Хизмат кўрсатиш марказларида сизни қандай қилиб лақиллатишади?

Хизмат кўрсатиш марказларида сизни қандай қилиб лақиллатишади?

Кечаю кундуз ёнингиздан ажралмайдиган арзанда смартфонингиз бузилиб қолганидан ёмони йўқ. Тузатиш учун хизмат кўрсатиш марказларини излаб қоласиз. Бахтга қарши, марказларнинг ҳаммаси ҳам холис хизмат кўрсатавермайди. Турли найранглар билан хизмат нархини оширувчилар кўп. Биз қуйида шундай найранглардан бир нечтасига тўхталиб ўтамиз.

Таъмирлаш нархи жуда паст

Қўнғироқ қилиб таъмирлаш нархи билан қизиқсангиз “Биз барчаси учун 10 минг (ёки бошқа бирор белгиланган нарх) оламиз”, деб сизни қизиқтиришга уринишади. Таъмирлаш даргоҳига ташриф буюришингиз билан нархлар тўсатдан сакраб кетади.

Усул оддий: мижозни устахонага чақириб олиш, чунки уларнинг ҳузурида таклиф этилган хизматдан воз кечишингиз қийинроқ-да. Кўз-кўзга тушиб турибди, бунинг устига вақт ва маблағ сарфлаб йўл босиб келгансиз.

Нима қилмоқ керак? Аввало, бир эмас, бир нечта таъмирлаш марказларига сим қоқинг ва хизмат ҳақининг ўртача баҳосини аниқлаб олинг. Иккинчидан, фирибгарликни пайқасангиз, бу даргоҳдан тез жўнаб қолинг.

Сайтдаги хизмат нархлари ҳаётдагига мос келмайди

Таъмирлаш хизматлари сайтларидаги нархномалар ғоят чиройли тарзда берилади. Бу ҳам алдовнинг бир тури бўлиши мумкин.

Tech-Town хизмат кўрсатиш маркази соҳиби ва бош мутахассиси Александр Левченко фикрига қулоқ тутинг-а:

“Сифатли хизмат кўрсатувчининг ишончли аломати шуки, сайт ёки телефонда айтилган хизмат ҳақи эвазига кўплаб ёрдамларни қўлга киритасиз. Яъни, ишлаши, эҳтиёт қисмлари ва хизмат кўрсатиш кафолати”.

Сунъий равишда нарх оширилиши

Хизмат кўрсатиш марказига кирдингиз. Таъмирлаш нархи кўпи билан 25 минг сўм туради. Аммо уста телефонни очиб кўрибоқ ваҳима кўтаради ҳамда “Иш пачава. Камида 100 минг бўлади. Бўлмаса телефондан айрилиб  қоласиз”, дейди.

Мижоз телефондан ажралиш хавфидан чўчиб тушади. Пихини ёрган уста эса мижозга шок услубини қўлламоқда. Айрим соддалар устанинг ёлғонига учиб ҳақи қанча бўлса тўлашга рози бўлади.

Ҳа, уста бузилган қисмини созлаб беради, аммо 25 минг эмас, 100 мингга. Бу эса мижознинг ўз розилиги билан амалга ошади.

Нима қилиш керак? Устадан яна қандай қисмлари бузилганлиги ҳақида тушунтириш талаб қилинг. Бўйин товласа ёки гапни айлантирса, хизматидан воз кечинг. Дастлабки кўриб чиқиш бепул ҳисобланади. Аввал-бошданоқ унинг хизматини рад этиб ҳеч нарса йўқотмайсиз.

Қўшимча таъмирлаш ишларини келишмасдан бажарилиши

Мобиль аппаратни тузатиш – мураккаб юмуш. Микроэлектроникани тушунган бор, тушунмаган бор. Тузатиш жараёнида бошқа нуқсонлари аниқланиб қолгудай бўлса, яхши уста сизни огоҳлантиради ва хизмат ҳақи ўзгаради.

Бошқа уста эса мижозга айтмасдан қўшимча ишларни бажаради ва ҳисоб-китоб вақтида буни эсга солади. Бу яхши уста эмас, чунки мижоз барчасидан бохабар бўлмоғи лозим. Ёмони шундаки, айнан ўша қисмлари тузатилдими-йўқми – текшириб кўра олмайсиз.

Бу ҳолатда нима қилиш лозим? Аввалдан келишилмаган хизматга асло ҳақ тўламанг. Исталган ҳуқуқшунос бу вазиятда сизнинг ёнингизни олади.

