Xiaomi'нинг 9 та антиқа гаджетини биласизми?

Xiaomi'нинг 9 та антиқа гаджетини биласизми?

Хитойнинг Xiaomi компанияси кўпчилик учун севимли бўлган смартфонлар ишлаб чиқарувчи компания ҳисобланиши билан бир қаторда кенг қамровдаги ақлли маҳсулотлар экотизимига ҳам эгалиги билан ажралиб туради.

Ҳиндистон бозорининг катта қисмини эгаллаб, Европага асталик билан кириб бораётган бўлса-да, компания бошқа ҳеч қаерда эмас, айнан ўз уйи — Хитойда кенг қулоч ёзган.

Xiaomi'нинг, масалан, ҳиндларга атагани жомадон, рюкзак ва чироқлардангина иборат бўлса, Хитойда сотиладиган маҳсулотларини санаб саноғига ета олмайсиз.

Қуйида Xiaomi'нинг ғалатиларидан тортиб, фойдалиларгача бўлган баъзи гаджетлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Универсал таржимон

«Юлдуз йўли» сериали мухлислари ракета бортидаги «Enterprise» номли универсал таржимонни яхши эслашади. Илмий-фантастик фильмдаги каби таржимонлар ҳақиқий ҳаётда мавжуд бўлмаса-да, Хиаомиънинг шунга ўхшаш ўз мухлисларига атаган маҳсулоти бор.

Xioami Mijia таржимони смартфонга ўхшаш қурилма бўлиб, микрофонлар жамланмаси ва орқа панелдаги камерадан иборат. 4.1 дюймли экрандан реал вақтда таржима қилинган матнларни кўриш мумкин, девайс интернетга уланган бўлса, албатта. 18 та тилни тушунувчи қурилманинг ҳам олд, ҳам орқа томонига жами олтита микрофон қўйилган бўлиб, бу тўғри таржима қилиш учун овозни аниқ қабул қилиш имконини беради. Бонус сифатида эса Mijia таржимондан Кўчма фаол нуқта (Portable Hotspot) сифатида ҳам фойдалансангиз бўлади.

Сотиб олиш

Рация

Ҳа, ҳа. Xiaomi рациялар ҳам ишлаб чиқаради. Ҳозирга қадар Xiaomi ушбу қурилманинг иккита авлодини ишлаб чиқарган. Компаниянинг таъкидлашича, Mijia рацияси билан 5 км гача бўлган масофада суҳбатлашиш мумкин. Бундан ташқари, ушбу гаджетда FM радио ва Bluetooth ҳам мавжуд.

Xiaomi ушбу рацияни аққллилаштириш йўлини топган. Гаджетни махсус илова орқали смартфонга улаб, тармоқнинг иккинчи аъзосига қисқа матнлар юборишингиз ёки геомаълумотларингизни узатишингиз ҳам мумкин; асосийси, бу учун интернет ҳам шарт эмас. Жуда қулай, шундай эмасми!?

Сотиб олиш

Автомобилга ўрнатилувчи симсиз қувватлагич

Бу турдаги гаджетлар ҳақида кўп ҳам ўйлаб ўтирмаймиз: уларни автомобилимиз салонига ўрнатиб, телефонимизни жойлаштириб қўямиз, тамом. Бироқ Xiaomi ушбу гаджетни такомиллаштирган. Мослама нафақат смартфонни 20 ваттда қувватлаб беради, балки ўзининг ички вентиляция тизими билан унинг қизиб кетмаслигини ҳам таъминлайди.

Бундан ташқари, қувватлагичнинг ушлагичи смартфоннинг энига томон ҳажмига автоматик мослашади. Ён томондаги инфрақизил тугмачани боссангиз, автоматлаштирилган ушлагич қисм очилиб, смартфонингизни жойлаганингиздан сўнг яна торайиб, телефонингиз ҳажмига мослашиб олади.

