Хитой ва Америка ҳукуматлараро шошилинч телефон тармоғини яратади

Хитой ва Америка ҳукуматлараро шошилинч телефон тармоғини яратади

Мазкур шошилинч телефон тармоғи икки мамлакатга фазовий чегараларга оид масалалар юзасидан маълумот алмашиш, музокара олиб бориш учун хизмат қилади.

“Совуқ уруши” даврида Кремль ва Оқ уй ўртасида сунъий йўлдошлар фаолиятини, умуман фазовий масалаларни мувофиқлаштириш мақсадида, ташкил қилинган фавқулотда телефон тармоғи космик чегаралар билан боғлиқ англашилмовчиликнинг, томонларга тегишли бўлган космик қурилмаларнинг йўқ қилинишининг олдини олган.

Хитойнинг иқтисодий ва ҳарбий жиҳатдан ривожланиб бораётгани тарихнинг ўз-ўзини такрорлашига сабаб бўлмоқда. Яъни, АҚШ бу гал Хитой билан худди шундай шошилинч телефон линиясини яратиш келишувини имзолаган. Бугунги кунгача бундай масалалар дипломатик алоқалар ёрдамида олиб борилган музокаралар ёрдамида ечимини топган. Энди эса низоларни ўз вақтида ҳал қилиш мумкин бўлади. Бу келишув томонларга фазода ахборот тўплаш тармоқларини яратиш, сунъий йўлдошлар, ракета ва бошқа мосламаларнинг ҳаракатланиши, синови натижасида юзага келиши мумкин бўлган орбитал низоларнинг ўз вақтида ҳал қилинишини таъминлайди.

Гарчи, фазони ҳарбий қурол-яроғ ва воситалардан ҳоли ҳудудга айлантириш борасида саъй-ҳаракатлар олиб борилаётган бўлса ҳам, космосда кенг кўламли амалиёт олиб бориш лаёқатига эга кучли (Хитой, Россия ва АҚШ) мамлакатлар баъзи бир ҳукуматлар томонидан жосуслик воситаси саналган сунъий йўлдошларнинг ўз мамлакатлари ҳудудида ҳаракатланишига қарши ҳимоя қуроллари яратилишини қўллаб-қувватлаб келишмоқда.

Мутахассислар англашилмовчилик оқибатида космик қурилмаларга уюштирилган ҳужум нотўғри талқин қилиниши натижасида давлатлар ўртасида манфаатлар тўқнашуви келиб чиқиши мумкинлигини, фавқулотда фойдаланилувчи алоқа тармоқлари мамлакатлар ўртасидаги муносабатлар мустаҳкамлигига, сайёрамиздаги тинчликка хизмат қилишини таъкидлашмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!