Хитойликлар эртадан Apple Pay’дан фойдалана бошлашади

Хитойликлар эртадан Apple Pay’дан фойдалана бошлашади

Хитойда Apple Pay электрон тўлов тизимини жорий қилиш ишлари якунига етказилмоқда. Хитой Саноат ва тижорат банки вакилининг сўзларига кўра, лойиҳа 18 феврал куни ишга туширилади. Компания бу тўғрида ўзининг Хитойдаги бўлинмаси веб-сайтида ҳам эълон қилиб, хитойлик фойдаланувчиларига iPhone, Apple Watch ёки iPad қурилмаларидан фойдаланган ҳолда, дўкон, интернет тармоғида ва бошқа хизматлар учун тўловни қулай ва хавфсиз бўлган Apple Pay орқали амалга оширишни таклиф қилмоқда.

Apple электрон тижорат лойиҳасини ишга туширишда Хитойнинг онлайн тўлов тармоқларида салмоқли улушга эга бўлган UnionPay – мамлакатнинг миллий тўлов тизими билан ҳамкорлик қилмоқда. Айни кунда лойиҳа доирасида Хитой Халқ Республикасининг 19 нафар йирик банки билан ҳамкорлик шартномаси тузилган.

Apple Pay Wallet – мобиль тўлов ва рақамли ҳамён хизмати Apple Inc. корпорацияси томонидан 2014 йилда эълон қилинган. Бу тизим орқали iPhone 6, 6 Plus, ва Apple Watch (iPhone 5 ва кейинги талқинлари), iPad Air 2, iPad Pro ҳамда iPad Mini 3 (ва кейинги талқинлар) қурилмалари ёрдамида рақамли терминалларга масофадан туриб тўлов қилиш мумкин.

Бунинг учун iTunes иловасидаги саҳифа ёрдамида кредит ёки дебит картанинг хавфсизлик кодини ёзиб, тизим иловасида карта ҳақида тўлиқ маълумотни киритиб, ёки карталарнинг суратга олиб, уни жойлаштириш орқали тизимга қўшилишлари мумкин.

Энди тўлов терминал ўқийдиган картанинг магнит чипи билан эмас, масофадан туриб моддий алоқасиз амалга оширилади. Сизга хизмат кўрсатаётган муассаса ҳисобни мобиль қурилмага юборади ва тўловни тасдиқлаш учун қурилмалардаги Touch ID сенсорига бармоғингизни босиб, текширувдан ўтасиз ва тўловни амалга оширасиз. “Ақлли соат”да эса унга икки марта чертиш орқали   амалга оширилади.

Бундай тўлов тизимида исм-фамилия, карта рақами ёки унинг хавфсизлик кодини сир сақлаш учун имкони борича картангизни ҳеч кимга кўрсатмаслик талаб этилади. Бу ҳам имкониятларга тўла замоннинг талаби.

iPhone 5, 5C, 5S каби NFC (Near field communication) яқин оралиқда алоқа ўрнатиш технологиясига асосланган қурилмаларда Apple Pay’дан Apple Watch “ақлли қўл” соати ёрдамида ҳам фойдаланса бўлади. Бунинг учун тизимга киришда Touch ID шахсни тасдиқлашдан ўтиш талаб этилмайди.

Хизмат мижоз тўлови ҳақидаги маълумотни сир тутади ва ҳар тўловда бир марталик динамик кодни тақдим қилади. Қурилма йўқотилганида фойдаланувчилар зудлик билан “iPhone’имни топиш” хизмати орқали тўловларни амалга оширишни “музлатиб” қўйишлари мумкин.

Мазкур тўлов тизими айни кунда Канада, Австралия, Гонконг, Сингапур ва Испанияда татбиқ қилинган бўлса ҳам, бу давлатларда фақатгина American Express тўлов карталари фойдаланувчилари ундан фойдалана олишади. Боиси электрон тизимини тўла жорий қилишда компания бу ердаги банклар билан ягона муросага кела олганича йўқ.

Хитой Apple учун бу йўналишда АҚШ ва Канададан кейин навбатдаги улкан ва тўлиқ даромад манбаидир. Боиси, бу ерда ушбу тизимни қўллаб-қувватлайдиган миллионлаб iPhone 6, iPhone 6 Plus, iPhone 6s, iPhone 6s Plus ва Apple Watch қурилмалари фойдаланувчилари мавжуд.

Хитойда бу борада Apple’нинг 2 йирик рақиби мавжуд – Alibaba’нинг AliPay ҳамда WeChat’нинг Wallet тўлов тизимлари. AliPay  асосан интернет тизимидаги харид учун тўловни амалга оширишга ихтисослашган. Аммо буларнинг иккаласи ҳам NFC технологиясини қўллаб-қувватламайди.

WeChat маркетларда харид қилиш, такси хизмат ҳақини тўлаш, мобиль хизматлар учун тўловларни олдиндан режалаштириш, пул ўтказиш каби оммабоп хизматларни жорий қилган.

АҚШнинг бошқа бир йирик – PayPal электрон тижорат тизими ҳам анчадан буён Хитойда фаолиятини йўлга қўйишга ҳаракат қилмоқда. Аммо ҳозирча бирор натижа чиққани йўқ. Apple’нинг мувафаққияти эса унинг Хитой билан алоқалари қанчалик мустаҳкам эканини кўрсатиб турибди.

Тадқиқот ва таҳлилларга кўра, бу тизим мавжуд мамлакатлардаги Apple қурилмалари фойдаланувчиларининг ҳар 5 нафаридан бири Apple Pay’дан фойдаланар экан. Илғор тўлов тизимидан фойдаланиш шу кунларда францияликлар учун ҳам мумкин бўлиши кутилмоқда.

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!