Хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчилари Apple ва Samsung’ни ортда қолдирди

Хитойлик смартфон ишлаб чиқарувчилари Apple ва Samsung’ни ортда қолдирди

Сўнгги йилларда жаҳон смартфон бозоридаги рақобатда хитойлик компаниялар смартфон сотиш бўйича етакчи бўлган Samsung ва Apple’ни қувиб ўтишмоқда. Бу ҳақида ахборот технологиялари бозори ва компаниялари маркетингини ўрганишга ихтисослашган IDC тадқиқот муассасаси маълумот тарқатган.

Олиб борилган таҳлил ва изланишлар 2015 йилда жаҳон миқёсида смартфон етказиб бериш ҳажми олдинги йилга қараганда 10.1 фоизга ошгани ҳолда 1.43 миллиард дона “ақлли” мобиль алоқа қурилмалари сотилганини кўрсатмоқда.

Хитойнинг Huawei, Lenovo, ҳамда Xiaomi компаниялари смартфон сотиш ҳажми бўйича жаҳондаги етакчи компаниялар бешлигининг етакчиларига айланишган. Бу бешликда улардан кейинги ўринларни эса Apple ва Samsung компаниялари банд қилиб турибди.

Хитой ишлаб чиқарувчиларининг бу қадар оммалашиб кетиши оқибатида смартфон савдосида  гигант бўлган компаниялар тақдири жиддий хавф остида қолмоқда.

Strategy Analytics смартфонлар бозорини тадқиқ қилувчи бошқа бир муассаса раҳбари Линда Суининг фикрича,  Хитойликлар яқин йилларда рақобатда Apple ва Samsung’никидан қолишмайдиган қурилмаларни арзон нархларда таклиф этиши тахмин қилинмоқда.

Хитой ва унинг қўшниси Ҳиндистон, Осиёнинг яна бир қатор мамлакатлари йирик смартфон бозорлари ҳисобланади. Бу ҳудудларда аҳолининг турмуш даражаси аста-секин ривожланиб, замонавий алоқа технологияларидан фойдаланишга бўлган эҳтиёж ошмоқда.

Мисол учун, ҳали нисбатан ёш бўлган Oppo – бошқа бир хитойлик компания томонидан сўнгги инновацион технологияни олсак, бу компания 15 дақиқада қувват олувчи аккумуляторни яратди.

Шунингдек, 2016 йилда Жаҳон мобиль конгрессида тақдим қилинган Xiaomi’нинг Mi5 қурилмаси ҳам Samsung’нинг янги Galaxy S7 смартфони каби Qualcomm Snapdragon 820 замонавий процессорига эга бўлгани ҳам аҳамиятли воқеа.

“Имкониятлари кенг” дея баҳоланаётган Mi5 телефон аппаратининг баҳоси эса рақибиникига қараганда анча-мунча, эҳтимол 2 баробар (120 ГБ талқини 354 АҚШ доллари) арзон. Шунингдек, Хитойда ўтказилган энг яхши смартфонларни аниқлашга қаратилган тадқиқот ҳам маҳаллий бозорда ақлли гаджетларнинг жуда арзонлигини кўрсатмоқда. Мичол учун, шундай оммабоп қурилмалардан бири – Xiaomi Redmi 3’нинг нархи $150 доллар, Meizu M1 Metal $220 доллар, Хитойда энг оммабоп ва ишонч қозонган Huawei Honor 7 $315 АҚШ доллари, Huawei P8 $457 доллар, Meizu Pro 5 смартфони эса $400 АҚШ доллари туради.

Сўнгги вақтда Хитой смартфон бозорида ҳам маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида кучли рақобат кузатилмоқда. 2015 йилда Xiaomi компанияси рақобатда Huawei’га ютқазиб қўйган. Булардан ташқари мамлакатда ZTE, Zopo, OnePlus, Meizu каби жадал ривожланаётган мобиль алоқа воситалари ишлаб чиқарувчилари ҳам мавжуд.

Terabayt.uz сайтининг видеолари: Youtube'даги каналимизда!