Xiaomi смартфонларига ҳали расман юборилмаган глобал MIUI 10 прошивкасини ҳозироқ ўрнатиш мумкин!

  •   DiMaX
  •  2567
  •  22.06.2018 13:08

Xiaomi смартфонларига ҳали расман юборилмаган глобал MIUI 10 прошивкасини ҳозироқ ўрнатиш мумкин!

Май ойининг сўнгидаги матбуот анжуманида Xiaomi корпорацияси янги қурилмалари билан бирга MIUI 10 график қобиқ тизимини ҳам намойиш этди. Мазкур прошивканинг халқаро версиясини эса ундан кейинроқ, Ҳиндистондаги тадбирида кўрсатди.

ЎҚИНГ: Xiaomi ҳамёнбоп Redmi Y2 ва глобал MIUI 10’ни расман тақдим этди (+видео)

Xiaomi смартфонларига ушбу глобал прошивка талқинини тарқатиш шундан сал кейинроқ бошланган эди. Шунда ҳам бета-синов доирасида компаниянинг айрим моделлардаги телефонларига, хитойча прошивка юборилди. Глобал MIUI 10 версияси эса фойдаланувчиларга жорий йил ёзнинг охирларида жўнатилиши айтилган.

Аммо Xiaomi EU ҳамжамиятидаги қизиқувчилар MIUI 10’нинг норасмий глобал версиясини тайёрлашди – у инглиз ва бошқа айрим европача тилларни қўллаб-қувватлайди.

Xiaomi EU ROM деб номланувчи бу прошивка оригинал MIUI 10 China Developer ROM талқинига асосланган. Шу боис мазкур операцион тизимнинг барча муҳим функцияларини ўз ичига олади. Шу жумладан, фойдаланувчи интерфейсидаги кўп сонли ўзгаришлар, дастурларни ишга туширишнинг интеллектуал алгоритмлари, юзни таниш функцияси ва бошқалар унда бор.

ЎҚИНГ: Қайси Xiaomi’лар биринчилар қаторида MIUI 10’гача янгиланади?

Айни дамда Xiaomi EU ROM прошивкасини қуйидаги моделларга ўрнатиш мумкин: Xiaomi Mi 5, Mi 6, Mi 8, Mi 8 SE, Mi MIX, Mi MIX 2, Mi MIX 2S, Mi Note 2, Redmi 5 ҳамда Redmi Note 5 Pro.

ЁДДА ТУТИНГ: Xiaomi EU ROM’ни ўрнатиш – смартфонингизни тўлиқ қайтадан прошивка қилиш, деганидир. Мазкур операция бирмунча мураккаброқ бўлиб, тажрибасиз фойдаланувчиларга қийинчилик туғдириши мумкин. Бунда дастлаб смартфондаги юкловчини блокировкадан чиқариш, кейин чет рекавери файлини ўрнатиш ва шундан кейингина тизим файлини ўрнатишга киришиш мумкин.

Агарда «хитойча Apple» смартфонларига прошивка ўрнатиш бўйича муайян тажрибага эга бўлсангиз, Xiaomi EU ROM прошивкасини кўчириб олиш учун, Xiaomi EU ҳамжамиятининг тегишли лойиҳаси саҳифасига мана бу ҳавола орқали ўтишингиз мумкин. Ҳар эҳтимолга қарши, ишни бошлашдан аввал қурилмадаги маълумотларингизни компьютерга ёки «булутли» серверга кўчириб туришни тавсия этамиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi'дан янги MIUI 10: афзалликлари бисёр

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!