«Хитойча Galaxy S8» жаҳон бозорида сотилмоқда

«Хитойча Galaxy S8» жаҳон бозорида сотилмоқда

Янги бренд учун бозорда муваффақият қозонишнинг муҳим омили нарх-наво сиёсатида харидорга ён босиш экани аниқ. Бироқ, сўнгги вақтларда баъзи бир ёш компаниялар смартфонларга қўяётган нарх-наво ақлбовар қилмас даражада арзон. Ёки йирик брендлар шу вақтга қадар инсофсизлик билан нарх қўйишган

Хитойнинг Bluboo компанияси яп-янги S8 смартфонини расман тақдим қилди. Унинг бош ўзига хослиги -- Sharp "ижоди"га мансуб, томонлар нисбати 18:9 га тенг бўлган ромсиз дисплей ҳамда ғайриоддий нарх. Ишлаб чиқарувчи тақдимот чоғида смартфонини ўйлаб ҳам ўтирмасдан Galaxy S8 билан тенглаштирди.

Samsung Galaxy S8'га рақибми ёки йўқ?

Bluboo S8 гаджети 5,7 дюймли ромдан холи дисплейга эга бўлган. Унинг пикселлар сиғими 720x1440 белгига тенг. Яъни, бу борада ўзи тақлид қилган смартфондан 2 баробар орқада. 5,8 дюймли Samsung Galaxy S8 экрани 4K сиғимли (2960×1440 белги).

Bluboo S8 смартфонида MediaTek MT6750T чипидан фойдаланилган. Унинг частота тезлиги 1,5 ГГц. График-тасвирларни Mali-T860 MP2 видеокартаси қайта ишлайди. Смартфондаги тезкор хотира 3 ГБ, доимий хотира 32 ГБ. MicroSD бўлмачасига 256 гигабайтгача бўлган хотира картасини қўйиш мумкин.

Galaxy S8’нинг халқаро талқинида 10 нанометрли, жаҳоннинг ҳозирча энг кучли чипларидан бири бўлган Samsung Exynos 8895 процессоридан фойдаланилган. Унинг частота тезлиги 2,35 ГГц.гача етади.

Bluboo S8 олд панелининг  83% қисми экрандан иборат. Олд шиша панел қайрилма услубда ёнга ётқизиб ишланган. Смартфон қора, тилла ва кўк рангли корпусларда ишлаб чиқарилмоқда. Bluboo S8 қадоғида қўшимча ҳимоя ғилофи ҳам тақдим қилинади.

Шунингдек, гаджетга қўш объективли бош камера ўрнатилган. Sony сенсорларидан бирининг сиғими 13, бошқаси 3 мегапикселли. Қўшимча модул объектни яқинлаштириш ва орқа фонни ғира-шира қилиб олиш функциясига эга.  Олд камера сиғими 5 Мп.

Яна бир аҳамиятли жиҳати -- Bluboo S8 илғор Android 7.0 Nougat операцион тизимида фаолият кўрсатади. Ундаги 360 Safety дастури тизимни вируслардан ҳимоя қилади.

Bluboo S8 қуввати учун ток сиғими 3 450 мА соат бўлган аккумулятор масъул.

Бу телефон аппарати жаҳон смартфон бозорига 1 августдан $149.99 доллар баҳосида сотувга чиқарилади. Бу имтиёзли нарх. 14 августдан смартфон $30 долларга қимматлашади. Шунингдек, компания бонус сифатида Bluboo S8'га қўшиб 50 долларлик махсус Dacom қулоқчинини ҳам совға қилмоқда.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!