Хитой смартфон бозори: Huawei, Oppo, Xiaomi ва Vivo “Олма”ни “еб қўйишмоқда”

Хитой смартфон бозори: Huawei, Oppo, Xiaomi ва Vivo “Олма”ни “еб қўйишмоқда”

Хитой смартфон бозорига “ақлли телефон” етказиб бериш суръати 2016 йилнинг 1 чорагида 2015 йилнинг шу даврига нисбатан 5 фоизга пасайиб, мазкур турда сотилган гаджетлар сони 109,8 миллион дона смартфондан 104,9 миллион дона смартфонга камайган. Иқтисодчи таҳлилчилар буни бозорнинг тобора “тўйиб” бораётгани ва Хитой иқтисодиётидаги пасайиш билан боғлашмоқда.

Аммо шундай бўлса ҳам, жаҳон миқёсида харид қилинаётган деярли ҳар 3 дона смартфондан бири сотиб олинаётган Хитой “жаҳоннинг энг йирик смартфон бозори” деган номни сақлаб турибди.

Strategy Analytics иқтисодий таҳлил компаниясининг маълум қилишича, Хитой смартфон бозоридаги савдо тушиши эвазига 2016 йилнинг 1 чорагида халқаро бозорда смартфон савдоси 3 фоизга пасайган, яъни сотилган ақлли телефонлар миқдори 335 миллион донани ташкил қилган.

Хитой смартфон бозоридаги савдо деярли 5 миллион дона смартфонга қисқарган бўлса ҳам, бозордаги 5 та етакчи бўлган етказиб берувчиларнинг улуши олдинги йилнинг шу даврига нисбатан, яъни 49.7 фоиздан 63.7 фоизга ошган.

Huawei P9

Huawei’нинг смартфон етказиб беришдаги улуши 48 фоизга ошиб, 16.6 миллион дона смартфон етказиб берилган. Яъни, компаниянинг бозордаги улуши 2015 йилнинг шу даврида 10.2 фоизни ташкил қилган бўлса, айни пайтда бу кўрсаткич 15.8 фоизга етган.

OPPO

Oppo компаниясини 1 чоракнинг “қаҳрамони” дейиш мумкин. Боиси, компаниянинг смартфон етказиб бериш кўлами 76 фоизга кўрилган бўлиб, у 13.2 миллион дона смартфон сотган. Бу билан компаниянинг маҳаллий бозордаги улуши бу чоракда 2015 йилнинг шу давридаги 7.2 фоиздан 12.6 фоизга кўтарилган.

vivo x5 max

У қадар ҳам номи чиқмаган хитойлик Vivo компаниясининг Хитой бозоридаги улуши эса бир йилда 7.3 фоиздан 11.9 фоизга кўтарилган. Натижада, компаниянинг смартфон етказиб бериш улуши 12.5 миллион донага ошиб, Apple’ни ҳам ортда қолдирган.

xiaomi-mi5

Xiaomi ҳамда Apple компанияларининг смартфон савдосидаги пасайиш 3.2 миллион донани ташкил қилмоқда. 2015 йилнинг етакчи смартфон бренди ҳисобланган Xiaomi’нинг улуши 8.5 фоизга тушиб, 1.2 миллион дона смартфонга камайган. Компания 12.8 миллион дона смартфон сотиб, маҳаллий бозордаги ўрни 3 ўринга тушган.

Етакчилар орасида танҳо хорижий компания бўлган Apple’нинг 2016 йил 1-чоракдаги савдоси 17.4 фоизга қисқарган. Олдинги йилнинг шу даврида бозорлаги улуш 12.3 фоиз бўлган бўлса, бу йилги улуш 11 фоиз. Компания 2015 йилнинг шу даврида 13.5 миллион дона iPhone сотган бўлса, бу йилги савдолар 11.5 миллионни ташкил этмоқда. Apple Хитойдаги энг кўп сотилган 5-ўриндаги смартфон брендига айланди.

2015 йилда Хитойда смартфон савдоси рекорд даражада ошиб, 17.3 фоизга кўтарилган эди. Мутахассислар бу яқин ўртада 2015 йилдаги кўтарилишнинг янгиланмаслигини маълум қилишмоқда.

Strategy Analytics компаниясининг ижрочи директорининг маълум қилишича, Хитой маҳаллий бозорида Huawei,  Oppo ва Vivo компаниялари ўртасидаги рақобат тобора кучайиб, айни кунда сўнгги иккита компаниянинг қўли баланд келмоқда. Айниқса, Oppo’нинг арзон ва инновацион “R” ҳамда “A” туркумидаги моделлари шаҳар ва қишлоқларда тез оммалашган.

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.