Xiaomi’дан кейин Apple ва Google’нинг ҳам дўкон ва офислари ёпилмоқда!

  •   DiMaX
  •  659
  •  31.01.2020 11:07

Xiaomi’дан кейин Apple ва Google’нинг ҳам дўкон ва офислари ёпилмоқда!

Коронавирус сабабли Хитойда кўплаб оммавий тадбирлар тўхтатилган, «Хитойча Apple» ҳам Xiaomi Mi 10 смартфонларининг тўлақонли тақдимотини бекор қилган. Бундан ташқари, мазкур компания ўз юртидаги дўконларини ҳам ёпиб қўйган, яна...

ЎҚИНГ: Xiaomi’нинг коронавирусга қарши товари туфайли унинг ўз сайти ишдан чиқди!

Энди жаҳоннинг йирик технологик гигантлари – Apple ва Google ҳам Хитойдаги ҳамда унга қўшни мамлакатлардаги фаолиятининг бир қисмини тўхтатмоқда. Сабаби ўша – ходимлар коронавирус юқтиришининг олдини олиш.

Жумладан, Google компанияси Хитойдаги барча (Пекин, Гуанчжоу ва Шанхай шаҳарларидаги) офисларининг, шунингдек, Гонконгдаги, яна Тайвань пойтахти – Тайбэй шаҳридаги офисларининг фаолиятини тўхтатган.

Айни дамда Хитойдаги айрим компаниялар фақат онлайн савдо билан шуғулланишмоқда, лекин харидорлар барибир коронавирус хавфидан чўчишмоқда.

ЎҚИНГ: Коронавирус ваҳимаси: AliExpress’дан келадиган товарлар қанчалик хавфли?

Apple эса «Осмон ости салтанати»даги барча учта дўконини вақтинча ёпган, у ҳам ўз ходимларига хасталик юқиб қолишидан чўчимоқда. Айтиш керакки, ушбу корпорацияга коронавирус катта зиён келтиряпти – унинг қурилмаларини териб берувчи Foxconn ва Pegatron заводлари ёпилиши мумкин.

Бу корхоналар эпидемия ўчоғи деб ҳисобланиб карантинга олинган Ухань шаҳридан 500 километр масофада жойлашган. Apple маҳсулотлари учун бутловчи қисмлар тайёрлаш ва уларни териш билан ушбу заводларда ўн мингга яқин киши шуғулланади. Хитойча Янги йил байрами муносабати билан уларнинг аксарияти ҳозирда ўз уйларига, шу жумладан Уханга ҳам кетишган. Бу шаҳар жойлашган Хубэй провинцияси ҳозир изоляция қилингани сабабли Foxconn ҳамда Pegatron’нинг кўп ходимлари ишга қайта олмайди.

ЎҚИНГ: Коронавирус қаерда қанчалик тарқалмоқда? Буни кўрсатувчи онлайн сервис ишга тушди!

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!