Xiaomi смартфонларига MIUI 12.5 келади: нималари бор?

  •   DiMaX
  •  3694
  •  10.12.2020 10:29

Xiaomi смартфонларига MIUI 12.5 келади: нималари бор?

«Хитойча Apple» ҳозир ўз смартфонларига MIUI 12 асосидаги прошивкалар тарқатмоқда. Бундан ташқари, ҳали расман намойиш қилинмаганMIUI 13 график қобиғининг интерфейсидан олинган дастлабки скриншотларни, шунингдек, биринчи видеолавҳани ва унгача янгиланувчи смартфонлар рўйхатини ҳам чиқарганмиз.

ЎҚИНГ: Xiaomi айтадиям, қайтадиям: тўртта Redmi смартфонига MIUI 12 келмайдиган бўлди!

Буни қарангки, Xiaomi компанияси шу икки авлод график қобиғи ўртасида «ўн икки яриминчи» – оралиқ версияни ҳам тайёрлабди. Расман MIUI 12.5 деб номланувчи ушбу апдейт MIUI 13 тақдимотига қадар намойиш этилиб, тарқатилади.

Mi Community China расмий ҳамжамиятидаги хабарга кўра, дастурчилар аллақачон янги график қобиқни тест қилишни бошлашмоқда. Оддий фойдаланувчилар учун ҳафталик бета-талқинларни тарқатиш ишлари эса 14 декабрдан бошланади.

Тахминларга кўра, MIUI 12.5 дастурий таъминотини Xiaomi Mi 11 ҳамда Xiaomi Mi 11 Pro флагманлари билан биргаликда расман намойиш этишлари мумкин. Шу билан бирга, ушбу смартфонлар оралиқ график қобиқдаги илк барқарор прошивкага эга бўлади.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 11 Pro илк суратда: дизайни Xiaomi Mi 11’дан мутлақо фарқли!

MIUI 12.5 график қобиғига қўшилган янги функциялар қаторида қуйидагилар мавжуд:

  • Десктоп режими – бунда смартфонга монитор улаб, уни салкам компьютер каби ишлатиш мумкин бўлади.
  • Махфийлик ва хавфсизликни ошириш учун, иловаларга фойдаланувчининг жойлашувини (геолокацияни) аниқ эмас, балки тахминий аниқлашгагина рухсат бериш мумкин. Бунинг учун махсус созлама қўшилмоқда – фойдаланувчи уни ўз ихтиёрига кўра ёқиб ё ўчириб қўя олади.
  • Янги интерфейс жорий этилган, бош саҳифа ҳам янгиланган, ўчириш-ёқиш ва овозни кўтариш-пасайтириш тугмачаларини босганда чиқадиган интерфейс, иловалар ва билдиришномалар кабиларнинг интерфейслари ҳам янгиланган.
  • Жилдларни очиш ва иловаларни ишга туширишдаги лаунчер анимациялари яхшиланган.
  • Камера созламаларида янги интерфейс қўлланган; «Галерея»нинг ўзиданоқ суратларни тезкорликда PDF форматига ўгириш мумкин.

XiaomiRedmiPoco ва Black Shark смартфонларининг глобал прошивка, глобал версия ва хитойча версиялари, уларнинг ўзаро фарқи ҳақида эса мана бу мақоламиздан батафсил маълумот оласиз.

ЎҚИНГ: Глобал бозордаги Xiaomi, Redmi ва Poco смартфонларига жами 76 та барқарор MIUI 12 прошивкалари чиқди (тўлиқ рўйхат)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!