“Хитой смартфони”ни харид қилишда эътибор қилиш зарур 8 жиҳат 

“Хитой смартфони”ни харид қилишда эътибор қилиш зарур 8 жиҳат 

2016 йилнинг мартида эълон қилинган жаҳоннинг 12 та пешқадам смартфон ишлаб чиқарувчилари рўйхатидаги компанияларнинг 8 нафари Хитойга қарашли брендлар эди.

Бугун Huawei, Xiaomi, Vivo, Oppo каби компанияларнинг жаҳон миқёсидаги ўрни ва нуфузи тобора мустаҳкамланиб бормоқда.

Аммо бу брендлар ишлаб чиқараётган мобиль алоқа воситаларининг ҳаммаси ҳам Хитойдан ташқаридаги фойдаланувчи учун мақбул бўлмаслиги мумкин. Шу сабабли, уларни харид қилишдан аввал қуйидаги тавсияларга амал қилганингиз маъқул.

xiaomi-mi5

  1. Харид қилишни кўзлаган смартфон ҳақида ўрганинг.

Бугун ахборот технологиялари соҳасига бағишланган сайтлар, манбаа ва инсайдерлар жуда кўп. Улар оммабоп ва янги смартфонлар ҳақидаги тавсифларни мунтазам эълон қилиб боришмоқда. Бу эса бозорга боришдан аввал, молиявий ҳолатингиздан келиб чиқиб, смартфон бренди ва моделини танланг, ўзингиз кўзлаган гаджет тўғрисида яхшилаб билиб олишга ёрдам беради.

Айниқса, ҳали номи чиқмаган VSun, Doogee, Elephone ва Cubot каби брендларнинг маҳсулотларига оид маълумотларни тадқиқ қилинг.

  1. Смартфонни 4G алоқа тармоғини қўллаб-қувватлашига эътибор беринг.

Яқин йилларгача қўл телефонидан асосан қўнғироқ қилиш, СМС-хабар алмашишда фойдаланиб келинар эди. Бу алоқанинг 2G тармоғида амалга оширилган. Кейинги 3G тармоғи эса интернетга кириб, маълумотлар олишга хизмат қилди. Аммо бугунги видео алмашиш ва мулоқот қилиш, интернетдан фойдаланиш учун бу тармоқни кучи етмайди. Бунинг учун смартфон 4G алоқа технологиясида ишлаши керак бўлади.

Ҳамма ҳам смартфонида тезкор интернетдан фойдаланишни истайди. Смартфонни харид қилиш асносида унинг сизни ҳудудингизда LTE’нинг тўғри тармоғини қўллаб-қувватлашига диққат қилинг.

Кўпчилик Хитой смартфонлари LTE’нинг 20-тармоғи (частота диапазони)ни қўллаб-қувватламайди. Бу эса бу смартфон билан мазкур частотада 3G ёки 4G алоқа тармоғини кўрсатувчи компанияларнинг хизматидан фойдаланиб бўлмаслигини англатади. Қўлланмада мобиль алоқа воситасининг қайси тармоқда хизмат кўрсатиши ёзилган бўлади.

  1. Операцион тизим ва ишлаб чиқарувчи ҳақида маълумотни ўрганинг.

Смартфонга оид аниқлаш керак бўлган кейинги муҳим жиҳат, бу – ишлаб чиқарувчи томонидан гаджетда жорий қилинган операцион тизим талқини. Агар операцион тизим яхши ишламаса, смартфоннинг тезкор хотираси ёки процессори ҳам самарали ишлашига ёрдам бера олмайди.

Гап шундаки, ҳамма Android ишлаб чиқарувчиси ҳам операцион тизимни янгилаш, ундаги иловаларни такомиллаштиришда фаол эмас.

Мисол учун, Xiaomi компаниясининг муваффақиятини унинг Android операцион тизими негизида ишлаб чиқан MIUI мослаштирилган талқинидаги илғорлик, тезкорлик билан боғлаш мумкин.

