 5 мегапикселли. Қуйидаги суратларга қараб, унинг камера имкониятларига баҳо беринг. 

Смартфоннинг видео тасвирга олиш сифати ҳам яхши, овоз эса чидаса бўлади. Аудио қулоқчинларда тинглаганда, овоз заҳирасининг ўртача эканини пайқаш мумкин. Телефондаги суҳбат динамиги сифатли ва баланд овоз етказиб беради, мусиқани тинглаш ҳам фойдаланувчини хурсанд қилади.

Смартфонда сим-карта ва хотира картаси учун гибрид бўлмачадан фойдаланилган. Яъни, ьир вақтнинг ўзида бу бўлмачага 2 та сим-карта ёки битта SIM-карта ва битта қўшимча хотира флешкасини қўйиш мумкин. Xiaomi Redmi Note 5A моделида бу бўлмачалар алоҳида эди. Бу гал компания бир оз эринчоқлик қилган кўринади.

Смартфон microUSB порти орқали қувват олади. 2018 йилда универсал Type-C портлари оммалашмоқда. Xiaomi ҳозирча бу техник ечимни арзон смартфонлари учун ўйлаб кўрмаган экан.

Платформа самарадорлиги, операцион тизим ва қувватдорлик

Xiaomi Redmi 5 Plus модели учун Qualcomm Snapdragon 625 процессори танланган. Бу чипсетга икки йил бўлган ва бошқа кўплаб ҳамёнбоп гаджетларда татбиқ қилинган. Талқинидан келиб чиқиб, унга 3/32 ёки 4/64 гигабайтли тезкор ва доимий хотиралар ўрнатилган.

Смартфон бенчмаркларда у қадар ҳам ҳайратланарли натижалар қайд этмаган. Яъни, ҳамёнбоп смартфонлар билан бир хил балл тўплаган.

Смартфон график ва мураккаб тасвирли ўйинларни у қадар ҳам яхши кўрмаслиги мумкин. Мисол учун, WoT каби қийин ўйинларни ҳам ўйнаш мумкин.

Смартфон Android Nougat тизимининг компания томонидан ўзлаштирилган MIUI 9 талқини бошқарувида фаолият кўрсатади. Бу талқин тезкор ишлаши ва қувватни тежаши билан ҳамда муҳим функциялари билан фойдаланувчини хурсанд қилади.

Xiaomi Redmi 5 Plus'нинг батарея ток сиғими 4000 мА соат. Бу телефон аккумулятори қувватини тўлдириш учун унга 2,5 соат керак бўлади. Бу қувват билан ундан 1,5-2 кун фойдаланиш мумкин. Экран ёруғлигини юқори даражага қўйиб нақ олти соат видео кўриш мумкин. Бу -- ажойиб натижа!

Рақиблар

Юқорида айтиб ўтганимиздек, Redmi 5 Plus моделининг "укаси" бор. Redmi 5 модели ундан бир оз кичкина. Унинг экран сиғими ва диагонали кичик, аккумулятор сиғими ҳам кичикроқ ҳамда бу моделга ўрнатилган процессор ҳам унчалик кучли эмас. Бироқ, қуйи модел анча ҳамёнбоп. Шу билан бирга, дизайн бир хил ва бошқа ҳамёнбоп моделларни доғда қолдиради.

Redmi 5 Plus моделининг яна бир рақиби — янги Meizu M6s. Металл корпусли Meizu M6S ҳамёнбоп смартфон моделлари сирасига киради. Унинг нархи 100 АҚШ долларига баҳоланган. Смартфон жиҳатлари ҳам шунга яраша: 5,7 дюймли, 1440х720 (ёруғлик даражаси 450 нитгача, контраст 1000:1) пикселли экран, Samsung Exynos 7872 (6 ядро, 14 нм техник жараён) процессори, 3 ГБ тезкор ҳамда 32 ёки 64 ГБ доимий хотира.

Meizu M6S'нинг батарея сиғими 3000 мА соат ва уни ярим соатда 52% га тўлдириш мумкин. Бош камера 16 Мп (f/2.0), олд камера 8 Мп (f/2.0) аниқлигидаги суратлар олади.

Яна бир рақиб -- 160 долларлик Meizu M6 Note фаблети бўлиб, 5.5 дюймли, Full HD сиғимли дисплейи, Snapdragon 625 процессори билан ҳамда нархи билан ҳам "шяоми"га бас келади.

Xiaomi Redmi 4X ҳам бу янги моделга рақиб бўла олади. Унга, шунингдек Mi 5X ёки A1 моделларига ҳам бир хил процессор ўрнатилган.

Нарх ва наво

Xiaomi Redmi 5 Plus Хитойда $150 АҚШ долларидан (3/32 ГБ талқини) бошлаб, $200 АҚШ долларигача (4/64 ГБ) туради. Айни кунларда бу моделнинг 4/64 ГБ талқинини "Малика"дан 2,180,000 сўмдан харид қилиш мумкин.

Хулоса

Redmi 5 Plus ҳадеб суратга тушмайдиган, "топ" самарадорлик ортидан чопмайдиган, бироқ дисплейда тасвир ва томоша кўришга иштиёқманд одамлар учун. Ҳаддан ташқари ҳашамни ёқтирмайдиган, бироқ янги тенденцияларга эга смартфонни хоҳлайдиган харидорлар учун Redmi 5 Plus айни муддао.

Хулоса

Redmi 5 Plus ҳадеб суратга тушмайдиган,

7.4балл

Redmi 5 Plus ҳадеб суратга тушмайдиган, "топ" самарадорлик ортидан чопмайдиган, бироқ дисплейда тасвир ва томоша кўришга иштиёқманд одамлар учун. Ҳаддан ташқари ҳашамни ёқтирмайдиган, бироқ янги тенденцияларга эга смартфонни хоҳлайдиган харидорлар учун Redmi 5 Plus айни муддао.

Дизайн

Экран

Процессор

Камера

Аккумулятор

Қаердан сотиб олиш мумкин?

asaxiy.uz 1,5 млн сўм (3/32 Гб) Сотиб олиш

 Афзаллиги

  • катта ва сифатли экран
  • замонавий тренд ва дизайн
  • корпус сифати
  • арзон нархи
  • яхши аккумулятор

 Камчилиги

  • NFC йўқ
  • процессор аввалги моделдаги каби
Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!