«Худди Galaxy S10 каби, фақат икки карра арзон»: Nokia X71 тақдим қилинди

  •   DiMaX
  •  3413
  •  02.04.2019 18:25

«Худди Galaxy S10 каби, фақат икки карра арзон»: Nokia X71 тақдим қилинди

HMD Global компанияси бугун Тайванда ўтказган тадбирида иккита смартфонини намойиш этди. Улардан бири аввал тақдим этилган Nokia 9 PureView флагмани бўлса, иккинчиси мутлақо янги – Nokia X71 моделидир.

ЎҚИНГ: Nokia 9 PureView фотофлагмани намойиш қилинди – беш модулли камерага эга илк смартфон!

 Nokia X71 – афсонавий бренднинг худди Samsung флагманларидаги каби «тирқиш»ли экранга эга илк смартфони бўлиши билан бирга, Nokia X туркумининг Хитойдан ташқарида намойиш қилинган биринчи вакили ҳамдир.

Ўрта нархли ушбу қурилма 6,39 дюймлик FHD+ дисплейга эга. Корпус олд юзасининг 93 фоизини қоплаган экраннинг юқори чап бурчагида 16 мегапикселлик селфи-камера учун «тешик» очилган.

Nokia X71 моделининг «электрон юраги» – Snapdragon 660 процессори бўлиб, у 6 гигабайтлик тезкор хотира билан ҳамкорликда ишлайди. Смартфоннинг ички хотираси 128 гигабайтлик, microSD-карта ёрдамида унга яна 256 гигабайтлик жой қўшиш мумкин.

ЎҚИНГ: Nokia смартфонлари жосуслик қилаётган экан – буни ишлаб чиқарувчи ҳам тан олди!

Смартфоннинг шишадан ишланган орқа панелида уч модулли ва Zeiss брендли бош камера тиккасига жойлашган. Унинг асосий сенсори 48 мегапикселлик, иккинчиси 8 МПлик – кенг бурчакли бўлса, учинчи – 5 МПлик датчик тасвир чуқурлигини аниқлашга хизмат қилади. Камеранинг чап томонида фоточақноқ, остида эса бармоқ изи сканери кўзга ташланади.

Nokia X71 смартфони ҳам Android One дастури доирасига кирган бўлиб, Android 9.0 Pie тизими билан чиқарилган. 3500 мА/соатлик батареяси жамланмага киритилган 18 ваттлик тезкор қувватлагичдан заряд олади. Корпусда қулоқчин учун 3.5 миллиметрлик аудиотирқиш ҳам сақланиб қолган.

GSMArena нашрига кўра, Nokia X71 смартфони Тайванда 30 апрелдан, 388 АҚШ долларига тенг нархда савдога қўйилади. Унинг бошқа мамлакатлар бозорларига чиқарилиши ҳақида ҳозирча маълумот йўқ, аммо Terashop.uz интернет-дўконимизда айрим Nokia телефонларини 499 000 сўмдан бошланувчи нархларда харид қилиш мумкин.

ЎҚИНГ: Nokia X5 тавсифи: техник жиҳатлари, хулосалар ва фото

Сайт янгиликларидан доимий хабардор бўлиш учун Телеграм каналимизга қўшилинг!