Xiaomi’дан ажралиб чиқаётган Pocophone иккинчи смартфонини тасдиқлади! (+видео)

  •   DiMaX
  •  1350
  •  17.01.2020 15:45

Xiaomi’дан ажралиб чиқаётган Pocophone иккинчи смартфонини тасдиқлади! (+видео)

 Xiaomi 2018 йилнинг августида атиги 300 доллар атрофидаги нархга Pocophone F1 смартфонини намойиш қилганди. Кейинги пайтларда интернетда унинг иккинчи авлоди тайёрлангани ҳақида миш-мишлар кўпайган.

ЎҚИНГ: Xiaomi сир тутаётган яна бир арзон флагманни Geekbench фош этди!

Энди ушбу смартфоннинг иккинчи авлоди тайёрланаётганини Xiaomi вице-президенти ҳамда Xiaomi India етакчиси Ману Кумар Жейн (Manu Kumar Jain) ҳам тасдиқлади. Бу ҳақда унинг Technical Guruji номли YouTube-каналига берган видеинтервьюсида (ҳинд тилида) айтилган:

Афсуски, Pocophone туркумидаги янги смартфоннинг намойиш вақтини Ману Кумар Жейн айтмаган. Сайтимизда эса Pocophone F2 моделининг «жонли» сурати, ҳатто уни қадоғидан олиб ишлатиб кўрсатилган «жонли» видеоси ҳам эълон қилинган. Ҳаттоки унинг янада такомиллаштирилган версияси – Pocophone F2 Pro хусусида ҳам миш-мишлар чиққан, аммо куни кеча унинг Pocophone X2 ёки Poco X2 деб аталиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

ЎҚИНГ: Xiaomi Mi 10’ни илк «жонли» суратларда батафсил кўрамиз!

Бугун эса Ману Кумар Жейн яна бир янгиликни ўз Twitter-аккаунти орқали эълон қилди: Xiaomi корпорациясининг бир бўлинмаси сифатида иш бошлаган Poco энди алоҳида бренд бўлади. Ёдингизда бўлса керак, бундан бир йил аввал Redmi туркуми ҳам шу тариқа мустақил бренд тарзида ажралиб чиққан эди.

«Poco’ни биз Xiaomi таркибидаги бўлинма сифатида яратган эдик, аммо энди унинг ўз шахсияти мавжуд. Xiaomi Pocophone F1 ақл бовар қилмас даражада оммалашган смартфон бўлди. Биз энди, Poco мустақил бренд тарзида ишлашига имкон бериш вақти келди, деб ҳисоблаймиз», – деган Ману Кумар Жейн.

Қўшимча қилиб айтиб ўтиш мумкинки, Poco’нинг алоҳида сайти ҳам мавжуд; унда ҳозирча фақат Pocophone F1 смартфони ҳақида маълумотлар берилган. Бу борадаги янгиликларни биз билан бирга кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Redmi бестселлерини Антарктидага нега жўнатишяпти?

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!