Хотирани бўшатиш учун иловаларингизни ўчиришга шошилманг!

Хотирани бўшатиш учун иловаларингизни ўчиришга шошилманг!

Жорий йилнинг март ойида Google иловаларни тўлиқ ўчириб юбориш ўрнига уларни архивлаш билан қурилма хотирасининг 60 фоизини бўшатиш имконини берадиган "архивлаш" хусусияти устида ишлаётганини маълум қилган эди. Эндиликда Twitter фойдаланувчиси унинг қандай ишлашини кўрсатиб берди.

Маълум бўлишича, янги функция Google Play Store'га бириктирилган ва у иловани ўчирмоқчи бўлганингизда сизга икки хил йўлни таклиф қилади: ё анъанавий тўлиқ ўчириб юбориш, ё архивлаш. Иловани архивлашни танлашингиздан олдин ушбу танлов билан сиз қанча жой сақлаб қолишингиз мумкинлигини кўрсатилади. Илова архивланганидан кейин эса у "Архивланган"лар категориясига қўшилади.

Масалан, видеода сиз 32 мегабайтли Google News иловаси архивланганидан кейин атиги 1.4МБ га тушиб қолганини кўришингиз мумкин.

Ушбу функциянинг яна бир фойдали томони шундаки, агар архивланган иловани қайта юклаб олсангиз, унга аккаунтингиз билан қайта киришингиз шарт бўлмайди (агар аввал аккаунт билан кирган бўлсангиз), ёхуд архивланган илова билан боғлиқ бўлган маълумотларингиз сақланиб қолади.

Архивланган илова бош экранда булутли юклаб олиш белгиси билан кўриниб туради. Агар унга боссангиз сиз тегишли юклаб олиш саҳифасига ўтасиз ва уни юклаб олсангиз худди аввалгидек, келган жойингиздан давом этиб кетаверасиз.

Афсуски, ушбу хусусият қачон чиқарилиши ҳозирча номаълум.

ЎҚИНГ: Энди Windows компютерингизда ҳам Apple хизматларидан фойдалана оласиз

Хабарларни тез ва осон ўқиш учун Андроид иловамизни сақлаб олинг.