Xiaomi смартфонлари учун MIUI 9 расман фойдаланишга топширилди

  •   DiMaX
  •  2431
  •  03.11.2017 08:32

Xiaomi смартфонлари учун MIUI 9 расман фойдаланишга топширилди

Хитойдаги смартфонсоз Xiaomi компанияси Android учун ишланган ўз устқурмасининг навбатдаги – MIUI 9 талқинигача янгиланиш расман бошланганини маълум қилди. Бу тўғрида Hi-Tech Mail.Ru нашри хабар берган.

Айтиб ўтиш керакки, MIUI 9’нинг айрим имкониятларини шу йилнинг июль ойидаёқ Xiaomi бош директори Лэй Цзюн маълум қилган, кейинроқ эса Шанхайда бўлиб ўтган тадбирда ушбу тизим талқинининг янги функциялари намойиш этилган эди. Энди эса, ниҳоят, компаниянинг бир қатор қурилмаларига MIUI 9 қобиғини юклаб олиш имконияти расман тақдим этилди.

Ушбу версиянинг ёқимли жиҳатларидан айримлари – иловаларни ишга туширишнинг «ақлли» режими, смартфондаги Split Screen режими, шунингдек, «иловалар омбори» деб номланувчи функциядир.

MIUI 9 талқини бошқаруви остида ишловчи смартфонларда кэшни автоматик тозалаш функцияси ҳам бўлади. Яна 21 та анимацияли белгича (иконка) ҳамда тезкор жавоблар функцияси ҳам тақдим этилади.

Xiaomi интерфейсни такомиллаштириш ва оптимизациия қилиш йўлида кўп  меҳнат қилгани сезилиб турибди. Ишлаб чиқувчиларнинг таъкидлашича, энди MIUI ҳам, худди Xiaomi Mi A1 моделидаги «соф» Android каби тез ишлайди. Шунингдек,  компания ўзининг бу ишланмасини жанубий кореялик гигантнинг Galaxy J7 Max моделидаги Samsung Experience 8.1 қобиғи билан солиштириб, MIUI 9 унга нисбатан сезиларли даражада тез ишлашига урғу берган.

Бир нарсани эсда тутиш лозим: гарчи Google аллақачон Android 8.0 Oreo талқинини синовдан ўтказмоқда, янги MIUI 9 қобиғи эса ундан олдинги – Android Nougat операцион тизимига асосланган.

Барқарор MUI 9 талқинигача янгилана оладиган Xiaomi смартфонлари рўйхати билан мана бу ерда танишинг.

Шунингдек, 2 ноябрда Xiaomi ўзининг янги – Redmi Y1 ҳамда Redmi Y1 Lite смартфонларини ҳам тақдим этди. Бу иккала модел ҳам Redmi 5A’нинг версиялари ҳисобланади.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.