Хитойда "Galaxy Note 9" 100 доллардан сотувга чиқди!

Хитойда

Samsung компанияси ҳали Galaxy Note 9 фаблетини расман намойиш қилишга улгурмасидан, хитойлик шоввоз ишлаб чиқарувчилар унинг нусхасини аллақачон сотувга чиқаришга ҳам улгурдилар.

Сохта смартфон ишлаб чиқарувчи компаниялар Хитойда сон-саноқсиз. Улар Samsung Galaxy Note 9 флагманига оид сўнгги маълумот ва жиҳатларни умумлаштириб, ўзларича унинг намунасини яратдилар. Суратлардан ҳам кўриниб турибдики, сохта фаблет бир оз ўхшаш ва ҳатто айрим одамлар фаблетнинг сохта нусхасини оригиналидан ажрата олмайдилар. Қуйида сиз ҳам томоша қилинг.

Бироқ, сохта талқинга бир қараганда ҳам унинг арзон талқин эканини билиш мумкин. Мисол учун, хитойча Note 9 дисплейи ён томонга қайрилган дизайнда эмас. Қолаверса, олд панелнинг юқори ва қуйи ҳошиялари жуда катта ва қўпол.

Мобил қурилма корпуси шишадан тайёрланган. Қўш сенсорли камера, светодиодли фоточақноқ ва ҳаттоки уларнинг қуйисида жойлашган бармоқ изи сканери ҳам асл нусхадаги каби.

Samsung Galaxy Note 9 клони қора, кўк ҳамда тилла рангдаги корпусларда сотувга чиқарилган. Samsung Galaxy Note 9 ҳам айнан ана шу рангларда ишлаб чиқарилади.

Хитойдаги сохта гаджет ишлаб чиқарувчи компаниялар сифатга у қадар ҳам эътибор бермайдилар: материал ва смартфоннинг йиғилиши сифатсиз, ташқи кўриниш ўхшаш бўлгани билан, сохта девайс техник жиҳатдан анча қолоқ. Мисол учун, сохта телефон аппаратида 4 ядроли MediaTek процессори ҳамда 2 гигабайтли оператив хотира ўрнатилган. Бу аппарат учун Android операцион тизимининг Samsung томонидан ўзлаштирилган прошивкасига ўхшаш тизим ҳам ишлаб чиқарилган.

Айни пайтда Samsung Galaxy Note 9 фаблетининг Хитойдаги "эгизаги" 100 АҚШ доллари баҳосида сотилмоқда. Эслатиб ўтамиз, Samsung Galaxy Note 9 шу йилнинг 9 август куни тақдим қилинади.