Хитойлик танилмаган, аммо “кучли” 7 та смартфон

Хитойлик танилмаган, аммо “кучли” 7 та смартфон

 

OnePlus кучли жиҳатларга эга арзон смартфон ишлаб чиқарадиган хитойлик ягона компания эмас. “Made in China” ёрлиғи туширилган смартфон қадоқлари бугун бутун дунёга шиддат билан тарқалмоқда.

OnePlus, ZTE ва Xiaomi йиллар давомида кулгили даражада арзон бўлган смартфонларни ишлаб чиқариб, кучлилар қаторидан ўрин олишга эришишди. Бугун Хитойда ZUK, Elefone ҳамда Coolpad каби ҳали қулоққа чалинмаган, бироқ ўзига хос ютуққа эга брендлар ҳам мавжуд.

Улар процессор, оператив хотира ёки бошқа жиҳатлар билан Samsung Galaxy S7 каби кучлилар билан ҳам беллаша олади. Камера, процессор фаолияти ҳам самардор бўлгани, нарх-навонинг ҳамёнбоплиги уларга бўлган эҳтиёжни ошириб бормоқда.

ZUK Z2 PRO

Илғор телефонлари билан оммалашаётган ZUK брендининг Facebook асосчиси Марк Зуккерберг билан боғлиқлиги йўқ. Бу бренд Lenovo’га бориб тақалади. Z2 Pro камеар, экран ва процессор борасида пешқадам.

Флагманлар каби металл корпусга эга бўлмаса-да, смартфон бежирим жилодор корпус билан таъминланган.

Процессор/хотира: Snapdragon 820, 6 ГБ оператив хотира

Экран: 5.2 дюйм, HD (1080p) AMOLED

Доимий хотира: 128 ГБ

Камера: 13 МП, f/1.8, оптик барқарорлаштириш, фазали автофокус, 2 тусли LED фоточақноқ

Аккумулятор: 3500 мА⋅соат

Snapdragon 820 процессори ва Adreno 530 видеокартаси билан таъминланган смартфон 3D ўйинларни қўллаб-қувватлагани учун ҳам оммалашмоқда. “Moto” брендида смартфон ишлаб чиқарувчи Lenovo’га қарашли ZUK Z2 PRO 220 АҚШ долларидан сотилади.

LEECO LE MAX 2

LeEco беш бармоғини оғзига тиқаётган компания 🙂 Бир қарасангиз электр автомобил, бир қарасангиз телевизор ёки смартфон ишлаб чиқаради. LeMax 2 смартфони 5.7 дюймли нақд фаблетнинг ўзи. У қўлингизда бўлса, Samsung Galaxy Note 7’ни унутасиз.

LeMax 2 илғор процессори билан жаҳон бозорини ҳам ишғол қилмоқда. Смартфон камераси ҳам ёрқин ва деталларга бой сурат олади. Айниқса, гаджет корпуси тўлиқ металлиги унинг харидоргирлигини таъминламоқда. Ундаги CDLA технологияси аудио файлларни аниқ-тиниқ янграшига хизмат қилади. Экран эса юқори пиксел сиғимига эга.

Процессор/хотира: Snapdragon 820, 6 ГБ тезкор хотира

Экран:  5.7 дюйм, Full HD (1440×2560) IPS LCD

Доимий хотира: 128 ГБ

Камера: 21 МП, оптик барқарорлаштириш, фазали автофокусга эга f/2.0 апертура. 2 тусли LED фоточақноқ.

LeMax 2 смартфони халқаро бозорда 225 АҚШ долларидан сотилмоқда.

VIVO XPLAY 5 ELITE

Суратдаги келишган девайс сизга Samsung’нинг Galaxy S7 Edge ёки Galaxy Note 7’ни эслатаётган бўлса, ажаб эмас. Унинг икки ёнга букик дисплейи металл корпус билан қамраб олинган. Қолаверса, XPLAY 5 ELITE энг йирик тезкор хотира билан ҳаммани ҳайратда қолдирган илк мобиль телефон.

Vivo компанияси XPLAY 5 ELITE’ни намойиш қилганда экспертлар Galaxy S7 Edge’нинг арзон талқинини ишлаб чиқарган, деб муносабат билдирдилар. Ҳа, унинг ички самарадорлиги ҳам кореялик смартфон билан рақобат қила олади. Ягона фарқ — унинг орқасидаги Vivo ёрлиғи ва арзонлиги.

