Xiaomi тайёрлаётган – сканерли дисплейга эга, 256 ГБ хотирали смартфонни томоша қиламиз!

  •   DiMaX
  •  2135
  •  10.02.2018 11:10

Xiaomi тайёрлаётган – сканерли дисплейга эга, 256 ГБ хотирали смартфонни томоша қиламиз!

Аввалроқ тарқалган хабарларга кўра, «хитойча Apple» ўзининг Mi 7 флагманини бу йилги Mobile World Congress кўргазмасида намойиш этишни режалаштирмаяпти. Бироқ у мазкур тадбирга тақдим этишга тайёрлаётган бошқа смартфонлар ҳам таҳсинга лойиқ.

ЎҚИНГ: Xiaomi февралда Mi 7’ни кўрсатмоқчи эмас

Xiaomi компанияси 2016 йили – ҳали ромсиз экранли телефонлар урфга кирмасидан ҳам олдин ўзининг инқилобий Mi MIX ромсиз смартфонини тақдим этган эди. Орадан бир йил ўтиб, унинг иккинчи авлоди – Mi MIX 2 ҳам ишлаб чиқарилди ва у ҳозиргача катта талаб билан сотилмоқда.

Энди эса, кўплаб манбалардан чиқаётган хабарларга кўра, Xiaomi ўзининг навбатдаги – Mi MIX 2S русумли смартфонини тайёрлаяпти. Унинг расмий тақдимоти эса MWC 2018 кўргазмасида бўлиб ўтиши кутилаётир.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi Mix 2s’нинг янги сурати чиқди – дизайни умуман ўзгача!

Ушбу модел ҳақида турли маълумотлар тарқалмоқда, жумладан, рендер суратлари ҳам кам эмас. Кеча эса хитойлик инсайдерлар мазкур смартфоннинг хусусиятлари ҳамда схематик тасвирини Weibo ижтимоий тармоғига чиқариб юборишди.

Суратда кўриб турганингиздек, янги смартфон ромсиз дисплейга эга. Купертиноликларнинг iPhone X суперфлагманида олд камера ва бошқа датчиклар учун экран тепасининг ўрта қисмида «ўйиқ» жой очилган бўлса, Xiaomi Mi MIX 2S дисплейининг юқори ўнг бурчагида камера учун «кемтик» очилган. Full Screen Dislay 3.0 туридаги дисплейнинг ўлчамлари ҳамда тасвир аниқлиги борасида маълумот берилмаган, лекин унинг томонлари ўзаро 19,5:9 нисбатда бўлиши айтилаётир.

Қурилма корпусининг орқа томонида 12 мегапикселли сенсорларга ҳамда икки каррали оптик зумга эга бўлган қўшалоқ камера мавжуд. Дактилоскопик сканер эса, худди Vivo X20 Plus UD моделидаги сингари, бевосита экраннинг ўзига интеграция қилинган.

ЎҚИНГ: Виртуал сканерга эга илк смартфон расман тақдим қилинди

Xiaomi янги смартфонининг «юраги» – бақувват ва илғор Qualcomm Snapdragon 845 процессори. Мазкур чип 2,8 ГГц такт частотасида ишловчи саккизта Kryo 385 ядросини ҳамда юқори самарадорликка эга Adreno 630 график тезлатгичини ўзида жамлаган.

Ошкор этилган маълумотларга ишонсак, Xiaomi Mi MIX 2S тезкор хотирасининг ҳажми 8 гигабайтга тенг. У ҳайратланарли даражада – 256 гигабайт ҳажмга эга, UFS 2.1 туридаги доимий флеш-хотира билан жиҳозланган.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонларининг нархлари (2018 йил 9 февраль)

Xiaomi Mi MIX 2S смартфони тўртинчи авлод LTE 4G уяли алоқа тармоқларида 1 Гбит/с тезликда маълумот алмаша олади. Шунингдек, у замонавий – USB Type-C портига, Wi-Fi 802.11ad, Bluetooth 5.0 LE, A-GPS, GLONASS, NFC ва бошқа бир қатор модулларга эга.

Смартфон металл ром ишлатилмаган ҳолда, Unibody турига мансуб тўлиқ керамик корпусда ишлаб чиқарилади. У Android 8.0 Oreo операцион тизим талқинига таянган ҳолда тайёрланган MIUI 9 Global прошивкаси ўрнатилган ҳолда чиқарилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: Xiaomi смартфонларида MIUI 9’нинг ажойиб функциясини фаоллаштирамиз (+видео)

Сайтимиз хабарларини Одноклассникидаги саҳифамизда кузатиб боринг!