Хушхабар: iPhone ва iPad’лар учун ҳам тезкор ва тежамкор Facebook Lite чиқди!

  •   DiMaX
  •  273
  •  08.10.2018 12:03

Хушхабар: iPhone ва iPad’лар учун ҳам тезкор ва тежамкор Facebook Lite чиқди!

Баъзи ҳудудларда интернет тезлиги паст бўлиши, аҳолининг аксарияти техник жиҳатдан кучли бўлмаган смартфонлардан фойдаланади. Дастурчилар улар учун айрим иловаларнинг нисбатан «енгил» версияларини тақдим этишган – уларда фақат энг керакли функцияларгина қолдирилган бўлади.

ЎҚИНГ: Ҳамёнбоп ва кучсизроқ смартфонлар учун саккизта «енгил» илова

Шундайлардан бири – Facebook Lite иловаси Android-қурилмалар учун 2015 йилда тақдим этилган ва дастлаб фақат ривожланаётган мамлакатлар аҳолисига мўлжалланган эди. Кейинчалик ушбу дастур бутун дунёдаги фойдаланувчилар, жумладан – АҚШ, Буюк Британия ва бошқа ривожланган мамлакатлар аҳолисига ҳам тақдим этилди.

Орадан уч йил ўтиб, ниҳоят, Facebook Lite иловаси iOS операцион тизимида ишлайдиган қурилмалар учун ҳам ишлаб чиқилди. Ҳажми атиги 5 мегабайтни ташкил этадиган бу илова аккумулятор қувватини ҳамда тизим ресурсларини камроқ сарфлайди. Шунингдек, у интернет-трафикни ҳам тежайди ва ҳатто интернет тезлиги паст бўлса ҳам «оддий» версияга нисбатан тезроқ ишлай олади.

iOS учун ишлаб чиқилган Facebook Lite дастури дастлаб Туркия ҳудудидаги фойдаланувчилар учун тақдим этилди. Яқин орада бошқа ҳудудлардаги iPhone ва iPad’лар эгалари ҳам уни ўрнатиб олишлари мумкин бўлади. Бу борадаги янгиликлардан биринчилар қаторида бохабар бўлиб туриш учун бизни кузатишда давом этинг.

ЎҚИНГ: Facebook Messenger Lite расман тақдим этилди

Сайтимизнинг энг чиройли расмларини Инстаграмдаги саҳифамизда томоша қилинг!