ХТВ ва Sixclouds Ўзбекистонда онлайн таълим платформаларини жорий этиш масалаларини муҳокама этдилар

ХТВ ва Sixclouds Ўзбекистонда онлайн таълим платформаларини жорий этиш масалаларини муҳокама этдилар

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлигида Сингапурнинг Sixclouds компанияси бош директори ва асосчиси Ричард Вун билан учрашув бўлиб ўтди, дея хабар берилмоқда ХТВ сайтида.

Халқ таълими вазирлиги билан учрашув давомида, Sixclouds компанияси вакиллари Сингапур, Малайзия ва Хитойда фойдаланиб келинаётган таълим платформасини тақдим этдилар.

ЎҚИНГ: Халқ таълими вазирлиги: "Facebook'даги пост бўйича жиноий иш очилди"

Sixclouds компаниясининг ривожланиш бўйича бош мутахассиси Бенсон Лек сўзларига кўра, IGNITE онлайн платформаси Сингапур таълим тизими асосида яратилган. Унинг маълумотларига кўра, Сингапур мактаб ўқувчилари PISA ўқувчиларнинг саводхонлиги ва компетенциясини баҳоловчи халқаро дастури (15–16 яшар ўқувчиларнинг математик саводхонлиги, ўқиш ва табиатшунослик соҳасидаги саводхонлигини баҳолаш) ва TIMSS мактабдаги математика ва табиий фанлар соҳасидаги таълим сифатининг халқаро тадқиқотида (4 ва 8-синф ўқувчиларининг математика ва табиий фанлар соҳасидаги саводхонлигини баҳолаш) юқори ўринларни эгалламоқда.

IGNITE платформаси болаларнинг мактабдан ташқари таълимини ташкил этиш учун яратилган ҳамда ҳозирда инглиз тили ва математика ўрганиш дастурларини таклиф этмоқда, – деди Бенсон Лек. Унинг айтишича, бу икки фан болаларнинг келажакдаги муваффақиятга эришишлари учун муҳим фанлардир. Платформадан компьютер ёки мобиль қурилмалардан фойдаланиш мумкин.

ЎҚИНГ: Таълим мақсадлари учун қайси ноутбукни танлаган маъқул?

Платформа доирасида дарслар анимация асосида яратилган бўлиб, қийин мавзуларни ҳам енгил тушунишга имконият яратади.

Sixclouds стартапи вакиллари таъкидлашича, улар яқин кунларда платформа имкониятларини янги ўқув курслари, жумладан дастурлаш бўйича, ва қўшимча хизматларни туширган ҳолда кенгайтириш ниятидалар.

Sixclouds бош директори Ричард Вун Ўзбекистонда ўз компаниясининг офисини очиш ва мамлакатда тижорат лойиҳалари билан бирга таълим платформасини тарғиб қилиш бўйича қарор қабул қилганини айтиб ўтди.

ЎҚИНГ: Мактабларимизда электрон журналлар ва кундаликлар жорий этилади

Учрашув доирасида Халқ таълими вазирлиги ва Sixclouds компанияси вакиллари Ўзбекистон аҳолисига сифатли таълим хизматларини кўрсатиш бўйича, жумладан ахборот технологияларини жорий этган ҳолда, ҳамкорлик истиқболларини муҳокама этдилар.