Xiaomi’нинг навбатдаги флагмани – 18:9 экранли бақувват Chiron!

  •   DiMaX
  •  1817
  •  07.07.2017 11:46

Xiaomi’нинг навбатдаги флагмани – 18:9 экранли бақувват Chiron!

Интернетдаги тарқалган маълумотларга кўра, Xiaomi компанияси кодли номи Chiron бўлган флагман смартфони устида ишламоқда. Бу ҳақда PhoneArena нашри хабар бераётир.

Афсуски, қурилма ҳақида маълум бўлган тафсилотлар ҳозирча унчалик кўп эмас. Ҳозирча билганимиз шуки, янги смартфон диагоналига 6 дюймлик сенсор дисплейга эга бўлади. Унинг сиғими 2160×1080 пикселни ташкил этади; бу эса унинг томонлари ўзаро 18:9, ёки соддароқ қилиб айтганда – 2:1 нисбатда бўлишини англатади.


Ёдингиздадир, ушбу компания янги – Xiaomi X туркумида смартфонлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши ҳам эълон қилинган эди. Бу туркумнинг илк намунаси – X1 смартфонининг икки талқинда тақдим этилиши аниқланган: биттаси ромсиз экранли, иккинчиси эса оддий экранли қурилмалар бўлади. Балки унинг шу биринчи талқини мана шу гаджет бўлиб чиқар?

Хабарларга кўра, Xiaomi’нинг янги флагмани – Chiron нақ 8 гигабайтлик тезкор хотирага эга бўлади. У яккакристалли Snapdragon 835 тизими асосида ишлаши ҳам тахмин қилинаётир.

Афтидан, мазкур девайсга Japan Display томонидан ишлаб чиқилаётган Full Active экрани ўрнатилади. Шу тариқа, Chiron мутлақо ромсиз дизайнга эга бўлади. Эслатиб ўтамиз, яқиндагина Sony ҳам айни шу экранли мутлақо ромсиз флагман тақдим этиши ҳақида хабар чиққан эди.

Демак, жорий йилнинг иккинчи ярмидан мутлақо ромсиз смартфонлар «жанги» даври бошланишини тахмин қилишимиз мумкин.