Хитойликларнинг ўзлари энг кўп қайси смартфонларни олишяпти?

  •   DiMaX
  •  2583
  •  28.10.2020 16:07

Хитойликларнинг ўзлари энг кўп қайси смартфонларни олишяпти?

2020 йилнинг 30 сентябрь ҳолатига кўра, бутун дунёда сотилган смартфонларнинг 40 фоизи Хитойдаги бешта бренд ҳиссасига тўғри келади. Хўш, «Осмон ости салтанати» аҳолисининг ўзи кўпроқ қайси компанияларнинг телефонларини ишлатади?

ЎҚИНГ: Бу компания энг кучли флагманлар рейтингини остин-устун қилиб юборди! (AnTuTu, 2020 йил сентябрь)

CINNO Research маълумотига кўра, Хитой бозорида жорий йилнинг учинчи чорагида смартфонлар бозори пасайиб кетган. Буни коронавирус пандемиясининг давом этаётгани ҳамда аҳолининг харид қобилияти пасайиб кетганлиги билан боғлашмоқда. Якунига етган квартал мобайнида Хитойда 80 миллионтача смртфон сотилган; бу эса 2019 йилнинг шу даврига нисбатан 19 фоизга кам.

Рейтинг етакчиси – Huawei компанияси ҳамда унинг Honor бренди смартфонлари сотуви 28,8 миллионтани ташкил этган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос давридагидан нақ 29% фоизга паст, лекин барибир у Хитой бозорининг 36,3 фоизини эгаллаб, энг кўп смартфон сотган компания бўлиб турибди.

Huawei’нинг кўрсаткичлари унча ёмон эмаслиги уни бошқа смартфонсозлар билан солиштирганда яққолроқ кўринади. Зеро, иккинчи ўриндаги Vivo (ва унинг Iqoo бренди) ўтган чоракда 13,9 миллионта смартфон сотиб, бу бозордан деярли икки карра кам – 17,5 фоизгина улуш олган. Кучли учликни бозордаги 16 фоизлик ҳиссаси билан Oppo якунлаб турибди – мазкур даврда у 12,7 миллионта смартфонини сотишга муваффақ бўлган.

Хитой бозоридаги улуши бўйича тўртинчи ўринда 11,8 миллионта смартфон сотган Xiaomi келмоқда – 14,8 фоиз. Фақат бешинчи ва олтинчи ўринларгина хориж брендларига тегишли: булар – бозорнинг 10,2% қисмини эгаллаган Apple ҳамда 1,2 фоизлик ҳисса билан Samsung компанияларидир.

Юқоридаги диаграммага эътибор берсангиз, бу йилнинг учинчи кварталида фақат иккитагина смартфонсоз кўрсаткичлари ўсган. Яъни, Xiaomi ўтган йилнинг учинчи чорагига нисбатан 26 фоизга, Apple эса 9 фоизга кўпроқ смартфон сотишга муваффақ бўлган.

ЎҚИНГ: Энг оммабоп 10 смартфон (43-ҳафта)

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!