Процессор/Хотира: Snapdragon 820, 6 ГБ тезкор хотира

Экран:  5.43 дюйм, қайрилма, FullHD (1440×2560) AMOLED

Доимий хотира: 128 ГБ

Камера: 16 МП, фазавий автофокусли f/2.0 апертура, 2 тусли LED фоточақноқ.

Аммо, унинг нархи ҳамёнбоп эмас. Гаджет халқаро бозорда 610 АҚШ долларидан сотилмоқда.

COOLPAD COOL S1

Мана, яна бир “тақлид устаси”ни кўриб турибсиз. Ички жиҳатлари ва дизайни бир хил бўлган Coolpad’нинг S1’ини OnePlus’нинг 3T смартфони билан адаштириб қўйишимиз мумкин.  Экран сиғими, 2016 йилнинг кучли процессори – худди ўша. Фақат бунда Coolpad компанияси ўзининг Android UI тизимини ўрнатган. Қолаверса, AMOLED экран ўрнига IPS матрицадан фойдаланилган. Нархи ҳам анча арзон.

Бу смартфонни харид қилсангиз, $120 доллар турадиган аудио қулоқчин сизга ҳадя қилинади.

Процессор/хотира: Snapdragon 821, 6 ГБ тезкор хотира

Экран:  5.5 дюймли HD (1080p) IPS LCD

Доимий хотира: 128 ГБ

Камера: 16 МП, фазали автофокусли f/2.0 апертура, 2 тусли LED фоточақноқ.

COOLPAD COOL S1 халқаро бозорда 340 АҚШ долларидан сотилмоқда.

ULEFONE GEMINI PRO

Бу галги “хитойлик”ни қўлга олар экансиз, уни iPhone 7 Plus деб ўйлайсиз. Боиси, иккаласи деярли 2 томчи сувдек ўхшаш. Ҳатто, орқасидаги 2 та объективли камера ҳам бир хил.

Аммо, нарх масаласида 3-4 баробар арзончилик сизни иккилантириб қўяди. Gemini Pro US$199.

Процессор/Хотира: MediaTek Helio X27, 4 ГБ тезкор хотира

Экран:  5.5 дюйм HD (1080p) IPS LCD

Доимий хотира: 128 ГБ

Камера: Қўш объективли, ҳар бири 13 МП, 2 тусли LED фоточақноғи

GIONEE A1 PLUS

2017 йилда Gionee селфи олишда чинакам моҳир камерани тақдим қилди: A1 Plus смартфони 20 мегапикселли олд камерага эга. Унинг оптик апертура прибори ҳам йирик: f/2.0. LED фоточақноғи эса қойилмақом. Бундайини топиш қийин. Орқа панелдаги қўш объективлардан бири 13 бошқаси 5 мегапикселли. Уларнинг оптик прибори ҳажми: f/2.0.

Android Nougat операцион тизимида ишлайдиган смартфонда сиғими 4000 мА соат бўлган аккумулятор ўрнатилган.

Процессор/Хотира: MediaTek Helio P10, 4 ГБ тезкор хотира

Экран:  6 дюйм, HD (1080p) IPS LCD

Доимий хотира: 64 ГБ, microSD хотира бўлмачаси

Камера: 20 МП олд, оптик барқарорлаштириш ва фазали автофокус, 2 тусли LED чироқ, бош камера: 13+5 МП

GIONEE A1 PLUS’нинг халқаро бозорда 530 АҚШ долларидан сотилиши кутилмоқда.

MEIZU PRO 6

Meizu Pro 6 смартфони Apple ва Samsung’нинг энг яхши жиҳатларини ўзида бирлаштирган, дизайни iPhone 7’га монанд, Samsung’нинг илғор Exynos процессоридан куч оладиган гаджет.

Meizu Pro 6’нинг металл корпуси ҳашамдорлиги билан Apple’ни ҳам доғда қолдиради.  Экранда ҳам ягона ботиқ дизайнли тугма мавжуд. Бу тугма бармоқ излари сканери вазифасини ҳам бажаради. Сифатли аудио узатиш қобилитяига эаг Pro 6 рақамли-аналог (DAC) конвертери билан таъминланган. Бу қурилма аудио сигналларни сифатли эшиттиришига ёрдам беради.

Процессор/Хотира: Exynos 8890, 4 ГБ тезкор хотира

Экран: 5.2 дюймли HD (1080p) AMOLED

Доимий хотира: 128 ГБ

Камера: 21 МП, f/2.2 оптик прибор, фазали ва лазерли автофокус, 2 тусли LED фоточақноқ

Meizu Pro 6 смартфони халқаро бозорда 350 АҚШ долларидан сотилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!