Xiaomi яна буклама смартфонини «жонли» видеода кўрсатиб мақтанди
Жорий йилнинг 20 февралида Samsung ўзининг буклама смартфони – Galaxy Fold моделини тақдим этганди. Huawei эса унга кўра ҳар жиҳатдан кучли Mate X флагманини намойиш этди. Шунингдек, «хитойча Apple» ҳали расман тақдим этмаган бўлса-да, бу иккаласидан ҳам зўр ўз вариантини кўрсатган.
Ушбу компания кеча Weibo ижтимоий тармоғида янги видеоролик эълон қилди – унда ўз буклама смартфонини «жонли» тарзда ишлатиб намойиш этган. Мазкур лавҳада гаджетни ёйиқ ҳолда ишлатишади, кейин эса уни букиб, тез тайёр бўлувчи угра идиши устига қўйишади.
Мана, буни қуйида ўзингиз томоша қилинг (аниқроқ кўриниши учун иккинчи мартасида секинлаштириб кўрсатишган):
Кўрганингиздек, фойдаланувчи ёйиқ смартфонда саҳифани томоша қилади, кейин эса бош саҳифага қайтиш учун экраннинг чап чеккасидан силайди. Девайсни буклаш ҳам қулай ва тез кечади, шунингдек, бунда интерфейснинг ихчам режимга ўтиши ҳам тез содир бўлган.
Xiaomi ушбу инқилобий қурилмасини жорий йилнинг иккинчи чорагида тақдим этиши ва у Samsung Galaxy Fold’дан икки баравар арзон баҳоланиши кутилмоқда.