Xiaomi Redmi Note 4 эгалари учун муҳим хабар бор!

Xiaomi Redmi Note 4 эгалари учун муҳим хабар бор!

Xiaomi Redmi Note 4 смартфони эгалари учун муҳим янгилик бор. Ниҳоят, гаджетнинг дастурий таъминот тизими илғор платформага эга бўлади. Ишлаб чиқарувчи Redmi Note 4'нинг Android Nougat операцион тизимига янгиланиши хусусида маълум қилган. Ҳозирча мазкур янгиланиш ҳажми 1.3 гигабайтни ташкил қилади ва грецияликлар биринчилардан бўлиб бу имкониятга эга бўлдилар. Тез орада мазкур моделнинг бошқа давлатдаги фойдаланувчилари ҳам янги платформага кўчиш мумкинлиги тўғрисидаги хабарни оладилар.

Ҳозирча Xiaomi'нинг энг оммабоп девайси Android Nougat'нинг 7.1.2 эмас, 7.0 талқинига эга бўлган. Шундай бўлса ҳам, фойдаланувчилар операцион тизими апдейтидан сўнг Google'нинг июлда эълон қилинган хавфсизлик дастурига эга бўладилар. Бу дастур операцион тизимида мавжуд  вирусга қарши нозик жиҳатларни бартараф қилади.  

Xiaomi Redmi Note 4 фойдаланувчилари айни пайтда ишлайдиган ва компания томонидан ўзлаштирилган MIUI 8.5 тизими билан ҳам хайрлашадилар. Фойдаланувчилар 11 августдан бошлаб Redmi Note 4'ларини яп-янги MIUI 9'га янгилашлари мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Xiaomi компанияси MIUI 9'да бир қатор илғор ўзгариш ва янгиланишларни ваъда қилмоқда. 

MIUI'нинг янги авлоди хотирани автоматик равишда тозалайди ва кэшни бошқаради, фрагментацияга қарши реал вақт режимида курашади, шунингдек унда ахборотни ҳимоялаш, симсиз уланиш технологияси мустаҳкамланган.

Шунингдек, MIUI 9'да бир вақтнинг ўзида 2 та иловадан фойдаланиш мумкин. Дейлик, сиз бирор мессенжердан муайян манзилни оласиз. Шу вақтда сизга "Харита" иловасини очиш имкони берилади.

MIUI 9'даги яна бир кутилган функция -- "кўп ойнали" режим бўлди.  Унинг ёрдамида экранни 2 га бўлиб, бир вақтнинг ўзида 2 тадан зиёд иловадан фойдаланиш мумкин.

Ишлаб чиқарувчининг бир неча йил аввалги смартфонлари ҳам бу ўзгаришларни қўллаб-қувватлайди.