Хитой телефонларида кўп учрайдиган 4 муаммо ва улардан қутулиш чораси

  •   DiMaX
  •  5423
  •  05.05.2017 11:36

Хитой телефонларида кўп учрайдиган 4 муаммо ва улардан қутулиш чораси

Тиниб-тинчимаган хитойликлар деярли ҳар қандай маҳсулотнинг арзон вариантини ясаб чиқаришади, жумладан – телефонларнинг ҳам. Ҳатто баъзан ўйлаб ҳам қолади киши – қимматбаҳо бренд смартфонларни харид қилишнинг нима кераги бор, агар «хитойфон»лар ҳам шу вазифаларни бажара оладиган бўлса!?

Аммо аслида, деб ёзади Лайфхакер сайти, ишлаб чиқарувчиси ноаниқ бўлган Хитой телефонларини сотиб олиб, камида қуйидаги муаммоларга дуч келасиз…

1. Фойдасиз иловалари бор

Дунё бўйлаб амал қиладиган кўплаб сервислар Хитойда ишламайди, шунинг учун ҳам ишлаб чиқарувчилар телефонларга уларнинг хитойча аналогларини жойлаб қўйишади. Аммо уларнинг бизда кераги йўқ, аксарият ҳолларда бу иловалар ёмон ишлайди ёки умуман ишламайдиям. Энг ёмони – бу ортиқча дастурларни ўчиришнинг имкони йўқ! Улар беҳудага жой эгаллаб ётади, баъзилари эса билдиришномалар билан жонингизга ҳам тегади.

Айниқса, Xiaomi смартфонларида аҳвол чатоқ, дейилади манбада: уларда ҳатто вируслар ҳам бўлиши мумкин. Улар зарарсиз, лекин ишлашингизга халақит бераверади – иловалар ва билдиришномалар устидан безбетларча реклама чиқариб туради. Бунинг сабаби шундаки, улардаги MIUI прошивкаси очиқ кодли бўлгани учун, унга исталган нарсани тиқиштириш мумкин. Бундан эса виждонсиз савдогарлар яхши фойдаланиб қолишади.

Булардан қутулиш учун root-ҳуқуқни қўлга киритиб, кераксиз иловаларни биттама-битта ўчириб чиқишга ёки прошивкани тозасига алмаштиришга тўғри келади. Бунга эса вақт, куч ва билим талаб этилади.

2. Дастурий таъминоти яхши бўлмайди

Арзон турувчи бутловчи қисмларни заводдан ўмариш, сариқ чақага ишчи ёллаб, бирор ертўлада телефон йиғиш – унчалик ҳам қийин иш эмас. Аммо унинг учун сифатли дастурий таъминот ёзиш ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди.

Хитойнинг бирор флагманига илғор процессор ва катта тезкор хотира ўрнатилгани билан, у Sony’нинг ҳамёнбоп смартфонидан кўра яхшироқ ишламайди. Сабаби – Sony дастурий таъминотни яхшилай олади, қайсидир «Dyadya Lyao Company» эса – йўқ.

3. Камералари сифатсиз чиқади

Ҳозирда камераларнинг мегапикселлари масаласида муаммо йўқдек – ўртача смартфонларнинг асосий камераси 13, олд камераси эса 5 мегапиксел бўлиб чиқяпти. Бироқ улар суратга яхши ола билмаслиги – умуман бошқача масала.

Камера – нафақат сенсор, балки унга қўйиладиган софт – дастурий таъминотдан ҳам иборатдир. Масалан, ўртача Хитой телефонларининг аксарияти Samsung S5K3L8 модули билан жиҳозланади, лекин улар турлича, асосан – сифатсиз суратга олади.

4. Дизайни нусха бўлиб чиқади

Айтайлик, сиз яхшигина пулга ажойиб смартфон харид қилиб, бундан хурсанд юрасиз. Аммо таниш-билишларингиз сиздагиси қанақа iPhone эканини сўрайвериб, кайфиятингизни туширишади. Ҳар гал бунинг iPhone эмас, балки Meizu ёки бошқа телефон эканини айтавериб чарчайсиз.

Хитойликлар дизайн масаласида анча орқада: улар ё бирорта бесўнақай нарса ўйлаб топишади, ё Apple смартфонларидан нусха олиб қўяқолишади. Истиснолар жуда кам учрайди.

Хўш, нима қилиш керак унда?

Биттагина ечим бор: тақризлар ва тавсифларни ўқиб бориш керак. Арзонлигига учиб, яхши ишламайдиган Хитой телефони олгандан кўра, озроқ вақт сарфлаб – ўрганиб чиқиб, яхши чиққан моделларидан олинг. Агарда тақризларни ўқиб-ўрганиб ўтиришга вақтингиз ё хоҳишингиз бўлмаса, у ҳолда ишончли бренд смартфонларидан харид қилиб қўяқолганингиз маъқул. Тўғри, улар қимматроқ, аммо бунақа муаммоларга ҳам дуч келмайсиз.

Балки, умуман Хитой телефонларидан воз кечармиз? Йўқ, «осмон ости салтанати»да чиндан ҳам сифатли маҳсулот ишлаб чиқарувчилар ҳам бор: Lenovo, Huawei, Xiaomi, ZTE, Meizu, OnePlus. Уларда муаммо анчагина кам учрайди; учрайдиган муаммоларнинг сабаби ҳам шундаки, сиз буюртма қилиб олдирганингизда, Хитойда сотишга мўлжалланган версияси келиши мумкин. Улардаги муаммоларни эса прошивкани алмаштириш орқали осонгина ҳал этса бўлади.

Унчалик таниқли бўлмаган ва синовдан ўтмаган ишлаб чиқарувчиларнинг маҳсулотларини танлайдиган бўлсангиз, у ҳолда эҳтиёткорлик билан яхшилаб текширишингиз ҳамда у ҳақдаги тавсиф ва тақризларни синчиклаб ўқиб чиқишингиз лозим. Уларнинг хусусиятлари зўр, нархи ҳамёнбоп, аммо сотиб олганингиздан кейин афсусланиб қолишингиз эҳтимоли йўқ эмас.

Ҳозирда Хитой смартфонларидан бирортасини шундоққина янги олиб, ишлатиб кетавериш мумкин эмас. Қайсидир бирида прошивкани алмаштириш, бошқа бирида root-ҳуқуқни қўлга киритиш ва кераксиз иловалардан қутулиш, яна бирларида эса… борига шукур қилиб ишлатавериш лозим бўлади.

Умуман олганда, Хитойдан келтирилаётган смартфонларнинг ҳам ўта ёмони кам, аммо барибир эҳтиёт бўлган маъқул.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!