Хитой ҳукумати МХА эшитувларидан ҳимояланган смартфон яратиш ниятида

Хитой ҳукумати МХА эшитувларидан ҳимояланган смартфон яратиш ниятида

The Wall Street Journal`да ёзилишича, Хитойнинг давлат ва хусусий дастурчи фирмалари ҳамкорликда, ҳукумат буюртмасига биноан, АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) ва бошқа махсус хизматлар эшита олмайдиган смартфонлар яратишмоқчи.

Ҳимояланган миллий смартфонни яратиш ғоясининг сабабчиси Эдвард Сноуден. Айнан у 2013 йилда МХАнинг махфий маълумотларини оммага тақдим қилганидан сўнг, кўпчилик мамлакатлар шу ҳақида ўйлай бошлаган. Агентлик мамлакатлардаги телефонларни турли услублар бўйича эшитиб, маълумотлар йиғиб боради.

2014 йилда МХА Huawei компанияси ва Хитой озодлик армияси ўртасидаги алоқаларни текширгани билан боғлиқ можаролар бўлганди.

Шундан сўнг, Хитойнинг биринчи хоними Пэн Лиюань iPhone дан воз кечиб, ZTE Nubia Z5 смартфонига ўтган. Бироқ Xитой смартфони ҳам Aмериканинг Qualcomm чипи ва Google Android операцион тизими асосида ишлайди.

ZTE компанияси коммуникация ускуналари ишлаб чиқариш бўйича мамлакатда Huawei дан кейинги ўринда туради ва мазкур компания ҳозирда ҳукумат учун ҳимояланган смартфонлар ишлаб чиқариш бўйича изланишлар олиб бормоқда. Гаджетнинг чипи, камераси, GPS, Wi-Fi ва Bluetooth қурилмалари—барчаси маҳаллий технология асосида ишлаб чиқилади ва ахборот хавфсизлиги таъминланади. Ҳозирча бу ҳақда батафсил маълумотлар йўқ.

Шунингдек, бошқа маҳаллий компаниялар ҳам бу жараёнда фаол иштирок этмоқда. Spreadtrum Communications чип ишлаб чиқарувчилари хитой операцион тизими базасидаги процессорларни жорий йилнинг охирида тақдим этишмоқчи.

Alibaba Group ҳам Хитой жамоатчилик хавфсизлиги вазирлигининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари учун ҳимояланган мобиль операцион тизимларини яратиш бўйича таклифларини қўллаб-қувватламоқда.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.