Мазкур талқинда носозликлар деярли учрамайди, унда Google хизматларидан самарали фойдаланиш мумкин.

Бунга оид маълумотларни интернетга кириб, ахборот технологиялари сайтларида фойдаланувчилар қолдирган муносабат орқали билиб олиш мумкин.

Xiaomi иловаларини мунтазам янгилаб, мижозларга Android тизимини янада қулай талқинларда тақдим этиб келади.

Бу кучли смартфон олиш, смартфондан узоқ вақт фойдаланиш истагида бўлганлар учун муҳим тавсия. Акс ҳолда, жимжимадор бўлиб кўринган мобиль алоқа воситаси кўп ўтмасдан “ҳунарини” кўрсата бошлайди.

Xiaomi Mi Max

  1. “Мижоз доимо ҳақ” тамойилига амал қилувчи ишлаб чиқарувчини танланг.

Смартфон харидининг яна бир муҳим жиҳати шуки, сиз имкон қадар мижозларга хизмат кўрсатиш марказларига, яъни “сервис марказлари”га эга бренд танланг.

Мисол учун, Ўзбекистонда Хитойнинг ZTE, HUAWEI,  Lenovo каби компаниялари ўзларининг хизмат кўрсатиш марказларига эга. Шунингдек, смартфон сотадиган йирик дўконларнинг ҳам худди шу каби марказлари бўлиши мумкин.

Бу эса сизни “хитой телефони” бузилиб қолганда юзага келадиган кўнгилсизликлардан, товламачи “уста”лардан ҳимоя қилади.

  1. Етказиб берувчини тўғри танлаш.

Агар сиз қурилмани онлайн сотиб олиш истагида бўлсангиз, етказиб берувчини тўғри танланг. Бу, эҳтимол, энг муҳим қарор. Акс ҳолда, смартфонни етказиб бериш муддати ойларга чўзилиши, сиз буюртма берган маҳсулот ўрнига бошқа нарса етказилиши мумкин.

Бугунги кунда Amazon, AliExpress, GearBest каби фойдаланувчилар ишончини қозонган халқаро етказиб берувчилар мавжуд. Аммо, улардаги нарх-наво ҳар хил бўлиши мумкин. Бугунги кунда ўзбекистонлик харидорлар асосан AliExpress хизматларидан фойдаланмоқда. Сабаби, бу бошқа етказиб берувчилар нархидан арзонга тушади.

Мисол учун, Amazon’да Meizu Pro 6 (5.2 дюймли 32 ГБ ички 4 ГБ тезкор хотира, 21/16 МП камера, Helio X25 процессор, бармоқ излари сканери, 4G алоқа тлқини) $521.42 доллардан сотилаётган бўлса, AliExpress’да худди шу талқин $345.99 доллардан сотилмоқда.

Айни пайтда хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчилари ўзларининг сайтлари орқали ҳам савдони йўлга қўйишган.

Етказиб берувчи ҳақида ҳам уларнинг хизматларидан фойдаланган мижозларнинг муносабатини аниқланг, у ҳақида ўрганинг. Агар норозилар кўп бўлса, бу хизматдан фойдаланманг.

  1. Смартфоннинг очиқ операцион тизимга эга бўлиши.

Смартфон ишлаб чиқарувчиси томонидан смартфондаги асосий дастурлар, мисол учун календар, камера ва бошқа иловаларни юргизадиган алоҳида  операцион тизим яратилади. Бу техника тилада “ROM” дейилади.

Android операцион тизимидаги смартфонларнинг бош афзаллиги ҳам унинг оригинал “ROM”дан ташқари 3-томон дастурчи яратган тизимлар, иловаларни қўллаб-қувватлашидир.

Кўпчилик ишлаб чиқарувчиларнинг ўз вақтида Android талқинини янгиламаслиги туфайли смартфон тизимида носозлик юзага келади. Шундай вақтда фойдаланувчи бошқа ишлаб чиқарувчининг операцион тизимидан ҳам фойдалана олиши учун унинг смартфони очиқ ва эркин тизимли бўлиши керак.

