Хитойликларнинг бу смартфони AnTuTu рейтингини «портлатди»!

  •   DiMaX
  •  4713
  •  27.07.2020 16:23

Хитойликларнинг бу смартфони AnTuTu рейтингини «портлатди»!

Asus компаниясининг учинчи авлод геймерофони – ROG Phone 3 модели тақдимотидан аввалроқ AnTuTu бенчмаркида рекорд ўрнатган эди. Лекин у билан бир кунда чиққан яна бир флагман – Lenovo компаниясининг Legion Duel (ёки Lenovo Legion) смартфони уни тор-мор этган.

ЎҚИНГ: AnTuTu’нинг янги «қирол»ини «жонли» видеода ишлатиб кўрсатишди!

Айтиш керакки, юқоридаги иккита модел ҳам Qualcomm компанияси яқиндагина тақдим этган флагман – Snapdragon 865+ чипсетига таянган. Samsung компанияси ҳам улар билан бир кунда, айни шу процессор базасида тайёрланган Galaxy Z Flip 5G букламафонини намойиш қилган. Энди эса бу чипсетни ZTE корпорациясига қарашли Nubia компанияси Red Magic 5S русумли ўйинбоп смартфонини тайёрламоқда. Xiaomi эса ўйинбоп маҳсулотларга ихтисослашган брендга мансуб, Snapdragon 865+ чипли Black Shark 3S флагмани тақдимот кунини аллақачон эълон қилган.

Лекин кутилмаганда AnTuTu бенчмаркида «Хитойча Apple»нинг ҳали расман тақдим этилмаган, Xiaomi M2007J1SC модел рақами остидаги смартфон текшириб кўрилгани аниқланди. Бу сервисда шу кунгача кузатилган энг юқори баҳо Legion Duel’га тегишли – 648 871 балл эди, янги Xiaomi флагмани эса уни ҳам анча орқада қолдириб, мисли кўрилмаган 687 422 балл натижа кўрсатган!

Аммо энг қизиғи Xiaomi M2007J1SC смартфонининг самарадорлик натижаси ҳам эмас! Ишонасизми, у олдинги рекордчилар каби энг қудратли Snapdragon 865+ эмас, балки ундан битта олдинги – «оддий» Snapdragon 865 процессори базасида ишлар экан! Афтидан, Xiaomi муҳандислари Qualcomm компаниясининг олдинги флагман чипсетини «сиқиб сувини чиқариш» йўлини топишган.

Янги афсонавий рекорд ўрнатган смартфоннинг бозорга Xiaomi Mi 10 Pro Plus номи билан тақдим этилишини айтишмоқда. Унинг компания ичида қўлланаётган кодли номи эса Mi 10 Pro Super Cup бўлиб, кейинги кунларда Xiaomi раҳбари Лей Цзунь (Lei Jun) бир неча бор унга ишора қилиб гапирган.

Биз аввалроқ ҳаам ёзганимиздек, Xiaomi ушбу модели орқали хитойлик техногигантнинг флагмани – 10 карралик зумли Huawei P40 Pro Plus смартфони билан рақобатлашмоқчи. «Хитойча Apple» мазкур қурилмасини август ойининг биринчи ярмида расман намойиш этилиши кутилмоқда, бу борадаги янгиликларни Terabayt.uz билан бирга кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Дунёдаги энг қудратли ўнта смартфон (AnTuTu глобал рейтинги, 2020 йил июнь)

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!