Xiaomi тарихда илк бор Samsung ва Apple’дан ўзиб, смартфон бозорида етакчи бўлди

  •   DiMaX
  •  445
  •  03.08.2021 11:10

Xiaomi тарихда илк бор Samsung ва Apple’дан ўзиб, смартфон бозорида етакчи бўлди

«Хитойча Apple» жорий йилнинг иккинчи чорагида энг оммабоп смартфонсозлар рейтингида купертинолик гигантни иккинчи ўриндан туширишга эришган эди. Strategy Analytics компаниясининг мазкур давр учун эълон қилган ҳисоботига кўра, Европа бозорида смартфон сотиш бўйича у мисли кўрилмаган натижалар кўрсатган.

ЎҚИНГ: ТОП-10: Энг секин арзонлашувчи смартфонлар (2021 йил июнь)

2021 йилнинг 2-квартали Xiaomi компанияси Европа смартфон бозорида етакчилик қилган. Хитойликлар телефон сотиш бўйича ҳаттоки Samsung ва Apple каби гигантларни ҳам ортда қолдиришган.

Компания уч ой мобайнида бу қитъа мамлакатларида 12,7 миллионта смартфон сотиб, бозорнинг 25,3% қисмини эгаллаган. Xiaomi ўтган йилнинг шу даврига нисбатан Европада смартфон савдоси ҳажмини нақ 67,1 фоизга оширган!

Apple эса, апрелдан то июнгача ўтган йилнинг шу даврига қараганда 15,7 фоизга кўп айфон сотган бўлса-да, учинчи ўриннигина олган.

Бироқ Xiaomi биринчи ўринга чиқиб олганининг асосий сабаби – ушбу чоракда Samsung смартфон савдоларининг пасайиб кетганлигидир. Жанубий Кореялик корпорация ҳисобот даврида атиги 12 миллионта смартфон сотган, бу эса ўтган йилнииг 2-чорагидаги ўз кўрсаткичидан 7 фоизга паст. Мазкур натижа билан у Европа бозорининг 24 фоизини ҳамда умумий рейтингда иккинчи ўринни эгаллаб турибди.

ЎҚИНГ: Оммабоп смартфонлар топ ўнталиги (30-ҳафта)

Энг ҳайратланарли натижани эса барибир Realme кўрсатган – 2020 йилнинг иккинчи кварталига нисбатан 1800 фоизлик ўсиш! Аммо сотилган смартфонлар сони (1,9 миллионта) ҳамда Европа бозоридаги улуши (3,8%) бўйича у анча пастда.

Realme’дан олдинги ўринда OPPO компанияси турибди – Европада у 2,8 миллионта смартфон сотиб, бозорнинг 5,6 фоизини банд этган. Ўтган йилнииг 2-кварталига нисбатан бу йилда унинг смартфон савдоси 180 фоизга ошган.

Бошқа барча смартфонсозларнинг Европа смартфон бозоридаги умумий улуши 22,2 фоизни, сотилган ақлли телефонлар сони эса 11,1 миллионтани таўкил этган. Бир йил давомида Европада смартфон бозори 14,4 фоизга ўсиб, 50,1 миллионтага етган.

ЎҚИНГ: Энг арзонидан энг зўригача: Android-смартфонларнинг бешта рейтинги (AnTuTu, 2021 йил июнь)

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!