Сиз ҳам операцион тизимни ҳеч бир тўсиқсиз, очиқ юклаб олиш тизимига эга, шу билан бирга microSD қўшимча хотира бўлмачаси мавжуд смартфон танланг. Унинг ёрдамида ўзингизга керак илова ва тизимни мобиль воситага ўрнатишингиз мумкин. Бунда ROM’нинг “халқаро талқин” экани смартфон ҳақидаги қўлланмада акс этиши керак.

 

  1. Мамлакатга ўзи билан смартфон олиб кириш.

Агар сиз хориждан ўзингиз билан смартфон олиб келмоқчи бўлсангиз, бунинг учун алоҳида қонуний жараён мавжуд.

Амалдаги тартибга кўра, хориждан ноутбук, компьютер ва телевизор каби электроник техникани фақат бир донадан бож тўловисиз олиб кириш мумкин.

Божхона қўмитаси маълумотига кўра, хориждан мобиль телефон олиб кириш мумкин. Фақат бунинг учун расмийлаштириш жараёнидан ўтиш керак бўлади.

“Агар фуқаронинг ёнида ўзи ишлатаётган мобиль телефонидан бошқа яна битта телефон бўлса, божхона текширувидан ўтаётганида Электромагнит мослашув марказидан рухсатнома талаб қилинади. Шу рухсатнома бўлса, ўзиникидан ташқари яна битта мобил телефонини бож тўловисиз олиб киришга рухсат этилади” деди мутахасис.

Мобиль телефонлари радио-электрон воситалари рўйхатига киритилгани боис, уларни мамлакатга олиб кириш учун махсус рухсатнома талаб қилинади.

Аввалига божхона органида декларация тўлдиртирилади. У ерда тақдим қилинган акт билан Электромагнит мослашув марказга мурожаат қилиб, акт билан бирга ариза тақдим этилади. Ариза уч кунда кўриб чиқилади.

Хориждан олиб келинаётган смартфонлар “Т-6 шаклидаги божхона декларацияси”да кўрсатилади ва расмийлаштирилади.

Декларация 2 нусхада тўлдирилади. Декларациянинг бир нусхаси божхона ходимларида қолади, иккинчи нусхаси декларацияни тўлдирган шахсга берилади ва унда кўрсатилган маҳсулотларни олиб кириш учун асос бўлиб хизмат қилади.

  1. Смартфонни созлаш ва такомиллаштириш менюсининг кенг имкониятли бўлишига эътибор беринг.

Созламалар бўлимига кириб, интерфейс қулайлиги ва имкониятлар кенглигига ишонч ҳосил қилинг. Хусусан, смартфонда экран, тил ва камера созламалари бўлимларининг борлиги улардан унумли фойдаланишга хизмат қилади.

Шунингдек, смартфоннинг Google Play дўкони иловасини қўллаб-қувватлаши мақсадга мувофиқ. Xiaomi қурилмалари учун иловаларни компаниянинг онлайн дўконидан Xiaomi store иловаси ёрдамида юклаб олиш мумкин.

Хулоса

Бугун Ўзбекистонда Хитойнинг Huawei, Lenovo, Meizu бренди остида ишлаб чиқарилаётган телефонлари оммабоп ҳисобланади. Уни фойда кўриш истагида билиб-билмасдан олиб келаётган “ишбилармон”лар ҳам оз эмас. Шундай экан, бу алоқа воситаларини харид қилиш учун эътиборли бўлиш керак.

Тўғри танланган смартфон керак вақтда уялтирмасдан хизматингизни қилади. Акс ҳолда, унинг оддий безатилган матоҳдан, муаммолар уясидан фарқи қолмайди. Шундай экан, доимо эътиборли бўлинг. Бозорингизни берсин.

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!