Хитойча талқиндаги Redmi Note 10 Pro чиқди: глобал ва ҳиндча версияларидан ўзгача!

  •   DiMaX
  •  2589
  •  27.05.2021 12:09

Хитойча талқиндаги Redmi Note 10 Pro чиқди: глобал ва ҳиндча версияларидан ўзгача!

Redmi бренди Ҳиндистон бозорига тақдим этган ўнинчи авлод фаблетлари оиласига учта модел кирган: стандарт Redmi Note 10 смартфони, унинг Redmi Note 10 Pro версияси ҳамда янада илғор Redmi Note 10 Pro Max. Лекин улар жаҳон бозорига сал бошқачароқ номлар билан чиққан: глобал Redmi Note 10 Pro модели ҳиндча Redmi Note 10 Pro Max билан бир хил.

ЎҚИНГ: Redmi’нинг ҳамёнбоп смартфони iPhone, Galaxy S21 ва ҳатто S21 Plus’лардан ҳам зўр чиқди!

Xiaomi компанияси куни кеча ўз юртида ҳам Redmi Note туркумидаги ўнинчи авлод фаблетларини намойиш этди. Унга иккита модел кирган: биринчиси – Redmi Note 10 смартфони ўзининг глобал (ва ҳиндча) версияларидан фарқ қилмайди. Уни Хитойда 171 долларга тенг нархда сотишади, девайснинг техник жиҳатлари ва қадоқ таркиби билан мана бу мақоламизда танишиб чиқишингиз мумкин

Хитой бозори учун тақдим этилган Redmi Note 10 Pro эса на глобал бозорга ва на Ҳиндистонга мўлжаллаб шу номда чиқарилган смартфонга ўхшамайди. Унинг ташқи қиёфаси кўпроқ Xiaomi Mi 10 Ultra ва Xiaomi Mi 10S флагманларини эслатади.

Глобал талқиндаги Redmi Note 10 Pro моделида AMOLED-экран қўлланган бўлса, хитойчасига IPS-матрица ўрнатилган. Унинг ўлчами диагоналига 6,6 дюймга тенг, тасвир узатиши FHD+ форматида, кадр янгиланиш частотаси эса 120 герцни ташкил этади. Булардан ташқари, унинг юзасига Note туркумида илк бор энг мустаҳкам – Gorilla Glass Victus ҳимоя шишаси тортилган.

ЎҚИНГ: Янгиланган бестселлер – Redmi Note 8 2021 сотувга чиқди: нархлари ва фарқлари

Redmi Note 10 Pro хитойча версияда 67 ваттлик тезкор зарядланишни қўллаб-қувватлайди (глобал версияда эса бу кўрсаткич 33 ваттга тенг). Глобал талқиндаги фаблетда Snapdragon 732G чипсети қўлланган бўлса, хитойчаси ундан кучлироқ MediaTek Dimensity 1100 процессори базасида тайёрланган.

Redmi Note 10 Pro смартфонининг хитойча талқини 5000 мА/соатлик аккумулятор, Dolby Atmos ҳамда Hi-Res Audio технологияли JBL стереодинамиклари, NFC, Wi-Fi 6 ва Bluetooth 5.2 билан таъминланган.

ЎҚИНГ: Глобал версияли оммабоп Redmi смартфони 144 долларгача арзонлашди!

Дунё бозорига чиқарилган Redmi Note 10 Pro квадрокамераси 108 + 8 + 5 + 2 мегапикселлик датчикларни ўзида жамлаган. Унинг хитойча версиясида эса бош камера учталик: 64 МП + 8 МП (кенг бурчакли) + 2 МП (макро). Фаблетнинг олд камераси эса 16 мегапикселлия якка сенсордан иборат.

Xiaomi ўз юртида Redmi Note 10 Pro моделини 1 июндан бошлаб оқ, кўк ва қора корпусларда сотади. Смартфоннинг тезкор/ички хотира ҳажмига қараб, унга қуйидагича нархлар белгиланган:

  • Redmi Note 10 Pro 6/128 ГБ – $265
  • Redmi Note 10 Pro 8/128 ГБ – $296
  • Redmi Note 10 Pro 8/256 ГБ – $327

Redmi бренди шу куни Redmi Note 10 Ultra моделини ҳам тақдим этиши кутилаётган бўлиб, биз унинг айрим хусусиятлари ва ҳатто нархини ҳам эълон қилганмиз. Бироқ бундай смартфон намойиш қилинмади – компания уни кейинроққа қолдирган, шекилли.

ЎҚИНГ: Қуввати икки кунга етувчи POCO M3 Pro 5G чиқди: бренднинг бирорта Xiaomi ёки Redmi смартфонига ўхшамаган илк модели!

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.