Xiaomi смартфонларида сифатли суратга олиш учун камерани қандай созлаймиз?

  •   DiMaX
  •  990
  •  09.02.2018 07:30

Xiaomi смартфонларида сифатли суратга олиш учун камерани қандай созлаймиз?

Смартфонлар ривожланиши билан мобил сураткашлик ҳам кенг тарқалди, аммо телефон орқали ҳамма ҳам яхши суратга тушира олмаслиги табиий ҳол. Расмнинг яхши чиқиши кўп нарсаларга боғлиқ, жумладан қурилманинг камерасига, унинг техник ва дастурий таъминотига, шунингдек, созламаларига ҳам.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi Note 5a — "Малика"даги энг арзон камерафон!

Ҳозирда жуда оммалашиб бораётган Xiaomi смартфонларининг камералари ҳам моделига боғлиқ ҳолда турли жиҳатларига кўра ўзаро фарқ қилиши мумкин. Табиийки, компаниянинг Mi туркумига мансуб флагманлари, бошқа жиҳатлари сингари, камераси билан ҳам кўп ҳолларда Redmi моделларидан устун. Аммо ҳар қандай Xiaomi смартфонида ҳам сифатли суратга олиш учун камерани тўғри созлаш муҳим.

Бугун шу бўйича мутахассисларнинг тавсияларини кўриб чиқамиз. Буларни амалга ошириш учун Xiaomi смартфонингизнинг камерасини очиб, унинг «Созламалар»и – «Настройки»га киринг.

  1. Агарда смартфонингизга SD-карта қўйган бўлсангиз, камера суратларини сақлаш учун ундан фойдаланганингиз маъқул. Хотира картасининг устунликлари кўп, жумладан – унга минглаб расмларни сиғдириш мумкин. Шулар қатори, камера орқали олинадиган расмларни тўғридан-тўғри SD-картада сақланадиган қилиб созлаб қўйсангиз, бу ҳол туширилаётган суратнинг сифатига ҳам оз бўлса-да ижобий таъсир кўрсатади.
  2. Фотосуратларнинг сифати яхши чиқиши учун олинадиган расм томонларининг ўзаро нисбати («Формат кадра») қандай бўлиши ҳам аҳамият касб этади. Смартфонда расмга туширишда энг мақбул вариант – томонларнинг 3:4 нисбатида бўлишидир.
  3. «Тасвир сифати» «Качество изображения»ни танлаганингизда, «Юқори» («Высокое») бандини белгилаб қўяверинг. Шунда смартфонингиз камерани максимал даражада ишга туширади ва расмда тасвирнинг майда деталларигача аниқ кўрсатади.
  4. Тажрибасиз фойдаланувчилар кўпинча ранглар кескинлигини («Резкость» ёки «Четкость») танлашда мутлақо нотўғри йўл тутишади – кескинликни энг юқори даражага кўратиб қўйишади. Аслида эса, фотосуратнинг табиий ва сифатли чиқиши учун бу кўрсаткични «Паст»«Низкий», ёки ҳатто «Энг паст» «Самый низкий» қилиб белгилаган маъқул.
  5. Тасвирнинг контрасти («Контрастность») ва рангларнинг тўйинганлиги («Насыщенность») борасида эса ҳеч нимани ўзгартирмай қўяверган маъқул. Буларни «Меъёрий»«Нормальный» (айрим моделларда «Ўртача»«Средний» дейилади) даражада қолдириш кифоя.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп камерафонлар жанги: Xiaomi Mi A1 ва Honor 7X

Айтиш керакки, юқоридаги тавсиялар ҳамиша ҳам энг яхши сифатдаги суратлар олиш учун эталон бўла олмайди. Смартфон орқали олинадиган расмнинг сифатига таъсир этувчи ташқи омиллар – шароитнинг қанчалик ёритилганлиги, ракурс кабилар ҳам муҳим.

Масалан, чақноқни қўллаш масаласига эътибор беринг – тунда ёки нимқоронғи хона ичида суратга олишда унинг аҳамияти беқиёс. Аммо кундуз куни, қуёш нурлари етарли бўлган шароитларда чақноқ бефойда, баъзан эса у ҳатто тасвирни ҳаддан зиёд оқартириб юборади.

Шу боис ҳам вазиятга қараб, Xiaomi телефонингиз камераси созламаларини ўзгартиришингиз мумкин.

ЎҚИНГ: Xiaomi'дан яхши смартфон танлаймиз, бу – осон иш эмас!

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!