“Ҳар бир хизмат кўрсатиш маркази мижоз билан келишган ҳолда иш бажариши керак. Аппарат устида қандай амал бажариш, умуман олганда бажариш зарурми-йўқми – фақат буюртмачи ҳал қилади. Устанинг вазифаси вариантлар таклиф этиш”, дейди Tech-Town хизмат кўрсатиш маркази соҳиби ва бош мутахассиси Александр Левченко.

Келишилган нархнинг сабабсиз ўзгариши

Аллақачон келишилган нархни безбетларча оширадиган усталар ҳам аҳён-аҳёнда учрайди. Телефонни таъмирлаш учун қолдирдингиз. Икки кундан сўнг қўнғироқ бўлади: “Ока, яна фалонча қўшмасангиз бўлмайди”. Изоҳ сўрасангиз талмовсирайди ва турли пуч баҳоналар қилади. Ўйлаб ўтирмасдан бу даргоҳдан телефонингизни тезроқ олиб кетишингиз энг яхши ечим бўлади.

Кафолат мажбуриятидан бўйин товлаш

Таъмирлаш маркази мижозга кафолатли хизматнинг шартлари ва қоидаларини аниқ-равшан тушунтириши лозим. Яъни саналган қоидаларга риоя қилингандагина телефоннинг тегишли қисми хизматига маълум муддат кафолат берилади. Аммо баъзи усталар бу шартни бажармайди.

“Хизмат кўрсатиш маркази кафолат берган аппаратни такрор таъмирлашдан манфаатдор эмас. Агар мажбуриятини ҳаққоний бажарса, бу унинг яхши хизматидан нишонадир”, дейди Александр Левченко.

Дарвоқе, экранини алмаштирибоқ смартфонга бир умрлик кафолат ололмайсиз. Уста ўзи қўйган эҳтиёт қисмгагина кафолат беради.

Нима қилиш керак? Телефонинг тегишли қисми кафолатини ўтамай ишдан чиқса, хизмат кўрсатиш маркази бошқарувчисига ёки катта устага мурожаат қилиш лозим. Марказ билан ёзма шартномаларингизни сақлаб қўйинг, бордию мурожаат натижа бермаса, суд сизга ёрдам беради.

Тўрга тушиб қолмаслик учун нима қилмоқ керак?

Юқорида санаб ўтгилан нохуш ҳолатлар сизни чўчитмасин. Хизмат кўрсатиш марказларидан хавотирланиш керак эмас, фирибгарлар ҳар жойда учрайди. Янги смартфон харид қилгандан кўра тузаттирган арзонга тушиши аниқ.

Тавсияларимиз сўнгида алдоқчиларнинг қармоғига илинмаслигингиз учун Tech-Town хизмат кўрсатиш маркази соҳиби ва бош мутахассиси Александр Левченконинг беш маслаҳатини келтирамиз.

  1. Телефонни созлашга топширишдан олдин барча функцияларини текширинг ва қабул қилиб олган шахс билан биргаликда бир қоғозга ёзиб қўйинг. Эҳтимолий келишмовчиликларда бу сизга ҳам, хизмат кўрсатиш марказига ҳам асқотади.
  2. Таъмирлашга беришдан олин телефонинг барча деталларини аниқлаб олинг.
  3. Бир қанча марказларга қўнғироқ қилиб телефонингизни созлаш ҳақини тахминан аниқлаб олишдан тортинманг.
  4. Агар таъмирлашнинг барча босқичларида нарх ўзгартирилмаса, тайёр бўладиган куни ортга сурилмаса, шунингдек, уста ишнинг бориши ҳақида хабардор қилиб турса бу яхши марказга учраганингиздан далолатдир.
  5. Телефонни хизмат кўрсатиш марказидан қайтариб олаётганда ҳам текшириб олишингиз мақсадга мувофиқдир. Бу фақат сиз учун эмас, марказнинг ўзи учун ҳам керак. Сиз ҳаммаси соз эканлигига амин бўласиз, уста эса бундан бери жавобгарлик сизнинг зиммангизга ўтганлигини қайд қилиб қўяди.

Шу билан бирга хизмат кўрсатиш марказлари сизнинг вақтингиз ва маблағингизни тежашини ёдда тутинг. “Иш жуда осон, асбоб-ускуна бўлса ўзим ҳам эплайман”, қабилида ёндашиш керак эмас. Баъзида таъмирлаш баҳоси жуда баланд туюлади, аммо бунга эҳтиёт қисмларнинг қимматлиги, унинг нархи эса хорижий валюта курсига боғлиқлиги сабаб бўлиши мумкин.

Алоқадор мақола

Телефон сувга тушиб кетса нима қилиш лозим?

Terabayt.uz сайтининг бепул эълонлар каналига қўшилинг.