Xiaomi тан олишга мажбур бўлди: Redmi’нинг янги смартфонларида «ишкал» бор!

  •   DiMaX
  •  1417
  •  12.04.2021 11:48

Xiaomi тан олишга мажбур бўлди: Redmi’нинг янги смартфонларида «ишкал» бор!

Мартнинг бошида Xiaomi компаниясининг арзончи бренди Ҳиндистонда тақдим этган ўнинчи авлод фаблетлар оиласига учта модел кирган: стандарт Redmi Note 10 смартфони, унинг Redmi Note 10 Pro версияси ҳамда янада илғор Redmi Note 10 Pro Max. Лекин улар жаҳон бозорига сал бошқачароқ номлар билан чиққан: глобал Redmi Note 10 Pro модели ҳиндча Redmi Note 10 Pro Max билан бир хил.

ЎҚИНГ: 108МПлик Redmi Note 10 Pro камераси iPhone 12’никидан зўрми? («жонли» тест видеоси)

Дунёнинг турли мамлакатларида Redmi Note 10 туркумидаги смартфонлар эгалари ўтган ҳафтада уларнинг экранларида муаммолар чиққанини эълон қила бошлашди. Twitter ва бошқа ижтимоий тармоқларда фойдаланувчиларнинг ёзишларича, уларнинг дисплейи липиллайдиган бўлиб қолган. Айримларида сенсори вақтида реакция бермайдиган бўлса, баъзиларида қотиб қолган. Хусусан, янгиланишнинг 120 герцлик режимига ўтказилганида ёки тўқранг режимни ёққанда шунақа муаммоларга дуч келишган.

Тармоқларда шу каби хабарлар тарқалгач, Xiaomi India бу бўйича расмий баёнот билан чиқишга мажбур бўлди. Гарчи муаммо мавжудлигини тан олган бўлса-да, компания кишиларни ваҳима қилмасликка чақирган ва бу нуқсонлар жуда кам сонли Redmi Note 10 смартфонларида учраётганини таъкидлаган.

Xiaomi баёнотига кўра, Redmi бренди мукаммалликка ҳамда мижозлар талабларини қондириб, уларнинг ишончини оқлашга интилишда давом этаверади. Компания айни дамда ушбу нуқсонлар сабабларга аниқлик киритаётганини ва бу масалага ўта жиддий ёндашажагини маълум қилган.

ЎҚИНГ: Xiaomi Redmi Note 10'нинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан танишамиз

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!