Худди iPhone'лардагидек: энди Galaxy'ларнинг ҳам орқасига икки-уч марта тегиш билан амаллар бажариш мумкин

Худди iPhone'лардагидек: энди Galaxy'ларнинг ҳам орқасига икки-уч марта тегиш билан амаллар бажариш мумкин

Samsung компанияси ўзининг Galaxy'га худди Apple'нинг iPhone смартфонларида бўлгани каби телефон орқасига тегиниш билан амаллар бажариш хусусиятини қўшмоқда. "Орқага тегиш" деб номланадиган ушбу хусусият Good Lock модулларидан бири – RegiStar иловаси орқали ишлайди.

Янги RegiStar иловаси билан сиз смартфон орқасига тегиниш, смартфонни ёқиш тугмасини босиш ва ушлаб туриш билан амалга ошириладиган функцияларни, шунингдек, Созламалар иловасидаги меню тартибини ҳам ўзгартира оласиз.

Маълум бўлишича, орқага тегиниш функцияси фақат сўнгги моделдаги Galaxy S смартфонлари, ҳамда, Galaxy Z Fold ва Flip букламафонларида ишлайди. Бунда сиз смартфон орқасига икки марта ёки уч марта тегиниш билан қуйидаги функцияларни амалга оширишингиз мумкин:

  • Скриншот олиш
  • Google Assisstant'ни ишга тушириш
  • Бирон иловани қалқиб чиқувчи ойнада ишга тушириш
  • Бирон иловани очиш
  • Билдиришномаларни кўрсатиш
  • Охирги иловаларни кўрсатиш
  • Орқа тугмаси

Смартфон ён тугмасини босиш ва ушлаб туриш билан эса сиз юқоридаги амалларга қўшимча тарзда смартфонингиз чироғини ёқишингиз/ўчиришингиз ёки уни овозсиз қилиб қўйишингиз мумкин.

Қолаверса, RegiStar сизга Созламалар менюси тартибини ўзгартириш имконини ҳам беради. Бунда сиз менюдаги баъзи созламаларни яшириб қўйишингиз мумкин.

RegiStar ҳозир бета версияда бўлиб, уни сиз Galaxy Store'дан юклаб олишингиз мумкин, бироқ бунинг учун смартфонингиз Android 13'га асосланган One UI 5 версиясига эга бўлиши ва орқага тегинишни қўллаб-қувватлаши керак.

ЎҚИНГ: Samsung ўзининг Galaxy смартфонлари учун янги Dropship иловасини чиқарди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!