Xiaomi'нинг навбатдаги Ultra смартфони глобал бозорга чиқарилади

Xiaomi'нинг навбатдаги Ultra смартфони глобал бозорга чиқарилади

Гарчи Xiaomi бутун дунё бўйлаб танилган смартфон бренди бўлса ҳам, компаниянинг асосий бизнеси унинг она ватани, Хитойда жойлашган. Баъзан, Xiaomi ўзининг айрим смартфонларини глобал бозор, хусусан, АҚШ, Европа, Ҳиндистон ва бошқалар учун чиқарса, баъзиларини фақат Хитой учун эксклюзив қилиб чиқаради. Шулардан бири, компания ўтган ойда тақдим қилган Xiaomi 12S серияси бўлиб, ушбу қатордаги Xiaomi 12S Ultra модели компания ишлаб чиқарган энг зўр флагманларнинг бири бўлди. Бироқ, бироз аввал айтилганидек, уни фақат Хитойда сотиб олиш мумкин.

Эндиликда компания раҳбари Лей Жун ўзининг расмий Twitter саҳифасида маълум қилишича, Xiaomi'нинг навбатдаги Ultra смартфони бутунжаҳон бозорига чиқарилади. Афсуски, "навбатдаги Ultra" модел Xiaomi 12S Ultra'нинг тўғридан-тўғри давомчиси бўладими ёки глобал бозор учун махсус тайёрланадиган Xiaomi 12S Ultra модели бўладими, буниси ҳозирча номаълум. Бундан ташқари, миш-мишлар Xiaomi 13 Ultra смартфони жорий йилнинг тўртинчи чорагида чиқарилиши кутилаётган Xiaomi 13 серияси билан тақдим қилиниши ҳам мумкинлигини таъкидлайди.  

Айтиш керакки, Xiaomi 12S қаторидаги Ultra модел ўзининг 6.73 дюймли LTPO 2.0, AMOLED, 120 герц янгиланиш тезлигига эга 2К резолюциядаги дисплейи, Snapdragon 8+ Gen 1 чипсети, 12 GB оператив ва 512 GB доимий хотираси, 67 Вт тезликда зарядланадиган 4,860 мА/с батареяси ва шу билан бирга, Sony'нинг 1 дюймли IМХ989 сенсори (50 MP) билан таъминланган асосий камераси ва унга қўшимча икки Leica камералари билан Xiaomi'нинг энг яхши смартфонларидан бири бўлди.

Xiaomi 13 Ultra ҳақида гапирадиган бўлсак, компания уни Snapdragon 8 Gen 2 чипсети Xiaomi 13 қаторида чиқариши мумкин. Xiaomi 13 қатори эса ўтган йилга қараганда бироз аввалроқ, ноябр ойи охирлари ёки декабр бошида тақдим қилиши кутилмоқда.

ЎҚИНГ: "Far Out" тақдимотидан олдин Apple ўзининг АR/VR қурилмалари учун савдо белгиси аризаларини топширгани маълум бўлди

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!