Сотиб олиш

Суюқ совун тутгич

Дунёнинг энг таниқли смартфонсози суюқ совун тутгич ишлаб чиқариши жуда ғалати туюлиши мумкин, лекин нима ҳам дердик. Инфрақизил нур асосида ишловчи девайс қўлингизни аниқлаб, совун ажратиб чиқариб беради. Ҳаммаси содда ва нафис.

Сотиб олиш

Инфрақизил жўмрак

Xiaomi'нинг ақлли жўмраги хонадонингиздаги жўмраклардан оқаётган сувларни тежашга хизмат қилади. Юқоридаги совун тутгич каби жўмрак учига тақилувчи ушбу девайс ҳам инфрақизил нурдан фойдаланган ҳолда қўлингизни аниқлаб, сув оқимини назорат қилади. Жўмракдан уч дақиқа сув оққанидан сўнг, қурилма оқимни тўхтатади, лекин исталган вақтда сувни ёпиш учун қўлингизни силкитишингиз ҳам мумкин.

Ушбу қурилма, айниқса, ошхонада иш беради, сабаби идишларни юваётганда кўпчилик қўли билан кранни ушлашни хоҳламайди.

Сотиб олиш

Бурун қайчи

Очиғи, таниқли смартфон компаниясининг гигиена маҳсулотлари ҳам ишлаб чиқариши ортидаги сабабни тушуниш қийин. Электр устара билан бир қаторда Xiaomi бурун қайчи, бошқача қилиб айтганда, бурун тукларини калталовчи қайчи ҳам чиқаради. Мижиа бурун қайчиси смарт мослама эмас, лекин барибир уни ҳам рўйхатимизга қўшишга қарор қилдик. Қайчининг дизайни нафис, нархи ҳам қиммат эмас.

Сотиб олиш

Ninebot моноцикли

Хитой компаниясининг антиқа гаджетлари рўйхатини Ninebot моноцикли билан давом эттирамиз. Номидан ҳам кўриниб турганидек, ушбу қурилма моторли якка ғилдиракдан иборат ва 25 даража қияликкача кўтарила олади. Максимал тезлиги соатига 45 километрга етсада, Xiaomi хавфсизлик мақсадида ўртача 20 км/соат тезликда юришни маслаҳат беради. Турли юзаларда бемамол ҳарактланиши учун девайснинг ғилдираги 45 сантиметр йўғонликда қилиб ишланган. Ninebot моноциклида саргузаштларни амалга оширишга тайёрмисиз? Унда, қурилмани қуйидаги ҳаволадан сотиб олинг.

Сотиб олиш

Mijia Balance Wheel ролиги

Йиллар давомида Xiaomi шаҳар ичида ҳаракатланишга қаратилган стартапларга сармоялар киритиб келган. Мана шундай стартаплардан бири якка ғилдиракли ролик бўлиб, гаджет соатига 12 км тезликда ҳаракатланади.

Balance Wheel 100 килограмм юк кўтариш сиғимига эга ва бир қувват билан 45 дақиқа ишлай олади.

Сотиб олиш

Вино очгич ва тиқин

Xiaomi'нинг бошқа маҳсулотлари сингари бу гаджет ҳам жуда ҳам нафис дизайн ечимига эга. Оддий қилиб тушунтирсак, Mijia вино очгичи кичик моторли очқичдир. У билан винони 6 сония ичида очиш мумкин.

Сотиб олиш

Бунга қўшимча, компания вино шишаси учун тиқин ҳам сотади. Маҳсулот ҳақида батафсил бу ердан маълумот олишингиз мумкин.

Хитойлик смартфонсоз компания яна минглаб бошқа маҳсулотлар сотади, улардан энг ўзига хосларини сиз билан баҳам кўрдик.

Компаниянинг бошқа маҳсулотларидан сиз ҳам хабардормисиз? Ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимизда бу ҳақида биз билан ўртоқлашинг.

ЎҚИНГ: Оммалашган Xiaomi ҳақида оммалашмаган маълумотлар

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.